Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўли юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши, ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ.
Шу маънода Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида шундай битиклар бор эди: “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”.
Дарҳақиқат, ёшларга эътибор бу келажакка эътибор, демакдир. Шу эътибордан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган 26 декабрь куни мамлакатимизда биринчи бор ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида бутун мамлакатимиз ёшларига қилган мурожаатларида шундай дедилар: “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! Халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишлар кутаётганини ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг!”.
Мазкур форумда давлатимиз раҳбари ёшлар келажаги билан боғлиқ жуда ҳам муҳим ва нозик масалага урғу бердилар. Бу масала сўнгги йилларда кескин кўпайиб кетаётган оилалар ажрими ва унинг оқибатида тирик ва сарсон етим бўлиб қолаётган ёш авлод тарбияси масаласи бўлди. Бу ҳақидаги мурожаатлари шундай бўлди:
“Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни доимо асраб-авайлаб келади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор бўлади.
Бир нарсани унутмаслигимиз лозим: хонадонларимиздаги тинчлик-тотувлик, аввало, оиладаги соғлом муҳит, мустақил ҳаёт остонасида турган қизларимизни оилавий турмушга тайёрлаш билан бевосита боғлиқ.
Афсуски, бу муҳим масалага лоқайдлик ва эътиборсизлигимиз натижасида жорий йилнинг ўтган 11 ойида ёш оилалар ўртасида 25 минг ажримлар қайд этилган. Бу салбий ҳолат барчамизни жиддий безовта қилиши ва қаттиқ ташвишга солиши керак.
Ахир, ўзингиз ўйланг, 25 минг ажрим – агар ҳар бир оиланинг камида уч нафар аъзоси бўлса, бу – 100 минг одам ҳаётининг барбод бўлгани эмасми?! Бунинг оқибатида қанчадан қанча бегуноҳ болалар тирик етим бўлиб қолади. Қанча инсоннинг тақдири издан чиқиб, сарсон-саргардон бўлади.
Нега мана шу оилаларни сақлаб қолиш учун маҳаллада ҳаракат қилмадик, ёшларга тўғри йўлни кўрсатмадик?
Мен, бугунги имкониятдан фойдаланиб, кенг жамоатчиликка, авваламбор, кўпни кўрган мўътабар нуронийларимизга, оқила ва меҳрибон оналаримизга мурожаат этмоқчиман. Бу оғриқли масалада бизга ёрдам беринглар, деб илтимос қиламан.
Оилавий низоларнинг олдини олиш, ажримларни камайтириш борасида сиз, азиз ёшларимиз ҳам ташаббус ва фаоллик кўрсатсангиз, мен барчангиздан чексиз миннатдор бўлар эдим”.
Тассуфки, сўнгги йилларда оилавий ажримлар сони кескин кўпайиб кетмоқди. Бунинг оқибатида эса қанчадан қанча оилаларнинг обрўси тўкилмоқда. Тул ва бевалар сони ортмоқда. Одатда бу мисол ҳолатларда жамиятда зино ва ҳаёсизликлар юзага келади. Бу ўз навбатида маънавий муҳитни бузилишига эшик очади.
Энг ачинарлиси, ўртадаги бечора фарзандлар тирик ва сарсон етим бўлиб, нима қилишни билмай қолмоқда. Отаси билан қолай десалар онаси норози, онаси билан қолай десалар отаси норози. Алалоқибат уларнинг фарзандлари икки ўтнинг орасида қолиб, меҳр ва шафқатга ташна ёш боши билан тоғ бардош бера олмас бир қанча машаққатларга дуч келмоқда. Одатда бу мисол бузуқ муҳитда ўсаётган ёш авлод меҳр ва оқибатни, раҳм ва шафқат нималигини билмасдан тарбияси бузилади.
Дарҳақиқат, оилавий ажримлар аксар ҳолларда фарзандларни ноқобил, нафақат жамиятга, балки ўз ота-оналарига бешафқат ва бемеҳр бўлиб вояга етишига сабаб бўлмоқда. Негаки, улар учун меҳр ва оқибатни, раҳм ва шафқат мисол инсоний фазилатлар бегона ҳисобланади. Меҳр ва оқибат, раҳм ва шафқатни шу муносабат билан улғайган боладангина кутиш мумкин.
Меҳрибонлик уйлари минг шинам ва гўзал бўлмасин, у болаларнинг уйи эмас. Ҳароба бўлсин, лекин унда боланинг фақир бўлса ҳам меҳрибон ва шафқатли ота-онаси бўлсин.
Оилавий ажримларнинг зарарлари юқоридаги ҳолатлардан бошқа бир қанча зарар ва зиёнлари ҳам мавжуд. Бир оила бузилиши сабабли кўплаб мусулмонларнинг ўрталарида душманчиликни пайдо қилади. Шунинг учун ҳам Шайтонни энг хурсанд қиладиган иш – оиланинг бузилишидир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иблис ўз тахтини сув устига қуради ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб: “Ундай қилдим, бундай қилдим”, дейди. У бўлса: “Ҳеч нарса қилмабсан!” дейди. Кейин бошқа бири келиб: “Уни ҳолига қўярда қўймай оқибатда хотини билан орасини буздим”, дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб: “Ҳа, балли, қандай ҳам яхшисан!” дейди”, дедилар” Имом Муслим ривояти.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! ... Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг. (Мабодо хотинларингизни ёқтирмай қолган бўлсангиз, шунда ҳам сабр қилинг!) Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин” (“Нисо” сураси, 19-оят).
Ҳақ таоло мўмин бандаларига: “Эй иймон келтирганлар”, дея мўмин бандаларини эр-хотинлик ҳаётини саодатли қиладиган ишга йўллаб марҳамат қилади: “Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг”. Яъни ҳар бир эркак аёли билан ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва меҳр-муҳаббатда ҳаёт кечирсин, хотинига мудом яхшилик қилсин, бирон сўз ё ҳаракат билан унга ёмонлик қилмасин. Мабодо хотинини ёқтирмаса ҳам сабр қилсин, талоқ қилиб ажрашиб кетмасин. Шоядки, Аллоҳ таоло бу оиланинг сақланиб қолишида кўп яхшиликларни тақдир қилар, отанинг кўзини қувонтирадиган ва умматга фойдаси тегадиган фарзандлар дунёга келар ёки эрнинг қалбидаги ёқтирмаслик кетиб, ўрнини муҳаббат эгаллар ва эр-хотин ўртасида меҳр пайдо бўлар.
“Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг. (Мабодо хотинларингизни ёқтирмай қолган бўлсангиз, шунда ҳам сабр қилинг!) Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин”дан мурод мана шулардир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Мўмин эр мўмина хотинидан нафрат қилмасин. Агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқа бир хулқидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти). Яъни эр хотинидан буткул ғазабланиши жоиз бўлмайди, чунки хотинининг айрим феълидан ғазабланса, унинг бошқа яхши одатларидан рози бўлиб кетавериши керак.
Унутмайлик, бу кўрсатма бутун борлиқни йўқдан бор қилган ва унинг саодати нимада эканлигини яхши билувчи меҳрибон Яратган Роббимиз ожиз ва узоқни билмайдиган бандаларга ўргатган илоҳий йўл-йўриғидир!
Шундай экан ҳар бир янги оила қураётган келин ва куёвлар мазкур оят ва ҳадиси шарифни онгли равишда тушуниб, унга амал қилган ҳолда, оила қурмоғи, атрофдагилар ҳам ушбу қурилаётган оилаларни тинч, бахтли-саодатли яшаб кетишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим бўлади.
Таҳлил натижалари 90 фоизидан ортиқ оилавий ажримларга “деди-деди” гап-сўзлар ва мол-у дунё масалалари сабаб бўлишини кўрсатмоқда.
Ушбу иллат бир боланинг, у ўғил ё қиз бўлсин, биргина табассуми ёки “Ота” ёхуд “Она...” деган овозига алмашишга арзийдими?!
Жасурбек Раупов,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати