وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ في بَيت مِنْ بُيُوتِ اللهِ تَعَالَى ، يَتْلُونَ كِتَابَ اللهِ ، وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ إلاَّ نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ وَغَشِيتْهُمُ الرَّحْمَةُ وَحَفَّتْهُمُ المَلاَئِكَةُ وَذَكَرَهُمُ الله فِيمَنْ عِندَهُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).
دعوةُ المرءِ المُسْلِمِ لأخِيهِ بِظَهْرِ الغَيْبِ مستجابةٌ، عِنْدَ رأسهِ مَلَكٌ موكلٌ، كُلما دَعا لأخِيهِ بخيرٍ، قالَ المَلَكُ الموكلُ بِهِ: آمِينَ، وَلَكَ بمثلٍ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир мусулмон биродари ҳақига дуо қилса, фаришталар унга: “Сенга ҳам шу бўлсин, омин!” деб туришади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
مَا مِنْ مُسْلِم يَعُودُ مُسْلِماً غُدْوة إِلاَّ صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ ألْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُمْسِي وَإنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلاَّ صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ ألْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُصْبحَ وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ في الْجَنَّةِ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмон бошқа бир бетоб мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечқурунгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурун касални кўрса, албатта унга 70 минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади” (Имом Термизий ривояти).
إنّ الله وملائِكتَهُ يُصَلُّونَ على الصَّفِّ الأَوَّلِ
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ва унинг фаришталари биринчи сафдагиларга салавот айтади”, дедилар (Имом Можа, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти).
إِنَّ لِلَّهِ مَلاَئِكَةً يَطُوفُونَ فِي الطُّرُقِ يَلْتَمِسُونَ أَهْلَ الذِّكْرِ، فَإِذَا وَجَدُوا قَوْمًا يَذْكُرُونَ اللَّهَ تَنَادَوْا: هَلُمُّوا إِلَى حَاجَتِكُمْ قَالَ: فَيَحُفُّونَهُمْ بِأَجْنِحَتِهِمْ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳнинг бир тоифа фаришталари бор. Улар йўлларда айланиб зикр қилувчилар (аҳли зикр)ни излаб юрадилар. Қачон улар Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топсалар “ўзингиз истаган нарсага келинглар” деб нидо қиладилар. Бас, уларни қанотлари билан ўраб олиб, дунё осмони баробар бўлиб турадилар» (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД