بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ
ТИЛ ОФАТЛАРИ
(ғийбат, бўҳтон ва ёлғон ҳақида)
Муҳтарам азизлар! Маълумки, тил инсоннинг энг мукаррам, шу билан бирга, энг хатарли аъзоси ҳамдир. Агар инсон уни яхшиликка ишлатса, улкан ажр-мукофотларга эга бўлади, бордию ёмонликка ишлатса, уни ортидан маломатга қолиши тайин. Инсонни абадий саодатга эришиб, жаннатга кириши ёки бахтсиз бўлиб, дўзахга киришининг ҳам асосий сабабчиси – тилидир. Сўзнинг аҳамияти шунчалик муҳимки, инсон биргина сўзи билан мусулмон бўлиши ёки диндан чиқиши, инсонлар ўртасини ислоҳ қилиши ёки бузиши мумкин. Аллоҳ таоло тилни ёмонликлардан сақлаб, тўғри сўз бўлишга тарғиб қилиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ
وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا
яъни: “Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб сураси 70-71 оятлар).
Ақлли одам гапиришдан олдин айтадиган сўзини яхшилаб ўйлаб, текшириб, кейин сўзлайди. Агар инсоннинг тили тўғрисўз ва тарбияланган бўлса, бошқа аъзолар ҳам соғ-омон ва хотиржам бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
﴿إِذَا أَصْبح ابْنُ آدَمَ، فَإنَّ الأعْضَاءَ كُلَّهَا تُكَفِّرُ اللِّسانَ، تَقُولُ: اتِّقِ اللَّه فينَا، فَإنَّما نحنُ بِكَ: فَإنِ اسْتَقَمْتَ اسَتقَمْنا وإنِ اعْوججت اعْوَججْنَا﴾ (رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه)
яъни: “Одам боласи тонг оттирганда, тана аъзоларининг ҳаммаси тилга танбеҳ бериб: “Бизнинг тўғримизда Аллоҳдан қўрқ! Биз (нима аҳволга тушсак ҳам), сен сабабли (тушамиз). Агар тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз” дейишади” (Имом Термизий ривоятлари).
Дарҳақиқат, тилни сақлаш – нақадар гўзал амал! Инсон тилини сақласа, ҳалок бўлмайди. Солиҳлардан бири шундай деган: “Гап ҳам дорига ўхшайди. Агар уни меъёрида ичсанг, фойда беради. Агар уни кўпайтирсанг, ўлдиради”.
Азизлар! Агар киши тилига эрк бериб, ўйламасдан гапирадиган бўлса, тили орқали энг катта гуноҳ бўлган ғийбат, бўҳтон, ёлғон гапириш, чақимчилик ва бошқа ишларга мубтало бўлиши аниқ.
Ғийбат ва бўҳтон. Ғийбат ҳам тил офатларининг каттаси бўлиб, ҳозирги кунда бу катта гуноҳ билан кўпчилик мубтало бўлгандир. Ғийбат – бир кишини йўқлигида унга ёқмайдиган гап (сифат) билан ёдга олишдир. Ғийбат – ислом шариатида қатъий ҳаром қилинган амалдир. Ислом уммати ғийбат ва чақимчиликни ҳаром деб ижмоъ қилган. Ғийбат ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ
яъни: “Бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз!” (Ҳужурот сураси 12-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ғийбатдан қайтариб, уни ўлакса гўштини ейишга ўхшатмоқда. Табиийки, инсон ўлаксадан жирканади. Шундай экан, бошқаларни ғийбат қилиб, обрўсини тўкишдан ҳам мусулмон киши худди ўлакса гўштидан жиркангандек жирканиши лозим.
Ғийбатнинг таърифи ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
﴿"أَتَدْرُونَ مَا الْغِيبَةُ؟" قَالُوا: اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: "ذِكْرُكَ أَخَاكَ بِمَا يَكْرَهُ" قِيلَ أَفَرَأَيْتَ إِنْ كَانَ فِي أَخِي مَا أَقُولُ؟ قَالَ: "إِنْ كَانَ فِيهِ مَا تَقُولُ، فَقَدِ اغْتَبْتَهُ، وَإِنْ لَمْ يَكُنْ فِيهِ فَقَدْ بَهَتَّهُ"﴾ (رواه الْاِمَامُ مسلم عن ابى هريرة رضي الله عنه).
яъни: “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” – дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат – бир биродарингизни орқасидан ўзи эшитса ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингиздир”, – дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?” – деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Унда бор айбни айтган бўлсангиз, ғийбат қилган бўласиз. Агар сиз айтган сифат унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласиз”, – деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки ғийбат бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўхтон бўлгани учун, гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
Қиёмат куни ғийбатчини аҳволи оғир бўлади. Бу ҳақда Абу Умома ал-Боҳилий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кишига савоблари ёзилган китоби очиқ ҳолда берилади. У: “Эй Раббим, фалон-фалон савобли ишларим қани, саҳифамда йўқ-ку?” – дейди. Шунда унга: “Одамларни ғийбат қилганинг туфайли уларни ўчириб, ғийбат қилинганларнинг амал дафтарларига ёзиб қўйдим” – дейди” (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Демак, ғийбатчи Қиёмат куни савобли амалларидан маҳрум бўлиб, ғийбат қилинган кишиларнинг гуноҳлари ғийбатчининг устига юкланар экан.
Шуни унутмаслик керакки, инсонларни, айниқса уламоларни ёмонотлиқ қилиб, ғийбат қилиш, улар ҳақида бўҳтон сўзларни айтиш, ҳар хил ҳақоратли расмларни ишлаш бу катта гуноҳ ва динимизнинг илдизига болта уриш ҳисобланади. Чунки халқ олиму уламодан дину диёнат, сабр-тоқат ва қаноат, қолаверса, одоб-ахлоқни ўрганади. Уларни халққа ёмон кўрсатиш – Аллоҳнинг динига душманликдан бошқа нарса эмас!
Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, кўпчиликка зарари етадиган фирибгар, товламачи ва гуноҳ ишларни ошкора қилиб юрадиган кимсалар ҳақида одамларни огоҳлантириш учун гапиришга рухсат берилган. Сабаби, одамлар уларнинг зарарларидан огоҳ бўлсин ва уларга эргашмасинлар. Бу ҳақда Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
﴿مَنْ أَلْقَى جِلْبَابَ الْحَيَاءِ فَلا غِيبَةَ لَهُ﴾ (رَوَاهُ الْاِمَامُ ابن ماجه عن أبي سلمة بن عبدالرحمن رضي الله عنه).
яъни: “Ким ҳаё ёпинчиғини улоқтирган бўлса, уни гапириш ғийбат ҳисобланмайди” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бидъат аҳлини гапириш – ғийбат эмас” (“Шарҳу усули аҳли сунна вал-жамоа” китоби).
Демак, кўпчиликни тўғри йўлдан оздираётган кимсаларни ҳаммага ошкор қилиб, одамларни ундан сақланишга даъват қилиш ғийбат ҳисобланмайди.
Қолаверса, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали бемазҳаблик ва аҳли сунна вал жамоа эътиқодидан бошқа нотўғри эътиқодларга кўпчиликни жалб қилаётган кимсаларнинг зикр қилиб, улардан бошқаларни огоҳлантириш ва уларнинг ботил фатволарига алданмасликка чақириш асло ғийбат бўлмайди.
Ёлғон. Маълумки, ёлғон гапириш динимизда оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Афсуски, ҳозирги кунда ёлғон сўзлаш оддий бир ҳолга айланиб қолганлигига кўп ҳолларда гувоҳ бўлмоқдамиз. Аллоҳ таоло ёлғон гапни кимлар гапиришини баён қилиб шундай марҳамат қилган:
إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ بِآيَاتِ اللّهِ وَأُوْلـئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ
яъни: “Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир” (Наҳл сураси 105-оят).
Ёлғон сўзлаш ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
﴿إذَا كَذَبَ الْعَبْدُ، تَبَاعَدَ الْمَلَكُ عَنْهُ مِيْلاً مِنْ نَتْنِ مَا جَاءَ بِهِ﴾ (رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن ابن عمر رضي الله عنهما)
яъни: “Қачонки киши ёлғон гапирса, фаришта у гапнинг сассиқлиги сабаб бандадан бир мил масофага узоқлашади”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).
Тасаввур қилинг, кишини муҳофаза қилиб турадиган, ундан ҳеч ажралмайдиган фаришталар ёлғончидан узоқлашар эканлар. Бошқача қилиб айтганда, ёлғончининг фариштаси бўлмайди.
Ростгўй инсон жаннатга кириши ва у Аллоҳ таоло ҳузурида “сиддиқ” деган мақом билан сифатланишини эшитган ҳар бир мусулмон, шубҳасиз, ростгўй бўлишга интилади. Ҳамма ростгўй бўлса, жамият ҳаёти ижобий томонга ўзгаради. Уламоларимиз: “Ростгўйлик – дилингдаги ҳақиқатни тилингга чиқаришингдир”, дейишган. Демак, ибодатда, инсонлар билан муомалада, олди-сотди, никоҳ ва бошқа масалаларда кишининг дили билан тили бир бўлиши лозим.
Муҳтарам жамоат! Бугунги кунимизда энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири – ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни асоссиз равишда урчитиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Масалан, куни-кеча ижтимоий тармоқларда: “2021 йилда Рамазон ойи 12 апрелдан бошланади. Буни иложи борича ҳаммага тарқатинг! Пайғамбаримиз айтганлар: “Ким бир инсонга Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатса, дўзах олови ўша инсон учун ҳаром қилинади” деган мазмундаги гапни ҳадис деб тарқатилди. Ваҳоланки, бундай мазмунда ҳадис йўқ! Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга тўқилган уйдирмалардан биридир.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга ёлғонни билиб туриб тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин” – дейилган. Уламоларимиз тўқима ҳадисларни айтиш ва тарқатишдан қаттиқ қайтарганлар.
Шундай экан, бундай ёлғон хабарлар, тўқима ривоятларни тарқатиб юрганлар тавба қилишсин ва оддий-асоссиз гапларни “ҳадис” деб тарқатишни тўхтатишсин!
Яна бир ёлғон хабар: ўтган ҳафта Сирдарё вилоятининг бир қатор туманларида Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган “Баҳри тожик” (Қайроққум) сув омборида тўғон бузилгани ва сув тошқини келаётгани ҳақида ваҳима ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу ёлғон маълумотдан ташвишланган баъзи кишилар уйларидан узоқроққа кетиш учун ҳаракатга тушган бўлса, яна бир қисми ярим тунгача кўчада ўтирган.
Азизлар! Шуни таъкидлаш керакки, ҳар бир соҳанинг ўз масъул ва мутасаддилари бор. Улар ўз соҳасига тегишли ишлар билан доимий машғул. Шундай экан, қаердан бир хабар келиб қолса, унга ишониб кетавермасдан, хабарни аниқлаштириш учун соҳа мутахассисларига мурожаат қилиш лозим.
Шуни унутмаслик керакки, одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадиси шариф ҳам яққол далил ҳисобланади:
﴿كَفَى بِالْمَرْءِ كَذِبًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ﴾ )رَوَاهُ الْاِمَامُ مَسْلِمٌ عن ابى هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ҳар бир эшитган нарсасини гапириш кишининг ёлғончи эканига етарли бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).
Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг “Ёлғондан эҳтиёт бўлинглар, ёлғон албатта имондан четлатувчидир” деганини эшитдим.
Катта гуноҳларга сабаб бўладиган ғийбат ва ёлғонни баъзи ғаразли кишилар жамиятда фуқаролар ва давлат орасига ихтилоф солиш учун ҳам ишлатмоқдалар. Бунинг оқибатида ишончсизлик, адоват, низо ва фитна келиб чиқади. Шундай экан, оила, маҳалла ва юртда фитнага сабаб бўладиган сўзлардан ва иғво хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлайлик!
Хулоса қилиб айтганда, бизга неъмат қилиб берилган тилимизни эҳтиёт қилиб, сўзлашдан олдин аввал ўйлаб, кейин сўйлашимиз айни муддаодир. Уни фақат икки дунёмизни обод қиладиган хайрли ишларга сарфлашимиз лозимдир.
Аллоҳ таоло барчамизга тилимиз орқали кўплаб хайрли амалларни қилиш ва Ўзи рози бўлмайдиган ишлардан тилимизни тийиш бахтини насиб этсин! Омин!
Ҳурматли имом-домла! “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари ва “Ислом нури” газетасига обуна бўлишни жамоатга эслатиб қўйишингизни сўраймиз.
Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурч” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Алҳамдулиллаҳ, неъматлар ичра яшаяпмиз. Деярли кўпчилик инсонлар болалар тарбияси масаласида бир хил ўйда: фарзандларим илмли, солиҳ, етук инсонлардан айниқса “қори” бўлса деб орзу қилишади. Бу орзусига ҳамма ҳар хил қадам ташлайди. Инсонлар уч тоифага бўлинади бу борада:
1. Аллоҳ таолонинг айтганларини бажаришликда жидду жаҳд қилган, илм йўлига тушган, изланиш, гўзал таълим-тарбияли бўлишга интилиб, фарзандларини ҳам шу йўлга етаклайди;
2. Ўзи Аллоҳнинг айтганларини қилмайди-ю аммо фарзандларини илм олиб, камолга етиши учун мол-дунёсини аямайди;
3. Ўзи ҳам Аллоҳ таолони айтганларини бажаришликда амал қилмайди, фарзандларини ҳам бунга чақирмайди.
Сиз юқоридагиларни қайси бирига кирасиз? Албатта, уч тоифадан бири сизники. Буларни қисқача очиқлаб ўрганиб чиқамиз.
Биринчиси – мақталган, дунё ва охират саодати харидори, Аллоҳ таолонинг Жамоли ва Жаннатидан умидвор мўмин одамнинг ҳаёт йўли. Улар мана шу йўлда бардавом бўлишлари учун Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатган дуолар ила муножотда бўлади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Парвардигорим, мени ва зурриётимдан (бўлган болаларимни) намозни тўкис адо этувчи қилгин. Парвардигоро, дуоимни қабул айла” (Иброҳим сураси, 40-оят).
Фарзанд кўз ўнгида ота ёки онанинг гўзал амаллар билан банд бўлиши унга энг таъсири кўп бўлган жиҳатлардан биридир. Аввало болага Аллоҳ ва Расулини танитиш, нима учун яратилганлигимизни тушунтириш ҳамда буйруқ ва қайтариқларни яхшилаб ўргатиш зарур. Шариат амалларини ота-она ўзи яхшилаб англаб, фарзандига сингдириши шарт. Зеро, Аллоҳ таоло солиҳ амал қилган бандаларига абадий Жаннатни ваъда қилган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир нечта сураларида башоратлар берилган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилган ва Раббиларига бўйсунганлар ана ўшалар жаннат аҳлидир. Улар у ерда абадий қолурлар” (Ҳуд сураси 23-оят).
Аллоҳ таолони айтганини қилган бандаларга дунёда ҳам тирикчилигида кенглик беради. Яхши амалларнинг мукофоти нафақат охиратда балки бу дунёда ҳам берилиши айтилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўмин ва мўминаларга хушхабар айтган:
“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз...” (Наҳл сураси, 97-оят).
Иккинчиси – Ҳар бир ота-ота фарзандини камолини кўришни хоҳлайди. Билингки, ўзингиз Аллоҳнинг чақириғига “лаббай” демас экансиз улар ҳам сизларнинг чақириғингизга ижобий жавоб қайтармайди. Улар учун сарфлаган пулларингиз ҳавода титилган жун каби ҳар қаёққа беиз кетиб қолади. Бола биринчи таълим тарбияни ота-онасидан ёки бирисидан олади. Албатта, оила бошлиғи бўлган ота пул топишга, оилани таъминлашга масъул. Она эса уй ишлари, бола тарбиясига кўпроқ масъулдир. Агар улар ўз вазифаларини бажармас экан, тизим ишдан чиқади. Улардаги вазифаларни бир-бирига алмаштириб қўйилса, ҳам бу чора бўлолмайди. Бу ҳолатда ота-она бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, сўзлари бир жойдан чиқиши керак. Аксинча фарзандлар олдида эр аёлининг хатоларини муҳокама қилиб, жиркиб, ҳақоратлаб турса, бу нарса бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Боланинг илмларни ўзлаштиролмаслигига оилавий муҳит ҳам катта таъсир кўрсатади. Биз фарзандларимиздан кутаётган ютуқларни ҳали ҳам кутиб ўтирганимизнинг сабаби беҳудаликларнинг ҳаётимизда ортиши. Кўп кузатувларимиз натижаси шуни тасдиқлайдики, бола тарбиясидаги оқсоқликларнинг илк сабабчиси телефондир. Ота-она фарзандлари кўз ўнгида бебаҳо вақтларини соатлаб телефон иловаларига бахшида этишмоқда. Катталарнинг ҳар бир ҳаракатидан улгу андоза олиш фарзандга ҳеч бир қийинчиликсиз сингади.
Мен тўсатдан бир жараённи кузатиб ҳайратландим. Бефарзанд ота-оналар муолажалари ичида онани ҳомиладорликка тайёрлаш жараёни бўларкан. Бунда ота-онанинг бутун таҳлиллари кўздан кечирилиб, унга дори дармон муолажалари бошланилиб, бу жараён 3-4 босқичда олиб борилар экан. Қаранг, ота-она бўлиш учун қандай жиддий уринишлар. Ҳомиладорликдан олдин она жисмининг ўта қаттиқ назоратга олиниши. Бу албатта, керакли ҳол. Аммо бунга онанинг руҳий ҳолати ҳам жисмини тайёр бўлишиданда муҳим омиллардандир. Фарзандли бўлишдан илгари руҳан ҳам жисмонан тайёр бўладиган бўлсак, бола дунёга келгач, бизнинг масъулиятимиз яна ортса ортадики камаймайди. Халқимизда шундай мақол бор: “Нима эксанг, шуни ўрасан”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларнинг қайси фазилатга эга бўлганлари нажот топишлиги, кимлар Фирдавс жаннатига ворис бўлиб ўша ерда мангу қолишларини айтган ояти каримада бир жиҳат алоҳида таъкидланган: “Улар беҳуда (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчилардир” (Мўминун сураси, 3-оят).
Бандларимиздаги иккинчи тоифани очиқлашга қайтсак, хўп ўзи амал қилмаган ҳолда болага сармоя тиккан ота-оталар умуман натижасиз қолишининг асосий сабабларини ўрганиб олсак. Пул ҳамма нарсани ҳал қилади деган ўй хато. Қаттиқ (контрол) ва тергаш керак болага. Болани вақтини тўғри тақсимлаш биринчи галдаги масаладир. Уйқу режими, дарс қилиш соатлари, кўчада ўйнаб келиш учун белгиланган вақтлар онанинг кузатувидан четда қолмаслиги керак. Бола тунги соат 01-02 да ухласа, дарсни хаёлини паришон ҳолда бажарса, кўчада 4-5 соатлаб ўйнаса, қорни очгани учунгина уйга кирса, онага гап қайтарганда ота бунга эътироз билдирмаса, ёш бўлишига қарамасдан онани менсимаса ва бунга ота йўл қўйиб берса, боладан қандай ижобий нарса кутиш мумкин? Ҳеч нарса!!!
Ота-она фарзандларга намуна бўлмаслигининг зарари уларга сўз билан таъсир ўтказиш қийинлашади. Масалан намоз ўқиш, ҳалол ризқ топиш, гуноҳлардан тийилишга амал қилмаса, фарзандлар ҳам буни оддий ҳол деб қабул қилади. Мабодо ўша амалларга буюрсангиз, “Отам-онам айтганларини ўзлари қилмайдику” деб ўйлайди.
Фарзандларни қалби ва руҳияти дарахтга ўхшайди. Иймон, Аллоҳга тақво унинг илдизидир. Агар ота-она бу илдизларни суғоришга эътибор бермаса, яъни диний тарбия билан шуғулланмаса бу дарахт заиф ўсади ва турли гуноҳлар шамолида тезгина синиб кетиши мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзаҳдан сақланг. Унинг устида қўпол ва дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг буйруқларига исён қилмаслар ва буюрилган ишни бажарадилар” (Таҳрим сураси, 6-оят). Бу оят ота-оналарга ўз оиласини дўзахдан сақлашга бўлган масъулиятини эслатади.
Яхши ниятда унга илм ўргатдингиз, тили калималарни айтиб берадию, ахлоқдан асар ҳам йўқ. Қуръони каримни ёддан айтиб берадию, ота-она ҳақларини риоясини қилмайди. Атрофдагиларга бадхулқлиги билан доим азият бераверади. Хулқ илмдан устун туради. Хулксиз илмдан фақат залолатга ботиш, гуноҳларга шўнғиш бор. Фарзандни аввало гўзал хулқли “инсон” қилиб тарбиялашимиз керак. Ундан кейингина илм билан зеб берамиз.
Учинчи – тоифадаги одамларнинг ўзлари ҳам фарзандлари ҳам охир оқибатлари нима бўлиши ҳаммамизга аён. Барча амаллари бу дунёнинг ўзида қолиб кетади.
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур. Ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирамиз. У “Раббим, нимага мени кўр қилиб тирилтирдинг. Ахир мен кўрувчи эдим-ку”, деган эди. (Аллоҳ) айтди: “Шундай. Сенга мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг, бугун сен ҳам ана шундай унутиласан” (Тоҳа сураси, 124–125–126-оятлар).
Ортиқча изоҳларга ҳожат йўқ. Аллоҳ бу тоифага тушиб қолишдан, зурриётларимиздан ҳам шундайлар чиқишидан Ўзи асрасин. Барчаларимизни Ўзи гўзал ислоҳ қилсин.
Азиза РАҲМАТОВА
Самарқанд тумани бош отинойиси