Ватан меҳри аввало инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр муҳаббатдир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда “Ватанни севмоқ имондандир”, дейилган ҳикматни эсга олиш кифоядир. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғудир.
Ватан (араб. – “она юрт”) кишиларнинг ўзи яшаб турган, авлод
ва аждодлари туғилиб ўсган, миллати шаклланган жой, ижтимоий муҳит, мамлакат. Ватан бир-бирини тақозо этувчи (уй, маҳалла, шаҳар, қишлоқ, мамлакат каби) бир қатор ҳудудларни ўзида ифодалайдиган, ижтимоий муҳит ва инсон, унинг ҳаёти каби кўплаб маънавий тушунчаларни ўз ичига олади, авлодлар туғилиб ўсган ва камол топган жой, замин, ўлкани англатади. Шу боисдан Ватан бу – бир замин, ўлкада яшаётган кишиларни миллати ёки динидан қатъи назар, бирлаштирувчи ижтимоий тушунчадир.
Мусулмон мутаффакири, тарихчи олим, ўз даврида Қоҳира шаҳрида шариат олий қозиси лавозимида ишлаган Ибн Халдун “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир” деб таъриф берган.
Қуръони каримда бир инсонни ўз Ватанидан жудо қилиш оғир гуноҳ сифатида қайд этилиши Ислом динида унга юксак мақом берилишидан далолат қилади: “Эсланг, (эй, Исроил авлоди,) сизлардан “Бир-бирларингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирларингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз”, деган аҳдингизни олган эдик. Сўнгра ўзларингиз гувоҳлик бериб, уни эътироф ҳам этган эдингиз” (“Бақара” сураси, 84-оят)”.
Мўмин-мусулмонларга Ватанни севиш Муҳаммад алайҳиссаломдан мерос ҳисобланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳридан Мадина шаҳрига чиқиб кетаётганларида тўхтаб, орқаларига қараб: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида сендан бошқа жойда яшамас эдим”, - деб ноиложликдан Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларини изҳор этганлар (Имом Термизий, 3926-ҳадис).
Имом Бухорий “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” тўпламида Абу Бакир Сиддиқ ва Билол ибн Рабоҳ Мадина шаҳрида иситмалаб қолиб, юртларини соғинчларини армон билан баён қилганликлари, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Мадинани Макка каби маҳбуб этишни сўраб дуо қилганлари ҳақида ҳадис ривоят қилинган.
Ушбу ҳадис икки буюк саҳоба Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида юриш, ваҳийлардан баҳраманд бўлишга мушарраф бўлишлари баробарида Ватанини соғиниб яшаганларидан далолат беради.
Атоқли олим ва адиб, улкан давлат арбоби ва саркардаси, ислом мутафаккири Алихонтўра Соғуний “Ватан ва илм ёки етти юлдуз” номли шеърида қуйидагиларни ёзган:
Ватан асли сенингдур Ўзбекистон,
Ўғиздан қолмиш эрди бу гулистон.
....
Ватанни дўст тутиш иймонидин эрмиш,
Онингчун Ҳақ расулидин нақл бўлмиш.
Ватанни севмаганлар биздан эрмас,
Буни ким билмаса иймонга кирмас.
Ватан инсон учун муқаддас туйғу бўлиб, ўз-ўзидан уни севиш ва ардоқлашга, жонни фидо қилиб ҳимоя қилишга лойиқ ҳисобланади.
Ватанпарварлик – Ватанга нисбатан садоқат, унга хизмат қилиш, юрт тинчлигини асраш, равнақи учун фаол бўлишга ундайдиган ижтимоий, маънавий-ахлоқий фазилатдир. Унинг мазмуни – Ватанга меҳр-муҳаббатли ва содиқ бўлишдан, юртнинг ўтмиши ва ҳозири учун фахрланишдан, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишга интилишдан иборат. Ватанпарварлик ота-боболардан мерос колган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она-Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя килиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига кўра: “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир”. Шунингдек, Бош Қомуснинг 49-моддасига “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар”, деб қайд этилган.
Ватанни ардоқлаш азалдан ўзбек халқига хос хусусият бўлиб келган. Қадимда юрт учун донғи кетган Форс қўшинини маҳв этиш мақсадида жонини фидо қилган оддий массагет чўпон йигити Широқ, Малика Тўмарис ва бошқа юзлаб фидоийлар ватанпарварикнинг юксак намунаси ҳисобланадилар.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табрикларида таъкидлаганларидек: “Бугун дунёнинг олис ва яқин минтақаларида мураккаб можаро ва тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада самарали ташкил этишимиз шарт”.
Ватанни сергак қўриқлайдиган ва ҳимоя қиладиган юрт ҳимоячилари ҳақида гап кетганда Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Бири бу, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб (ухламаган) кишини”, - деб марҳамат қилганларини (Сунани Термизий, 1639-ҳадис) қайд этиш жоиз.
Буюк аждодлардан бири, тасаввуфнинг кубровия таълимотига асос солган Нажмиддин Кубро мўғуллар истилоси даврида душман томондан яшаб турган шаҳрини ташлаб чиқишга рухсат берилганига қарамай, лашкарни ёвга қарши жангга бошлаб кириш оқибатида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Жумҳур уламолар ватанпарварлик оддий шиор ёки ҳис-туйғу эмас, балки қуйидаги хайрли амал ва ибратли ишларда ўз ифодасини топиши лозим эканини таъкидлайдилар:
- Ватан ҳаққига бор яхшиликларни тилаб дуо қилиш;
- жамиятда аҳилликни кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш (силаи раҳм, қўшниларга яхшилик, ўзаро ёрдам, бир-бирларга яхшиликни соғиниш, салбий ахлоқ ва ижтимоий иллатлардан сақланиш ва ҳ.к.);
- Ватан салоҳиятини ошириш ва уни муҳофазаси учун жонкуярлик қилиш (Ватан мулкини авайлаб-асраш, унинг юксалиши учун ҳалол меҳнат қилиш, ўзини бағишлаш, бу йўлда тамаъ яқинлаштирмаслик ва ҳ.к.);
- Ватан эрки, ҳудуди ёки обрўсига қарши фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.
Иккинчи жаҳон уруши даврида 538 мингдан зиёд ўзбекистонликлар Ватан ҳимоясида мардларча ҳалок бўлган. 158 мингдан кўпроқ ҳамюртимиз урушда бедарак кетган. 200 мингдан зиёд ўзбекистонликлар жанговар давлат мукофотлари билан тақдирланган. Улардан 301 нафари Қаҳрамон унвонига, 70 нафари учта даражадаги “Слава (Шуҳрат)” орденига сазовор бўлган.
Юқорида қайд этилганлар ватанпарварлик, юрт ҳимояси муҳим ва муқаддас бурч, улкан савоб экани, шунингдек, бундай фазилатга эга бўлиш мусулмонларнинг асосий хусусиятларидан бири эканидан далолат қилади.
Аксинча, қадимдан ўзбек халқи ватанфурушликни қаттиқ қоралайди. Бундай ҳаракатлар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин: мамлакат манфаатларига хиёнат килиш, ўз шахсий манфаатларини кўзлаб иқтисодий, сиёсий ва бошқа жосуслик фаолияти билан шуғулланиш, душман томонига ўтиб ўз халқи, мамлакатига қарши кураш олиб бориш, қўпорувчилик ишлари билан шуғулланиш, турли диний мутаассиб ва экстремистик ғоялар таъсири остида оиласи, Ватанидан воз кечиш, киндик қони тўкилган заминга нисбатан бўҳтон ва иғво тарқатиш ва ҳоказолар.
Ватанфурушлик заминида моддий, сиёсий ёки бошқа кўринишдаги шахсий манфаатлар ётади. Тарих далолат берадики, ватанфурушлар ҳамма вақт ўз юрти ва халқининг нафратига дучор бўлган.
Ислом таълимотида Ватанга хиёнат қаттиқ қораланади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим” (Имом Бухорий, 3188-ҳадис).
Ислом тарихида “Ҳандақ жанги” номи билан машҳур бўлган жанг вақтида Мадина шаҳрига бостириб келган маккаликлар етакчилигидаги иттифоқчи қўшинга Мадина шаҳрида яшаб, яширинча хайрихоҳлик кўрсатган ва зимдан ёрдам берган қабилаларга нисбатан Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ жазо берганлар. Уларнинг раҳбарлари қатл этилган, эргашганлари Мадина шаҳридан бадарға этилган. Демак, Ватанга хоинликни ҳеч қандай диний ва дунёвий қонун ёки таълимот оқламайди. Она Ватан ҳеч қачон сотилмайди ва унга хиёнат қилинмайди.
Ҳеч шубҳасиз, барчамиз биргаликда Она Ватанимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш каби фуқаролик бурчимизни астойдил, чин юракдан бажариш, меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик, мустаҳкам иродамиз, дину диёнатимиз билан оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда барқарорлик ва соғлом муҳитни мустаҳкамлаб, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини таъминлаймиз.
Шундай экан, она-Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистонни гуллаб яшнашига, юртимиз тинч-осуда бўлишига барча шу юртда, шу заминда яшаётган ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши керак.
Ўткир ҲАСАНБАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Манбалар:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Бадгумон бўлманглар, бадгумонлик энг ёлғон сўздир, тирноқ остидан кир қидирманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан аразламанглар ва нафратланманглар, ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг (солиҳ) бандалари бўлинглар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
* * *
“Йўл бўйида ўтиришдан сақланинглар. Агар ўтирсангиз, унинг ҳаққини адо этинглар”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, йўлнинг ҳаққи нима?”, дейишди Расулуллоҳ: “Кўзни номаҳрамларга қаратишдан тийиш, ўтувчиларга азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликлардан , дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
* * *
“Икки заифнинг – аёл кишининг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан”, дедилар (Имом ибн Можа ривояти).
* * *
“Аллоҳга тақво қилинг, беш вақт намозларингизни ўқинг, Рамазон ойи рўзасини тутинг, молларингиз закотини нафсингиз шод бўлган ҳолда беринг, бошлиқларингиз буйруғига итоат қилинг, шунда Роббингиз жаннатига кирасизлар” (Имом Ҳоким ривояти).
* * *
“Мазлумнинг дуосидан қўрқинглар. Чунки у билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ-парда бўлмайди” (Имом Термизий ривояти).
* * *
“Ҳаромдан тақво қил, одамларнинг энг обиди бўласан. Аллоҳ сенга тақсимлаб қўйган ризқдан рози бўл, одамларнинг энг бадавлати бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан. Ўз нафсингга яхши кўрган нарсангни одамлар учун ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан. Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулги қалбни ўлдиради” (Имом Аҳмад ривояти).
* * *
“Кибрдан четланинглар, чунки банда такаббурликда бардавом бўлса, Аллоҳ таоло фаришталарига: «Бандамни гердайиб юрувчилар сирасидан қилиб ёзинглар», деб айтади” (Ибн Адий ривояти).
“Ўзингизга яхши кўрган нарсани бошқалар учун ҳам яхши кўринг” (Имом Бухорий ривояти).
* * *
“Одамлар ҳақида ёмон гумон қилишдан сақланинглар” (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).
* * *
“Умматим устида қўрқадиган нарсамнинг энг қўрқинчлиси қорни катталашиб, уйқуда бардавом бўлиб, дангаса бўлиб, кейин имони заифлашиб қолишидир” (Имом Дорақутний ривояти).
* * *
“Аллоҳ сенга фарз қилган нарсаларни адо этгин, инсонларнинг энг ибодатлиси бўласан. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ўзингни четда тут, инсонларнинг энг тақволиси бўласан. Аллоҳ тақсимлаб қўйган ризққа рози бўл, инсонларнинг энг бадавлати бўласан” (Ибн Адий ривояти).
* * *
“Фарзандларингизни уч хислатга чорлаб одоб беринглар: пайғамбарларингизни яхши кўриш, у зот хонадон аҳлларини яхши кўриш ва Қуръон қироат қилиш. Чунки Қуръон ҳомиллари (яъни, ёд олиб доим ўқиб юрганлар) соя йўқ кунда Аллоҳнинг сояси остида пайғамбар ва соф кишилар билан бирга бўлишади” (Имом Дайламий ривояти).
* * *
“Ижобат қилинишига ишонган ҳолда Аллоҳга дуо қилинглар. Билингки, Аллоҳ таоло қалби ғофил, бепарво кишиларнинг дуосини қабул этмайди” (Имом Термизий ривояти).
* * *
“Агар бирор иш қилишни хоҳласанг, оқибатини тадаббур қил. Агар яхши бўлса, уни бажар. Агар ёмон бўлса, ундан тўхта” (Ибн Муборак ривояти).
* * *
“Агар сизлардан бирингиз таом тановул қиладиган бўлса, ўнг қўли билан овқатлансин. Бирор ичимлик ичадиган бўлса, ўнг қўли билан ичсин. Бирор нарса оладиган бўлса, ўнг қўли билан олсин. Бирор нарса берадиган бўлса ҳам, ўнг қўли билан берсин” (Имом Ҳасан ибн Суфён ривояти).
* * *
“Агар сизлардан бирортангиз одамларга имомлик қиладиган бўлса, енгил ўқисин. Чунки уларнинг ичида кичиклар, кексалар, заифлар, касаллар ва ҳожатмандлар бордир. Агар ўзи ўқийдиган бўлса, хоҳлаганича узун қилаверсин” (Имом Термизий ривояти).
* * *
«Агар сизлардан бирингиз овқат тановул қиладиган бўлса, Аллоҳ исмини зикр қилсин. Агар Аллоҳ исмини овқат аввалида зикр қилишни унутса, “Бисмиллаҳи ъала аввалиҳи ва охириҳи”, деб айтсин» (Имом Термизий ривояти).
* * *
“Агар сизлардан бирингиз ифторлик қиладиган бўлса, хурмода очсин, чунки у баракадир. Агар хурмо топа олмаса, сувда очсин, чунки сув покловчидир” (Имом Аҳмад ривояти).
* * *
“Агар сизлардан бирингиз сафарга чиқадиган бўлса, биродарларидан дуо талаб қилсин. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг дуолари сабабидан барака ато этувчидир” (Имом Ибн Асокир ривояти).
* * *
“Бирор киши бошқа бир кишини ўтирган ўрнидан турғизиб, ўзи ўтириб олмасин. Лекин жой беринглар ва кенгайинглар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
* * *
“Сизлар қиёмат куни исмларингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар, шунинг учун исмларингиз чиройли бўлсин” (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти).
* * *
“Ким дуосининг мустажоб бўлишини ва ғам-ташвишдан қутулишни истаса, ёрдамга муҳтожларга ёрдам берсин” (Имом Аҳмад ривояти).
* * *
“Киши дўстининг динидадир. Сизлардан бирингиз ким билан дўст бўлаётганига қарасин” (Имом Абу Довуд ривояти).
* * *
“Ундоқ деди ва бундоқ деди деб гапириб юришни, кўп савол беришни ва молни беҳудага сарф қилишни тарк қил” (Имом Табароний ривояти).
* * *
“Осонлаштиринглар, қийинлаштириб юборманглар хурсандлик хабарини беринглар, нафратлантириб қўйманглар” (Имом Бухорий ривояти).
* * *
“Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмон амалингга яхшисини эргаштир. Шунда яхшиси ёмонини ўчириб юборади. Одамлар билан яхши хулқ ила муомалада бўл” (Имом Табароний ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД