Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси азму шижоатли ҳарбийларимиз, халқимизнинг мард ва жасур ўғлонларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этади.
Куни кеча Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ушбу байрам муносабати билан ҳарбийларимизга табрик йўллаб, жумладан бундай деди: “Биз баҳодир ва довюрак ҳарбийларимиз билан – ўзининг муқаддас қасамёдига содиқ қолиб, хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф ила адо этаётган юртимизнинг забардаст ўғлонлари билан ҳақли равишда фахрланамиз”.
Инсон учун киндик қони тўкилган ер қадрли бўлади, қаерда бўлмасин унга талпинаверади. Ватанни севиш, уни ардоқлаш инсон табиатидаги нозик ва теран туйғу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилаётиб, туғилиб ўсган Ватани – Макка шаҳрига юзланиб: “Қандай яхши юртсан! Мен учун нақадар севимлисан! Агар қавмим мени сендан чиқармаганда сендан бошқа юртда яшамас эдим”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳаётимизга маъно ва мазмун олиб кирувчи тинчлик-ҳотиржамлик каби илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Буни, айниқса, юрт ҳимоячиси деган шарафли ва масъулиятли касбни танлаган ҳарбийларимиз янада теранроқ англайди.
Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади” (Имом Насоий ривоятлари).
Аллоҳ таоло Ватанимиз ҳимоячиларига сиҳат-саломатлик, шоду ҳуррамлик ва икки дунё саодатини ато этсин! Юртимиз тинчлиги ва равнақи, динимиз ривожи, халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги йўлида қилаётган хизматларига улкан муваффақиятлар берсин!
Маълумот учун, 1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди. Жорий йил ана шу шонли сананинг 29 йиллигини нишонлаяпмиз.
Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Ушбу байрам билан юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар, юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган ака-укаларимиз қатори юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли соҳаларда хизмат қилаётган барча ватандошларимизни қутлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръон – ҳидоят каломи. “Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дирким”... (Бақара сураси, 2-оят).
Қуръон – Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган каломи. “Агар бандамизга (Муҳаммадга) туширган нарсамиздан (Қуръондан) шубҳада бўлсангиз, бас, сиз ҳам унга ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз” (Бақара сураси, 23-оят).
Қуръон – тасдиқловчи калом. “Ўзингиздаги нарса (Таврот ва Инжил)ни тасдиқ этувчи ҳолда нозил қилган нарсам (Қуръон)га имон келтирингиз” (Бақара сураси, 41-оят).
“Қачонки, уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи Китоб (Қуръон) келганида, илгари кофирларга қарши (худди шу китоб воситаси билан) ёрдам сўраб юрар эдилар” (Бақара сураси, 89-оят).
“(У) Сизга (эй Муҳаммад!) Китобни (Қуръонни) ҳақиқатан ўзидан олдинги (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи ҳолида нозил қилди” (Оли Имрон сураси, 3-оят).
“Балки, у (бутун) оламлар Парвардигори томонидан (келган), шубҳасиз, ўзидан олдинги нарса (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи ва батафсил (баён этилган) китобдир” (Юнус сураси, 37-оят).
Қуръон – Аллоҳнинг каломи. “Аллоҳ томонидан улардаги нарсани тасдиқ этувчи Пайғамбар (Муҳаммад) келиши билан, китоб (Таврот) берилганлардан бир гуруҳи Аллоҳнинг китоби (Қуръон)ни худди билмагандек ортларига улоқтирдилар” (Бақара сураси, 101-оят).
Қуръон – ҳақ ва ботилни ажратувчи калом. “(Энди эса) Фурқонни (ҳақ билан ноҳақликни ажрим этувчи Қуръонни) нозил қилди” (Оли Имрон сураси, 4-оят).
Қуръон – мўминлар учун насиҳатдир. “Бу (Қуръон ёки мазкур гаплар) одамлар учун баёнот ҳамда тақводорлар учун ҳидоят ва насиҳат (манбаи)дир” (Оли Имрон сураси, 138-оят).
“Албатта, Биз Сизга ушбу Китоб (Қуръон)ни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун барҳақ нозил этдик” (Нисо сураси, 105-оят).
Қуръон – нурдир. “Эй одамлар! Сизларга Роббингиздан ҳужжат (Пайғамбар ва мўъжизалар) келди. Сизларга яна равшан нур (Қуръон)ни ҳам нозил этдик” (Нисо сураси, 174-оят).
“...нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир” (Аъроф сураси, 117-оят).
“Биз нозил қилган Нурга (Қуръонга) имон келтирингиз!” (Тағобун сураси, 8-оят).
Қуръон – ҳақиқатдир. “Уларга ҳақиқат (Қуръон) келиши билан уни ёлғонга чиқардилар” (Анъом сураси, 5-оят).
“Айтинг: (Бу Қуръон) Роббингиз (томони)дан (келган) Ҳақиқатдир” (Каҳф сураси, 29-оят).
Қуръон – огоҳлантирувчи каломдир. “Бу (Қуръон) бир муборак, ўзидан олдинги (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи, Уммул-қуро (деб аталмиш Макка аҳли)ни ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун Биз нозил қилган Китобдир” (Анъом сураси, 92-оят).
Қуръон – муборак каломдир. “Мана бу Биз нозил қилган муборак Китоб (Қуръон)дир, унга эргашингиз ва тақволи бўлингиз, токи раҳм қилингайсиз” (Анъом сураси, 155-оят).
“(Эй Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир (Сод сураси, 29-оят).
Қуръон – эслатмадир. “У (Қуръон) мўминлар учун (илоҳий) эслатма ҳамдир” (Аъроф сураси, 2-оят).
“Сиз улардан бу (даъватингиз) учун бирор ажр (ҳақ) сўрамайсиз. У (Қуръон) фақатгина (барча) оламлар учун бир эслатмадир, холос” (Юсуф сураси, 104-оят).
“Албатта, бу Қуръонда уларнинг эслатма олишлари учун (турли масал ва ҳикматларни) баён қилдик. (Лекин бу эслатмалар) уларни янада (ҳақдан) йироқлаштирмоқда” (Исро сураси, 41-оят).
“(Эй Муҳаммад!) Биз Сизга бу Қуръонни (дин ишида) машаққат чекишингиз учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун эслатма сифатида нозил қилдик” (Тоҳо сураси, 2-3-оятлар).
“Бу (Қуръон) Биз нозил қилган муборак эслатмадир. Ҳали сиз уни инкор қилувчимисиз?! (Анбиё сураси, 50-оят).
“Ҳолбуки, у (Қуръон барча) оламлар учун эслатмадир” (Қалам сураси, 52-оят).
“Ҳақиқатан, у (Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир” (Ҳоққа сураси, 48-оят).
“Йўқ! У (Қуръон) бир эслатмадир (Муддассир сураси, 54-оят).
“У (Қуръон), ҳақиқатан, бутун олам (халқи) учун эслатмадир (Таквир сураси, 27-оят).
Қуръон – раҳматдир. “Бу (Қуръон) имон келтирадиган қавм учун Раббингиздан кўрсатмалар, ҳидоят ва раҳмат (манбаи)дир” (Аъроф сураси, 203-оят).
“(Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган гап эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (манбаи бўлган бир Китоб)дир” (Юсуф сураси, 111-оят).
“Албатта, у (яъни Қуръон) мўминлар учун ҳидоят ва раҳматдир (Намл сураси, 77-оят).
Қуръон – зулматдан нурга олиб чиқувчи каломдир. “Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад! Бу Қуръон) Парвардигорларининг изни билан одамларни зулматлардан нурга, яъни қудрат ва ҳамд эгасининг йўлига олиб чиқишингиз учун Сизга Биз нозил қилган Китобдир” (Иброҳим сураси, 1-оят).
Қуръон – Аллоҳ таоло Ўзининг ҳимоясига олган каломдир. “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз” (Ҳижр сураси, 9-оят).
Қуръон – мўминлар учун башоратдир. “...ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси, 89-оят).
“(Эй Муҳаммад! Уларга) уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Қудус (Жаброил) Раббингиз (тарафи)дан имон келтирганларни (динда) собитқадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва башорат бўлган ҳолида барҳақ нозил қилганини (уларга) айтиб қўйинг!” (Наҳл сураси, 102-оят).
“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур” (Исро сураси, 9-оят).
“Албатта, бунда (Қуръонда) ибодат қилувчилар қавми учун хушхабар бордир (Анбиё сураси, 106-оят).
Қуръон – тақводорларга шифодир. “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир)ларга фақат зиённи орттирур” (Исро сураси, 82-оят).
Қуръон – мисли йўқ каломдир. Айтинг: “Қасамки, агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бирбирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг мислини келтира олмаслар” (Исро сураси, 88-оят).
Қуръон – турфа масаллар баён этилган калом. “Аниқки, (Биз) ушбу Қуръонда одамлар учун турли масал (маъно)лардан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўплари фақат инкор этишнигина ихтиёр этдилар” (Исро сураси, 89-оят).
Қуръон – бўлиб-бўлиб нозил қилинган калом. “Қуръонни одамларга вақти-вақти билан ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик” (Исро сураси, 106-оят).
Қуръон – ҳикмат ила нозил бўлган калом. “Биз уни (Қуръонни) ҳақиқат (ҳикмат) билан нозил қилдик ва (у ҳам) ҳақиқат билан нозил бўлди” (Исро сураси, 105-оят).
Қуръон – Аллоҳ таоло нозил қилган калом. “(Ўз) бандаси (Муҳаммад)га Китоб (Қуръон)ни нозил қилган зот (Аллоҳ)га – ҳамд!” (Каҳф сураси, 1-оят).
“Албатта, (бу Қуръон) оламлар Парвардигорининг нозил қилган (китоб)идир (Шуаро сураси, 192-оят).
“Бу Китобнинг (Қуръоннинг) нозил қилиниши, шубҳасиз, (барча) оламларнинг Парвардигори (томони)дандир (Сажда сураси, 2-оят).
“(Ушбу Қуръон) Қудратли ва Билимли Аллоҳ (томони)дан нозил қилинган Китобдир (Ғофир сураси, 2-оят).
“(Бу Қуръон) Қудратли ва Ҳикматли Аллоҳ (томони)дан нозил қилинган китобдир” (Жосия сураси, 2-оят).
Қуръон – муборак кечада нозил бўлган калом. “Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки, албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик...” (Духон сураси, 2-3-оятлар).
Қуръон – Аллоҳ таолонинг ваҳийсидир. “(Эй Муҳаммад!) Сизга ваҳий қилинган Раббингизнинг Китоби (Қуръон)ни тиловат қилинг!” (Каҳф сураси, 27-оят).
“У (ваҳий) фақат зикр (эслатма) ва аниқ Қуръондир (Ёсин сураси, 69-оят).
Қуръон –тиловати осон қилинган каломдир. “(Эй Муҳаммад!) Албатта, Биз тақво эгаларига хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни огоҳлантиришингиз учун уни (Қуръон тиловатини) Сизнинг тилингизга осон қилиб қўйдик” (Марям сураси, 97-оят)
Қуръон – араб тилида нозил бўлган калом. “Шунингдек, Биз уни араб тилидаги Қуръон шаклида туширдик ...” (Тоҳо сураси, 113-оят).
Қуръон – Аллоҳ таолонинг зикридир. “Ҳолбуки, уларнинг ўзлари Раҳмоннинг зикри (Қуръон)ни инкор этувчилардир (Анбиё сураси, 36-оят).
Қуръон – оятлари батафсил ёритилган каломдир. “У биладиган кишилар учун арабий Қуръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир (Фуссилат сураси, 3-оят).
Қуръон – зикри осон этилган каломдир. “Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик” (Қамар сураси, 17-оят).
Қуръон – фақат покизаларгина қўлига олувчи каломдир. “Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар” (Воқеа сураси, 79-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД