Баъзан “Қуръонни ўпиш бидъат, салафи солиҳлардан бундай қилганлари ривоят қилинмаган, бундай қилиш гуноҳ” деган сўзларни эшитиб қоламиз. Бу масаланинг шаръий ҳукми не бўлади? Ҳақиқатан ҳам Қуръонни ўпиш бидъат ва гуноҳми ёки шаръан жоиз бўлган мандуб ишми?
Ҳанафий, шофеъий, ҳанбалий мазҳабининг жумҳур фуқаҳолари шундай дейишади: "Мусҳаф (Қуръон)ни ўпиш жоиздир. Шофеъийлар эса бу мустаҳаб амал", деб айтишган.
Мисрлик аллома шайх Алий Жума айтади: "Баъзи инсонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўпмаганлар, бу бидъат бўлади, дейишади. Биз айтамизки, бу нотўғри гап. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўпишлари мумкин бўлмаган, зотан у зот алайҳиссалом ҳаёт эканларида Қуръон жам қилинмаган эди”.
Баходир Шарипов
Савол: Ҳадисда “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дейилганини ўқидим. Ҳадисдаги ушбу кенгликдан мурод нима?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳақиқатда, ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки Ашуро кунида аҳли аёлига кенглик қилса, Аллоҳ унга йил давомида кенглик қилади", деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар мазкур ҳадислардаги кенгликни еб ичиш, кийим-кечак ва бошқа нарсаларда кенглик қилишни ирода қилинган деганлар. Яъни одамлар шу куни оила аъзоларига худди байрамлардаги каби, балки ундан ҳам яхшироқ мўл-кўлчилик қилиб берсалар, Аллоҳ таоло уларга йил давомида кенгчилик қилади, деб тушуниш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази