Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июл, 2026   |   2 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:23
Қуёш
04:58
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:58
Хуфтон
21:31
Bismillah
16 Июл, 2026, 2 Сафар, 1448

“Ҳижрат” тушунчасини сохталаштираётганлардан эҳтиёт бўлайлик!

21.01.2021   2966   11 min.
“Ҳижрат” тушунчасини сохталаштираётганлардан эҳтиёт бўлайлик!

Бугунги кунда мусулмон уммати орасига фитна тарқатмоқчи бўлган сиёсий кучлар айрим қўғирчоқ кимсалар орқали Қуръони карим оятлари ва ҳадисларнинг маъноларини сохталаштириб, ёшларни ўз оиласи, киндик қони тўкилган юртини тарк этишни тарғиб қилишга қаратилган фаолиятларини авж олдирмоқдалар.

Ҳатто, ижтимоий тармоқларда “Абдуллоҳ Зуфар” номи билан танилган шахс ўз маърузасида мусулмон фақат юртини ташлаб чиқиб кетса имонли, “ҳижрат” қилмаган киши эса кофир бўлади дейиш даражасига борди.

Афсуски, ислом таълимотига муҳаббати ортиб бораётган, бироқ дунёда кечаётган мураккаб сиёсий жараёнлардан бехабар, ҳаётий тажрибага эга бўлмаган айрим ёшларимиз ижтимоий тармоқларда юқоридаги каби ватанфурушлар тарқаётган видеолавҳа ва маърузаларни таъсирида оиласи, яқинлари ва Ватанидан воз кечиб, қонли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Афғонистон каби мамлакатларга чиқиб кетишга қаратилган ҳаракатларни содир этмоқдалар.

Таъкидлаш жоизки, дунёнинг етук ислом уламолари “ҳижрат” тушунчасига ўта хассослик ва эҳтиёткорлик билан ёндашишлик зарур экани, мусулмонларнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига фожиа олиб келадиган бузғунчи даъватлардан эҳтиёт бўлиш зарур эканини таъкидлаб келмоқдалар.

Ислом таълимотида ҳижрат (араб. – ажраш) тушунчаси остида мусулмонларнинг Ҳабашистонга, кейинчалик Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида Макка шаҳрини тарк этиб, Мадина шаҳрига борганликлари назарда тутилади.

Ўша даврда мусулмонларнинг яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кўчиб кетишлари мажбуран бўлиб, уларнинг жони, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан жисмоний ва бошқа шаклдаги тажовуз ўта кучайганлиги сабаб бўлган. Қуръони каримнинг “Нисо” (97 ва 100-оятлар), “Анфол” (74-оят), “Наҳл” (41 ва 110-оятлар) сураларида исломга нисбатан қарши турган маккаликлар томонидан мусулмонларни эътиқодларидан воз кечтириш мақсадида зўрликлар ишлатилгани баён қилиниб, динлари ва ҳаётларини сақлаш мақсадида тинч ва осойишта жойга кўчиш буюрилгани таъкидланади.

Ислом уламолари ҳижратни икки турга: маконий кўчиш ва гуноҳларни тарк этиш кабиларга ажратадилар.

Абу Усмон Мужошиъ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда айтилади: “.... Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ...”, дедилар” (Имом Бухорий, 3078-3079-ҳадислар). Имом Санъоий ўзининг машҳур “Субулус-Салом” китобида ушбу ҳадисни келтириб, “бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларни насх қилувчидир”, деб таъкидлаган.

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа ҳадисда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”, дейилади. Уламоларни ҳадисни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса, “Умму Анас разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат қилишни сўрайдилар. Шунда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”, дейилган (Табароний, 6735-ҳадис).

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотдан кейин ислом давлатини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашларига эътироз билдирмаганлар.

Шу билан бирга, ўрта асрларда хорижийлар, азрақийлар каби ўзларини ислом ислоҳчилари деб эътироф қилувчи мутаассиб гуруҳлар тарафдорларининг улар турган қароргоҳга кўчиб келишларини ҳижрат деб даъво қилганлар.

Бугунги кунда дин ниқобидаги терорчилик ташкилотларнинг ёлловчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангари тайёрловчи марказларга жўнатиш мақсадида дунёвий давлат ва жамиятни динсизликда айблаб, гўёки ҳижратга чиқиш фарз амал экани, бунинг учун ҳеч кимдан, ҳатто, ота-онанинг рухсатини олиш керак эмас, деган сохта тушунчаларни диндор ёшларга сингдиришга ҳаракат қилиб келмоқдалар.

Ақидапарастлар ҳижрат масаласида Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 97-оятини далил қилади: “Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: “Нима қилаётган эдинглар?” – дерлар. Улар: “Ер юзида бечора эдик”, дерлар. “Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?” – дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!”.

Ваҳоланки, уламолар мазкур оят аввал исломни қабул қилиб, Маккада яшаб келган бўлсада, Бадр жангида (624 й.)  маккаликлар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этганлар ҳақида нозил бўлганини таъкидлайдилар. 

Жумладан, Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мусулмонлардан бўлган баъзи кишилар мушриклар билан бирга яшар эдилар. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга қарши турган мушрикларнинг сонини кўпайишига сабабчи бўлардилар. (Бадр уриши куни) ўқ тегиши ёки қилич билан зарба урилиши сабабидан ўлдирилдилар. Шунда Аллоҳ “Албатта, ўзларига (ҳижратдан бош тортиб) зулм қилувчиларнинг жонини олган фаришталар (уларга): “Қайси ҳолда бўлдингиз?” – десалар, улар: «Ер юзида бечораҳол эдик», – деб айтадилар. (Фаришталар): “Аллоҳнинг ери унда ҳижрат қилишларинг учун (етарлича) кенг эмасмиди?” – дейдилар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар нохуш жой у!” оятини нозил қилди” (Имом Бухорий, 4596-ҳадис).

Аллома Ибн Табарий “Жомиул баён фи таъвилил Қуръон” асарида қуйидагиларни ёзган: “Ушбу икки оят ва ундан кейинги оят (“Нисо” сураси, 98-100) оятлар Макка аҳлидан бўлган кишилар ҳақида нозил бўлган. Улар мусулмон бўлиб, Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтиргандилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилганларида У Зот билан бирга ҳижрат қилмагандилар. Улардан баъзилари фитнага учраб, фитналандилар. Улар урушда мушриклар билан бирга ва мусулмонларга қарши бўлдилар. Уларнинг узрини Аллоҳ таоло қабул қилмади”.  

Шунингдек, уламоларнинг фикрига кўра, юқоридаги оят зажр, яъни қўрқитиш маъносидаги матн бўлиб, бундай матнлардан хулоса қилиш учун асл ҳукмларга қайтилади. Яъни асл ҳукм бўйича мусулмонлар ҳеч қачон дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.

Ватанни сотиш, ўз юрти ва ватандошларига зарар етказиш, ота-онани норози қилиб “оқ” бўлиш эса ислом таълимотида оғир гуноҳ ҳисобланади.

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар.

Имом Бухорийнинг “Адаб ал-муфрад” асарида келтирилган ҳадисда “Ота-оналарини тирик вақтида рози қилмаган фарзанд хор бўлсин, хор бўлсин ва яна хор бўлсин”, дейилган.

Шунингдек, ақидапарастларнинг гўёки “ҳижрат” қилмаганлар мўмин-мусулмонликдан чиқиши ҳақидаги даъволарига раддия сифатида марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан Қуръони каримнинг “Анфол” сураси, 72-оятига берилган шарҳини келтириш мумкин. Оятда: “Албатта, имон келтирган, ҳижрат қилган, моллари ва жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб ёрдам кўрсатганлар, айнан ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Имон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат сиз билан ўрталарида аҳднома бор, қавм зиддига эмас. Аллоҳ нималар қилаётганингизни кўрувчи зотдир” дейилган. Ушбу оятда Аллоҳ мўминларнинг бир неча синфларини зикр қилмоқда: ҳижрат қилганлар, ёрдам берганлар, иймон келтирган, лекин ҳижрат қилмаганлар. Буларнинг барчаси мўминлар деб аталмоқда.

Масаланинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, гўёки “ҳижрат” учун Сурия каби мамлакатларга бораётганлар яхшилик билан шуғулланаётгани йўқ. Аксинча, ўша ерда уларга қўшилмаганларни “кофир” деб эълон қилиб, уйларини тортиб олиб, ўзларини ўлдириб юбормоқдалар, аёллар ва болаларга зулм қилмоқдалар. Бундай фитналар, гуноҳи кабира ишларга қўл ургандан кўра ўз юртида тинчликда, эмин-эркинликда фарз амалларни, ибодатларни бажариб, ҳалол меҳнат билан оиласини боқиб юрганлари афзал эмасми? Шу сабабли исломда фитна даврида унга аралашмай ибодатда бўлганларга катта инъомлар ваъда қилинган. Жумладан ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ҳараж – фитна пайтида қилинган ибодат, менга ҳижрат қилиш кабидир” (Имом Муслим, 2948-ҳадис).

Юқоридаги далиллардан мусулмонлар учун барча шароитлар яратилган, исломнинг бешта аркони эмин-эркин бажариб келинаётган Ўзбекистон каби мамлакатдан ҳижрат қилинмаслиги ҳақидаги қатъий хулоса чиқади.

Шу билан бирга, ноқонуний йўллар орқали хорижий давлатларга чиқиб кетиш ва экстремистик гуруҳлар ва террорчилик ташкилотлари таркибида фаолият юритиш Ўзбекистондаги амал қилинаётган қонунларга кўра жиноят ҳисобланиб, бундай ҳаракатларни содир этган шахсга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилишини қайд этиш лозим.

Хулоса шуки, ғараз мақсадлар яширинган ахборот манбаларидан турли маълумотлар, даъватлар тарқатилаётган бугунги таҳликали замонда мусулмон ёшларимиз кимнинг авлодлари эканлигини ёдда сақлаб, тафаккур қилишлари, муқаддас динимизда “ҳижрат” каби нозик масалаларда ўз юртига хоинлик қилган кимсалардан ёки насл-насаби, диний билими номаълум бўлган “Интернет муллалари”дан эмас, балки халқимизнинг оғир ва енгил кунларида биргаликда ҳамнафас бўлиб яшаб, юртимиздаги масжид-мадрасаларда хизмат қилиб келаётган имом-домлаларимиздан, аҳли илмларимиздан насиҳат олишлари, уларнинг китобларидан ўқиб-ўрганишлари лозим. Шу тариқа, дўст киму, душман кимлигини ажратиб, ғанимлар фитнасига учмасдан, юртимизнинг тинчлигини ҳамда фарзандларимизнинг келажагини асраб-авайлаймиз.

Ўткир Ҳасанбаев,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Манбалар:

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий: Ал-жомиъ ас-саҳиҳ (Ишонарли тўплам). 2 китоб. 1-китоб. 10, 3078-3079-ҳадислар. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008. – 12, 537 б.
  2. Имом Бухорий. Адаб ал-муфрад. – Байрут: Дорул башаир ал-Исламийя, 1989. Учинчи нашр. –21 б.
  3. Саҳиҳул Бухорий. Дору тавқин нажот нашриёти,. 1-нашр. Ҳижрий 1422 й. 6-жуз, 4596-ҳадис. – 48 б.
  4. Ибн Жарир Табарий. “Жомиул баён фи таъвилил Қуръон” – Байрут: Муассасатур рисала, 2000. 9-жуз. - 102 б.
  5. Табароний. Ал-Муъжам ал-авсат. – Қоҳира: Дорул ҳарамайн нашриёти. Ҳижрий 1415 йил (мил.1994 й). 7-жуз, 6735-ҳадис. - 21 б.
  6. Имом Муслим. Саҳиҳи Муслим. – Байрут: Дору иҳё ат-туросул арабий. 4-жуз. 2948-ҳадис. – 2268 б.
  7. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Васатия – ҳаёт йўли. – Т.: “Hilol-Nashr”, 2019. – 262 б.
  8. Ислом маърифати: аслият ва талқин./Ўқув қўлланма/. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2011. – 63-67 б.
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ташқи ишлар вазири: «Ўзбекистон тарихи унинг келажак тараққиётининг энг катта таянчидир»

16.07.2026   2693   4 min.
Иордания ташқи ишлар вазири: «Ўзбекистон тарихи унинг келажак тараққиётининг энг катта таянчидир»

