Имом Ибн Жавзий ўзининг «Сойдул хотир» китобида талабалик даврининг аввалида чеккан машаққатлари ва ўша қийинчиликларга қилган гўзал сабри ҳақида шундай сўзлайди: «Дарҳақиқат, толиби илмлик лаззати ичида юрганимда қаттиқ қийинчиликларга дуч келганман. Аммо мен ўрганишни истаган нарсалар бу мушкулотлар олдида асалдан ҳам тотли эди.
Ҳар кимда бор эрса олий бир истак,
Дуч келганин бари тотлидир, демак.
Ёшлигимда ўзим билан бирга қотган нон олиб, ҳадис ўрганиш учун йўлга чиқардим, сўнг Бағдоддаги Исо дарёсининг олдига бориб ўтирардим. Чунки бу қаттиқ нонни фақат сув билангина ейиш мумкин эди. Ҳар бир луқмани оғзимга солгач, орқасидан сув ичардим. У пайтда ҳимматим шу қадар эканки, кўзимга илм олиш лаззатидан бошқа нарса кўринмас эди. Бунинг самараси ўлароқ, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, ҳоллари ва одоблари, саҳоба ва тобеинларнинг аҳволи ҳақида энг кўп эшитган одам бўлиб танилдим».
Яна сўзларида давом этиб шундай дейдилар:
«Мен бир фан билан кифояланиб қолмай, фиқҳ, ҳадис ҳам эшитар, зоҳидларга эргашардим. Кейин луғат илмини ҳам ўргандим. Ривоят ва мавъиза қилган ҳеч бир кишини тарк қилмадим. Узоқ юртдан бирор киши келса, ёнида ҳозир бўлар ва ундан илму фазилат ўрганар эдим.
Ҳадис эшитиш мақсадида устозларнинг ёнига борардим. Дарсга кеч қолмай деб югурганимдан нафасим бўғзимга тиқилиб қоларди. На тонгда, на кеч кирганда ёйишга бирон нарсам бўлмасди. Лекин Аллоҳ таоло ҳеч қачон мени бирон кишига зор қилиб қўймади. Бу ҳақда сўзлайверсам гап узайиб кетади».
Шайх Aбдулфаттоҳ Aбу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳнинг «Саҳифалар» китобидан
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.