Савол: Ассалому алайкум, ҳурматли устоз, сўнгги йилларда тиббиёт ривожланиши наижасида "блефаропластика" деб аталадиган жарроҳлик амалиёти кенг қўлланилмоқда. Ушбу турдаги жаррроҳлик амалиёти бўйича динимиз кўрсатмаси қандай?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу. Ислом дини шифо берувчи ёлғиз Аллоҳ таоло эканлигини унутмаган ҳолда беморларга етган касалликлардан даволанишга рухсат беради. Шунингдек, инсонга бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқарувчи ҳолатларга сабаб бўлувчи, айниқса, инсоннинг энг муҳим аъзоларидан бўлган кўзнинг очилиши қийинлашаётганлиги сабабли амалга ошириладиган тепа қовоқ пластикаси муолажаси (блефаропластика) динимизда рухсат этилган жарроҳлик амалиёти турларидан ҳисобланади.
Ислом инсонни ўз жонини қийнамасликка буюради. Зеро, ундаги ҳар бир аъзо Аллоҳ томонидан берилган омонатдир.
Бу турдаги касалликлар инсон ҳаёти давомида орттирилган бўлиб, бундай нуқсонларни кетказиш ва даволаш Аллоҳ берган хилқатни ўзартиришга кирмайди. Балки бу бугунги кунда тиббиёт соҳасида эришган ютуқлар туфайли пайдо бўлди. Бинобарин, жарроҳлик амалиёти қилиниб тери ичидаги ёғ қатламини (грыжани) олиб ташлаб, ортиқча терини кесиб ташлаш аъзоларнинг асл ҳолига келтиришдан иборат амалиёт бўлиб, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига мувофиқ келади:
﴿لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ﴾
“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” (Тин сураси, 4-оят).
Бундан ташқари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Арфажа ибн Асъад розияллоҳу анҳунинг урушда бурни кесилиб кетганида кумушдан, кумуш мос келмагач тилладан бурун қилиб олишга рухсат берганлар (Имом Термизий ривоят).
Ушбу далил ва мисолларнинг барчасини ҳисобга олиб, пайдо бўлган шишларни камайтириш ёки тўлиқ бартараф қилиш ва кўзни яхши очилиши мақсадида қилинган амалиёт шаръан жоиз бўлади. Айни вақтда мазкур амалиётни безарар қовоқларни кичрайтириш, яъни ташқи кўринишни ўзгартириш учун қилинса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига биноан ҳаром қилинган амалиётлар сирасига кириб қолади:
﴿وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ وَمَنْ يَتَّخِذِ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا﴾
"(Шайтон айтди:) “Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар”. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” (Нисо сураси, 119-оят). Валлоҳу аълам.
Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими мудири ўринбосари
Эр-хотин ҳавонот боғида юрарди. Маймунлар ёнидан ўтаётганларида аёли урғочи маймунга парвона бўлаётган эркак маймунни кўриб:
– Қаранг, қандай ғамхўр, меҳрибон экан, – деди.
Эри унга бир жилмайиб индамай қўяқолди.
Кейин улар шерлар қафаси ёнидан ўтишди. Эркак шер бир четда бепарво ётар, урғочиси ундан узоқда эди. Аёл эрига яна:
– Қаранг, анави шер аёлидан узоқда, лоқайд ётибди. Оиласига ғамхўр эмас, шекилли, – деди.
Шунда эр аёлига:
– Қани, урғочи шерга бирор нарса улоқтириб кўр-чи? – деди.
Аёл бир кичкина чўпни урғочи шерга қарата улоқтирди. Шунда эркак шер тезда ўрнидан туриб, важоҳат билан аёлини ҳимоя қилиш учун аёлга томон югуриб қолди. Унинг важоҳатидан қўрқиб кетган аёл эрининг ортига ўтиб олди. Эр аёлини етаклаб маймунлар томон юрди ва унга:
– Энди маймунларга ҳам бирор нарса улоқтир-чи? – деди. Аёл яна бир чўпни олиб ачомлашиб ўтирган маймунларга қарата отди. Шунда эркак маймун ўзини жонини сақлаш мақсадида дарахт тепасига қараб қочиб қолди.
Эркак аёлига қараб бундай деди:
– Кўрдингми, хотин, ҳамма нарса ҳам кўрингани каби бўлавермайди.
Дарҳақиқат, кўпчиликни кўп нарсаларнинг зоҳири алдаб қўяди. Аммо баъзан биз кўзимиз билан кўрган нарсалар аслидан бошқача бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Ёлғон кўринган нарса эса баъзида рост бўлиб чиқиши мумкин. Шундай экан, хулоса қилишга шошилмайлик.
Акбаршоҳ Расулов