— Кўпинча чақалоқларнинг орқаси кўкариб туғилади, бунинг сабабини катталар: “Бола туғилаётган пайт фаришта келиб, унинг орқасидан итариб юборади, яъни туғилишига ёрдам беради, ўша кўкарган жой фаришталарнинг қўл изи бўлади”, деб айтишади. Шу гап қанчалик рост?
— Йўқ, ҳеч қандай фаришта туғилаётган боланинг орқасидан итармайди. Балки бола туғилган пайтда шайтон уни чимчилайди. Шунинг учун чақалоқлар қичқиради ва орқаси кўкаради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир бола туғилса ҳам, албатта, туғилиш пайтида уни шайтон тутади. Шайтон уни тутганидан қичқириб овоз чиқаради. Илло, Марям ва унинг ўғли ундай бўлмайди. Агар истасангиз, “Ва албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тиларман”ни қироат қилинг”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.