Муоза Адавийя Басрийя раҳимаҳаллоҳ ўзи эмизган фарзандларига ҳаром ейишдан четланишни буюрган эди. Абу Абдурраҳмон Сулламий айтади: «Умму Асвадни ҳам Муоза Адавийя эмизган эди. Умму Асвад айтади: «Муоза Адавийя менга: «Ҳаром еб, сутимни расво қилма. Мен сени эмизаётганимда имкон борича ҳалол ейишга ҳаракат қилганман. Сен ҳам фақат ҳалол е, шояд Хожангнинг хизматига, Унинг қазосига рози бўлишга муваффақ бўлсанг».
«Солиҳлар гулшани» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жамиятда инсонларнинг аксарияти болаларни четга суришади. Айтайлик, улар бирор нарса сотиб олмоқчи ёки сотмоқчи бўлишса, сотувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам уларга эътибор бермайди. Ҳеч ким уларга аҳамият бермайди, гўёки уларнинг қўлидан ҳеч қандай иш келмайди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир болага алоҳида аҳамият берардилар.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув келтиришди. У зот алайҳиссалом ундан ичдилар. Набий алайҳиссаломнинг ўнг томонларида 10 ёшли Ибн Аббос, чап томонларида эса Абу Бакр Сиддиқ ва яна бошқа катта саҳобалар розияллоҳу анҳум ўтиришган эди. Аслида ичимлик ичишни ўнг томондан бошлаш суннат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қараб: "Буни Абу Бакрга узатишимга изн берасанми?" деб рухсат сўрадилар. 10 яшар Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: "Ҳаргиз ундай қила олмайман. Сиздан бўлган насибамни бирор кишига раво кўрмайман. Мен Сиздан кейин ичишни истайман", деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини болакайнинг қўлига қўйиб, бу нарса унинг ҳаққи эканини билдириб қўйдилар. Яъни болакай ёш бўлишига қарамай ўз навбатида сув ичди.
Давоми бор...
Даврон НУРМУҲАММАД