Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Эртанги ҳаёт – ёшларнинг таълим-тарбиясига боғлиқ

15.01.2021   3217   8 min.
Эртанги ҳаёт – ёшларнинг таълим-тарбиясига боғлиқ

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўли юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши, ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ.

Шу маънода Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида шундай битиклар бор эди: “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”.

Дарҳақиқат, ёшларга эътибор бу келажакка эътибор, демакдир.                 Шу эътибордан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган 26 декабрь куни мамлакатимизда биринчи бор ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида бутун мамлакатимиз ёшларига қилган мурожаатларида шундай дедилар: “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! Халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишлар кутаётганини ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг!”.

Мазкур форумда давлатимиз раҳбари ёшлар келажаги билан боғлиқ жуда ҳам муҳим ва нозик масалага урғу бердилар. Бу масала сўнгги йилларда кескин кўпайиб кетаётган оилалар ажрими ва унинг оқибатида тирик ва сарсон етим бўлиб қолаётган ёш авлод тарбияси масаласи бўлди. Бу ҳақидаги мурожаатлари шундай бўлди:

“Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни доимо асраб-авайлаб келади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор бўлади.

Бир нарсани унутмаслигимиз лозим: хонадонларимиздаги              тинчлик-тотувлик, аввало, оиладаги соғлом муҳит, мустақил ҳаёт остонасида турган қизларимизни оилавий турмушга тайёрлаш билан бевосита боғлиқ.

Афсуски, бу муҳим масалага лоқайдлик ва эътиборсизлигимиз натижасида жорий йилнинг ўтган 11 ойида ёш оилалар ўртасида 25 минг ажримлар қайд этилган. Бу салбий ҳолат барчамизни жиддий безовта қилиши ва қаттиқ ташвишга солиши керак.

Ахир, ўзингиз ўйланг, 25 минг ажрим – агар ҳар бир оиланинг камида уч нафар аъзоси бўлса, бу – 100 минг одам ҳаётининг барбод бўлгани эмасми?! Бунинг оқибатида қанчадан қанча бегуноҳ болалар тирик етим бўлиб қолади. Қанча инсоннинг тақдири издан чиқиб, сарсон-саргардон бўлади.

Нега мана шу оилаларни сақлаб қолиш учун маҳаллада ҳаракат қилмадик, ёшларга тўғри йўлни кўрсатмадик?

Мен, бугунги имкониятдан фойдаланиб, кенг жамоатчиликка, авваламбор, кўпни кўрган мўътабар нуронийларимизга, оқила ва меҳрибон оналаримизга мурожаат этмоқчиман. Бу оғриқли масалада бизга ёрдам беринглар, деб илтимос қиламан.

Оилавий низоларнинг олдини олиш, ажримларни камайтириш борасида сиз, азиз ёшларимиз ҳам ташаббус ва фаоллик кўрсатсангиз, мен барчангиздан чексиз миннатдор бўлар эдим”.

Тассуфки, сўнгги йилларда оилавий ажримлар сони кескин кўпайиб кетмоқди. Бунинг оқибатида эса қанчадан қанча оилаларнинг обрўси тўкилмоқда. Тул ва бевалар сони ортмоқда. Одатда бу мисол ҳолатларда жамиятда зино ва ҳаёсизликлар юзага келади. Бу ўз навбатида маънавий муҳитни бузилишига эшик очади.

Энг ачинарлиси, ўртадаги бечора фарзандлар тирик ва сарсон етим бўлиб, нима қилишни билмай қолмоқда. Отаси билан қолай десалар онаси норози, онаси билан қолай десалар отаси норози. Алалоқибат уларнинг фарзандлари икки ўтнинг орасида қолиб, меҳр ва шафқатга ташна ёш боши билан тоғ бардош бера олмас бир қанча машаққатларга дуч келмоқда. Одатда бу мисол бузуқ муҳитда ўсаётган ёш авлод меҳр ва оқибатни, раҳм ва шафқат нималигини билмасдан тарбияси бузилади.

Дарҳақиқат, оилавий ажримлар аксар ҳолларда фарзандларни ноқобил, нафақат жамиятга, балки ўз ота-оналарига бешафқат ва бемеҳр бўлиб вояга етишига сабаб бўлмоқда. Негаки, улар учун меҳр ва оқибатни, раҳм ва шафқат мисол инсоний фазилатлар бегона ҳисобланади. Меҳр ва оқибат, раҳм ва шафқатни шу муносабат билан улғайган боладангина кутиш мумкин.

Меҳрибонлик уйлари минг шинам ва гўзал бўлмасин, у болаларнинг уйи эмас. Ҳароба бўлсин, лекин унда боланинг фақир бўлса ҳам меҳрибон ва шафқатли ота-онаси бўлсин.

Оилавий ажримларнинг зарарлари юқоридаги ҳолатлардан бошқа бир қанча зарар ва зиёнлари ҳам мавжуд. Бир оила бузилиши сабабли кўплаб мусулмонларнинг ўрталарида душманчиликни пайдо қилади. Шунинг учун ҳам Шайтонни энг хурсанд қиладиган иш – оиланинг бузилишидир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иблис ўз тахтини сув устига қуради ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб: “Ундай қилдим, бундай қилдим”, дейди. У бўлса: “Ҳеч нарса қилмабсан!” дейди. Кейин бошқа бири келиб: “Уни ҳолига қўярда қўймай оқибатда хотини билан орасини буздим”, дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб: “Ҳа, балли, қандай ҳам яхшисан!” дейди”, дедилар” Имом Муслим ривояти.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! ... Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг. (Мабодо хотинларингизни ёқтирмай қолган бўлсангиз, шунда ҳам сабр қилинг!) Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин” (“Нисо” сураси, 19-оят).

Ҳақ таоло мўмин бандаларига: “Эй иймон келтирганлар”, дея мўмин бандаларини эр-хотинлик ҳаётини саодатли қиладиган ишга йўллаб марҳамат қилади: “Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг”. Яъни ҳар бир эркак аёли билан ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва меҳр-муҳаббатда ҳаёт кечирсин, хотинига мудом яхшилик қилсин, бирон сўз ё ҳаракат билан унга ёмонлик қилмасин. Мабодо хотинини ёқтирмаса ҳам сабр қилсин, талоқ қилиб ажрашиб кетмасин. Шоядки, Аллоҳ таоло бу оиланинг сақланиб қолишида кўп яхшиликларни тақдир қилар, отанинг кўзини қувонтирадиган ва умматга фойдаси тегадиган фарзандлар дунёга келар ёки эрнинг қалбидаги ёқтирмаслик кетиб, ўрнини муҳаббат эгаллар ва эр-хотин ўртасида меҳр пайдо бўлар.

Хотинларингиз билан хушмуомалада ва тинч-тотув яшанг. (Мабодо хотинларингизни ёқтирмай қолган бўлсангиз, шунда ҳам сабр қилинг!) Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин”дан мурод мана шулардир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: Мўмин эр мўмина хотинидан нафрат қилмасин. Агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқа бир хулқидан рози бўлади(Имом Муслим ривояти). Яъни эр хотинидан буткул ғазабланиши жоиз бўлмайди, чунки хотинининг айрим феълидан ғазабланса, унинг бошқа яхши одатларидан рози бўлиб кетавериши керак.

Унутмайлик, бу кўрсатма бутун борлиқни йўқдан бор қилган ва унинг саодати нимада эканлигини яхши билувчи меҳрибон Яратган Роббимиз ожиз ва узоқни билмайдиган бандаларга ўргатган илоҳий йўл-йўриғидир!

Шундай экан ҳар бир янги оила қураётган келин ва куёвлар мазкур оят ва ҳадиси шарифни онгли равишда тушуниб, унга амал қилган ҳолда, оила қурмоғи, атрофдагилар ҳам ушбу қурилаётган оилаларни тинч, бахтли-саодатли яшаб кетишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим бўлади.

Таҳлил натижалари 90 фоизидан ортиқ оилавий ажримларга “деди-деди” гап-сўзлар ва мол-у дунё масалалари сабаб бўлишини кўрсатмоқда.

Ушбу иллат бир боланинг, у ўғил ё қиз бўлсин, биргина табассуми ёки “Ота” ёхуд “Она...” деган овозига алмашишга арзийдими?!

Жасурбек Раупов,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мажлислар омонатдир

06.08.2026   13144   4 min.
Мажлислар омонатдир

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:

« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).

 

“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.

 

Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.

 

“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.

 

Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.

 

“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.

 

“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.

 

“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.

 

Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?

 

Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.

 

Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.

 

Манбалар асосида

Т.НИЗОМ тайёрлади.

Мақолалар