Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили Ўзбекистоннинг туризмни болаликдан бошлашга доир ташаббусини юқори баҳолаб, ушбу ташаббусни бутун дунё мамлакатлари мактабларида алоҳида фан сифатида киритиш ва соҳага оид дарслик яратишга туртки бўлишини таъкидлади.
Пололикашвили бу ҳақида Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг Испанияга ташрифи доирасида ўтган учрашувда маълум қилган. Азиз Абдуҳакимов БТТ Бош котибига бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси, айниқса, ёшлар ўртасида туризм маданиятини шакллантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. “Ўзбекистонда ёшлар орасида соҳага қизиқиш уйғотиш мақсадида мамлакат бўйлаб умумтаълим мактабларида жойлашга мўлжалланган туристик харита яратилди. Шу билан бирга, болаликдан саёҳат маданиятини шакллантиришга ёрдам берувчи "Ёш сайёҳ" қўлланмалари ишлаб чиқилди. Мактабларда ўқув дастурига "Туризм соати" киритилмоқда”, - деди Бош вазир ўринбосари. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган бу каби амалий ишлар UNWTO Бош котибида катта қизиқиш уйғотди.
"Туризмни ривожлантиришни болалардан бошлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси UNWTO ҳамкорлигида бутун дунё мамлакатларининг бошланғич мактаблари учун алоҳида фан жорий қилиш ва дарслик яратишга туртки бўлади. Бу фанни Осиёда илк бор Ўзбекистон мактабларида синовдан ўтказишни таклиф қиламан", - деди Пололикашвили.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун, 20 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг бир қудсий ҳадис шарҳига бағишланган “Эй бандаларим...” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Анъанага кўра Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Тошкент ислом институти ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун Ғофуров, институтнинг “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири Соатмурод Примов, шунингдек, бошқа ўқитувчи ва талабалар иштирок этишди.
Тақдимотда эътироф этилганидек, мазкур салмоқли асар динимизнинг кўпгина асослари, ҳукмлари, одоблари, қалб иши билан боғлиқ нозик нукталарни қамраб олган.
Китоб номига асос бўлган “Эй бандаларим...” деб бошланувчи узун ҳадисда Аллоҳ таоло бандаларига бир неча марта хитоб қилиб, зулмдан, залолатдан узоқ бўлишга чорлайди. Ҳар нафасда Ўзига муҳтож эканимизни эслатади. “Эй бандаларим! Булар сизнинг амалларингиз. Мен уларни ҳисоблаб қўяман...” дея бизни огоҳ этади.
Қалб Худонинг назаргоҳи экан, китобда келтирилган мана бу парча ҳар бир ўқувчининг ўз қалбини юмшатиб, поклаб туришида дастур вазифасини ўтайди:
Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ "Сойдул хотир" китобида айтади: “Билдимки, агар рақоиқ (қалбни юмшатувчи сўзлар) ва салафи солиҳлар ҳаётларига назар солиш аралашмаса, фиқҳ ва ҳадис эшитиш билан шуғулланишнинг ўзи қалбни ислоҳ қилишда етарли бўлмайди. Фақат ҳалол ва ҳаромни билишнинг ўзи қалбни юмшатишда катта таъсирга эга эмас, балки рақоиқ ҳадислар ва салафи солиҳларнинг қиссаларини зикр этиш қалбни юмшатади”.
Сўзга чиққанлар асарнинг ана шундай муҳим масалаларни эслатиши билан ҳам аҳамиятли эканини таъкидлашди. Якунда китоб юртимиз мўмин-мусулмонлари учун манфаатларга бой бўлишини тилаб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати