Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Муҳаммад ибн Наъийм Зобий Найсобурий ҳижрий 359 йилда Найсобур (ҳозирда Эроннинг Машҳад шаҳри ғарбида жойлашган шаҳар)да таваллуд топди.
Илк диний сабоқларни отасидан, сўнгра амакисидан олди. Кейинчалик, Ироқ Ҳижоз, Хуросон ва Мавороуннаҳрга илм олиш мақсадида сафар қилди. У ерларда икки мингга яқин устозлардан илм олди, ҳадислар тўплади.
Абу Саҳл Саълукий, Абу Бакр Аҳмад ибн Сулаймон, Абулаббос, Даълажа ибн Аҳмад, Ибн Аҳзом, Абу Али Насобируй, Дорақутний каби йирик уламолардан ҳадис илмини эгаллади. Ўз навбатида Имом Байҳақий, Абулфаттоҳ ибн Абулфаворис, Абу Зарр Ҳиравий, Абу Солиҳ Ҳиравий каби забардаст шогирларга устозлик қилди.
Ўз юрти – Найсобурга қайтиб, у ерда қозилик билан шуғулланди. Шунинг учун уни Ҳоким деб аташган. Бошқа шаҳар қозилари агар бирор қийинчиликка дуч келишса, Имом Ҳокимга мактуб ёзиб, шу ишнинг ҳукмини сўрардилар. Кейин жавобга қараб ҳукм қилардилар. Аммо Имом Ҳоким бир муддат илм эгаллаш ва асарлар ёзиш мақсадида қозиликни тарк қилди.
Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ умрининг асосий қисмини ҳадис илмини ўрганишга бағишлади. “Илал”, “Амолий”, “Фавоидул шуйух”, “Маърифат улум ал-ҳадис”, “Тариху уламои Найсобур”, “Мадхалу ила илми ас-саҳиҳ”, “Мустадрак ала саҳиҳайни”, “Мусталаҳ ал-ҳадис” ва бошқа кўплаб асарлар ёзди, 1500 жуздан ортиқ катта илмий-маънавий мерос қолдирди.
Ҳоким Найсобурий раҳматуллоҳи алайҳ “Маърифат улум ал-ҳадис” (“Ҳадис илмларини билиш”) асарида бир қатор ишончли ровийлар томонидан ривоят қилинган, аммо заиф ва нуқсонли деб билган ҳадисларни келтириб, “ҳадислардаги ёлғонни аниқлаш учун иснодни чуқур таҳлил этиш керак”, деб ёзади. Олимнинг ҳадис соҳасида ёзган асарлари мазкур йўналишда тадқиқотларнинг ривожланишига туртки бўлди.
Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳнинг юксак илмий салоҳиятини бир қанча олимлар эътироф, мадҳ этганлар. Жумладан, Ибн Халликон: “Имом Найсабурий ўз даврининг имоми, қатор китоблар муаллифи, ҳадис ва фиқҳ олимларидан эди”, деган.
Абу Ҳозим айтадилар: “Найсобурда Муслим ибн Ҳажжождан кейин ҳадис илмида энг машҳури Имом Ҳоким эди. Ҳижоз, Шом, Ироқ, Тобаристон ва Хуросонда унга тенг келадиган олим топилмаган”.
Ҳофиз ибн Касир: “Имом Ҳоким омонатдор, хотираси мустаҳкам ва тақводор муҳаддис эди”, деган.
Муҳаддис Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 405 йили вафот этди.
Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадислардан намуналар:
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигида бўлади. Ота-она ғазаб қилганга Аллоҳ ҳам ғазаб қилади”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларни жаннатга энг кўп киритадиган нарса тақво ва гўзал хулқдир”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз – узоқ умр кўриб, кўпроқ яхши амаллар қиладиганларингиздир”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати