Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447

Нишонга урилган гаплар: Ўлим қанчадан-қанча такаббур одамларнинг бошларини чуқурга, яъни қабрга улоқтирган

27.01.2021   2041   1 min.
Нишонга урилган гаплар: Ўлим қанчадан-қанча такаббур одамларнинг бошларини чуқурга, яъни қабрга улоқтирган

Ўз ваъдасида турмаганда турли-туман важ-карсонлар кўрсатувчи кимса ҳеч қачон мард ва ҳимматли инсон бўлолмайди.

Маҳмуд аз-Замахшарий

***

Кимда икки хислат бўлса, Аллоҳ уни севади:
1. Тақво.
2. Гўзал хулқ.

Кимда икки хислат бўлса, одамлар уни севишади:
1. Саховат.
2. Яхши амалларни кўпайтириш.

Араб ҳикматларидан

***

Зулм – бунёдкорлик ва тараққиётни барбод қилишга чақирувчи жарчидир.

Ибн Халдун

***

 

Донишманд билан қурилган биргина суҳбат бир ойлик мутолаадан афзалдир.

Шарқ ҳикматларидан

***

Сизни тарк этган инсонларни аслида сиз тарк этган бўласиз.

Мен сени жуда яхши биламан дейсизми? Оҳ-ҳо! Сиз авлиё экансизку. Айтингчи, мен кеча нимадан ҳайратландим, бугун нимадан азият чекяпман, нималар менинг дилимни вайрон қилмоқда, қалбимда нималар яширинган..?

Саййид Аброр Умар

***

Яхшилик қил, жаҳон яхшилик олсин,
Яхшилар бошига яхшилик солсин.
Мол-дунё барчадин - сендан ҳам қолур,
Яхшиси мол эмас, яхшилик қолсин.


Абдураҳмон Жомий

 

***

 

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг». 

(Моида сураси, 2-оят)

 

***

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ибодатга дангасаликдан қандай қутулиш мумкин?

25.04.2024   1174   3 min.
Ибодатга дангасаликдан қандай қутулиш мумкин?

Бир кунда беш вақт намозни ўз вақтида адо этинг! Тўғри дастлаб, бир маҳал, кейин икки, уч қилиб кўпайтираётган бўлишингиз мумкин. Бироқ беш маҳал намоз ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб: “Аллоҳ таоло беш маҳал намозни ҳар бир банданинг зиммасига фарз қилганини етказгин”, деб алоҳида таъкидлаганлар.

Демак, бир кунда беш маҳал намоз фарздир. Икки ёки уч маҳал эмас.

Барчамизга яхши маълумки, бирорта эшикни очиш учун албатта калит керак. Худди шунингдек, Жаннатга кириш учун ҳам калит талаб этилади. Агар жаннатга киришни истасангиз сизга калит керак бўлади. Ахир бу дунёда ҳам эшикдан кириш учун калит керак бўляптику.

Ҳар бир калитда ўзининг тишлари бўлади. Тасаввур қилиб кўрингчи, калитингизнинг бир тиши бўлмаса нима бўлади? Истасангиз синаб кўринг, калитингиз тишидан биттасини синдириб, очишга уриниб кўрингчи? Эшик очилармикин? Ваҳоланки, калитда биргина синган тишдан бошқа яна бир қанча бутун тишлар бор.

Яна бир мисол. Айтайлик, бир танишингизга қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз, унинг рақамини терасиз. Бордию биргина рақамни нотўғри терсангиз, сиз яқин одамингиз билан гаплаша олмайсиз, тўғрими?

Демак, Жаннатга тушишни истар экансиз сиз беш маҳал намозни ўз вақтида адо этишингиз керак экан.

Намоз вақти кирганда юмшоқ тўшакингизда ётган ёки аёлингиз билан бирга бозорда бўлсангиз ҳам, бирор иш билан банд ёки фарзандларингиз билан бирга ўйнаётган бўлсангиз ҳам дарҳол ҳаммасини четга суриб, намозни адо этишга киришинг!

Қанчалик кўп ишларингиз бўлмасин, сиз намозни ўз вақтида адо этсангиз Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа ишларингизни осон қилиб қўяди. Лекин афсуски, буни кўпчилик тушунмайди.

Одатда биз ўзимиз учун осон бўлган амалларни қиламиз. Лекин қачонки нафсимизга оғир келадиган ишга дучор бўлсак ўзимизни олиб қочамиз.

Бугунги кунда ўзининг гавдаси, мушаклари билан мақтанадиганларнинг видеолавҳаси жуда кўпайиб кетди. Бунинг сабаби ҳозирги ёшлар мушакларини ишириб олишга жуда қизиқадилар. Ўзларини бошқалардан кучли деб ҳисоблайдилар. Лекин аслида ҳақиқий кучли инсон ким? Мушаклари бақувватми? Йўқ, асло ундай эмас. Бомдод намозига туриш учун устидаги кўрпасини кўтара олган ҳақиқий кучли одамдир. Агар ўзингизни кучли деб билсангиз, бомдодга туришда синаб кўринг.

Азиз ота-оналар фарзандларимиздан бирор нарсани талаб қилишда аввало ўзимиз ўрнак бўлайлик. Токи ёшлар бир қўлида оғир тошни кўтарадиган одам кучли инсон эмас, балик, таҳажжуд ва бомдод намозларини турадиган одам ҳақиқий кучли одам эканини яхшилаб англаб етсинлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар” (Сажда сураси, 16-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда кучли мўминлар ҳақида хабар қилади. Улар тунларни ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар, кечалари Роббул аъламийндан қўрқиб, Унинг раҳматидан умидвор ҳолда бедор бўладилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай гўзал хулқлар билан сифатланган бандаларидан қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

 

Мақолалар