Яқин Шарқ ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазирининг ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафадийнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи икки мамлакат ўртасида сўнгги йилларда жадал ривожланаётган сиёсий мулоқот, маданий дипломатия ва иқтисодий ҳамкорликнинг амалий давомидир. Ташриф давомида тарихий мерос, цивилизациялар мулоқоти ва замонавий тараққиёт концепцияларини уйғунлаштирган Марказ экспозициялари билан танишган делегация Ўзбекистоннинг бой цивилизацион мероси бугунги ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик стратегиясининг муҳим қисмига айланаётганини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазирининг ўринбосари, Ташқи ишлар ва хориждаги ватандошлар вазири Айман ас-Сафадий бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Делегация аъзолари Марказ музейи экспозициялари билан таништирилиб, унинг концепцияси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Меҳмонларда энг катта қизиқиш уйғотган экспозициялардан бири Буюк Ипак йўлига бағишланган бўлим бўлди. Қадимги савдо йўллари хариталари, Шарқ ва Ғарбни боғлаган карвон йўллари, цивилизациялар ўртасидаги иқтисодий, илмий ва маданий алмашинув жараёнларини акс эттирувчи экспозициялар юзасидан делегация аъзолари мутахассисларга кўплаб саволлар билан мурожаат қилди.

Амир Темур ва Темурийлар даврига бағишланган бўлим ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, машҳур хаттот Умар Ақто томонидан кўчирилган улкан Қуръон қўлёзмаси, Бибихоним тарихи ҳамда Темурийлар даврининг юксак маданий муҳитини акс эттирувчи экспонатлар алоҳида эътибор марказида бўлди.

Делегация, шунингдек, Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори экспозициясида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги замонавий ташқи сиёсати ва глобал ҳамкорликларига бағишланган интерактив харитага ҳам алоҳида эътибор қаратди. Турли давлатлар билан шаклланган стратегик шериклик ва дипломатик муносабатларни акс эттирувчи рақамли экспозициялар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори экспозициясида ташкил этилган спорт бўлими эса ташрифнинг энг самимий лаҳзаларидан бирига айланди. Ўзбекистон спортчиларининг Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида қўлга киритган ютуқлари ҳақидаги маълумотлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Суҳбат давомида спортнинг халқлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим восита экани алоҳида қайд этилди.

Айман ас-Сафадий, Иордания ташқи ишлар вазири:

– Ўтган йили Жаноби Олийлари Қирол Абдуллоҳ II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга амалга оширган тарихий давлат ташрифидан сўнг бу ерга келиш мен учун алоҳида мамнуниятдир. Ўша ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиққан муҳим воқеа бўлди. Бизни қардошлик ришталари, муштарак тарих ва ўзаро ишонч бирлаштириб туради. Бугун эса ушбу ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида изчил иш олиб боряпмиз.

Бугунги Ўзбекистон кенг қамровли ислоҳотлар ва жадал тараққиёт босқичини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу тараққиётнинг маънавий асосларини мустаҳкамлайдиган, миллий меросни илмий асосда сақлаш ва уни халқаро ҳамжамиятга тақдим этишга хизмат қиладиган муҳим муассасадир.

Бой тарихни келажак тараққиёти билан боғлай олган бундай маскан ҳар қандай халқ учун бебаҳо бойликдир. Ишонаманки, ана шу мустаҳкам тарихий пойдевор Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётига ҳам хизмат қилади.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун аниқ мақсад ва равшан истиқболга эгамиз. Олдимизда ҳали фойдаланилмаган улкан имкониятлар мавжуд. Жорий йил якунида Ўзбекистон Президентининг Аммон шаҳрига ташрифини катта мамнуният билан кутмоқдамиз. Ишончим комилки, бу учрашув стратегик шериклигимизни янада мустаҳкамлаб, икки давлат ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлайди, — деди Иордания ташқи ишлар вазири.

Ташриф якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов делегация аъзоларига Марказнинг эсдалик совғаларини топширди.

Шунингдек, Айман ас-Сафадий Марказнинг «Фахрий меҳмонлар» китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди. Ушбу қайд Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги тарихий дўстлик, умумий маънавий қадриятлар ҳамда стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган умумий интилишларнинг рамзий ифодаси бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари