Ислом илм, маърифат ва инсоннинг манфаатларини ҳимоя қилувчи дин эканини барча яхши англаши лозим. Чунки Қуръон карим ва ҳадис шариф Исломнинг асосий манбалари бўлиш билан бирга, мусулмонлар ҳаётини ташкил этиш учун муҳим қўлланма ҳам ҳисобланади. Айнан мана шу жиҳатдан, мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти ва жамият фаровонлиги, ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни кўзлаб Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малакани талаб этади.
Мўътабар манбаларимизда, шариатга мувофиқ деб, эътироф этиладиган даражадаги ҳукмни чиқариш ҳамда фатво бериш ҳуқуқига эга бўлиш, кишига аввало араб тили, Қуръон ва қуръоншунослик илмлари ҳадис ва ҳадисшунослик илмлари, усулул-фиқҳ ва ислом тарихи каби бир қанча илмларни жуда чуқур ва мукаммал эгаллашликни вазифа қилиб қўйилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Оли Имрон” сурасининг 7-оятида: “У Сизга Китобни (Қуръонни) нозил қилган зотдир. Унда шу Китобнинг «онаси» саналмиш (маъноси) аниқ оятлар ва (шу билан бирга) яна муташобиҳ (маъноси Ўзидан бошқага номаълум) оятлар ҳам бор. Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур. Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса: «Унга имон келтирдик. Ҳамма (оятлари) Раббимиз ҳузуридандир», дейдилар. (Бундан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”, деб марҳамат қилади.
Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръон (оятлари) ҳақида ўз раъйи билан гапирса (тафсир қилса), тўғри қилган бўлса ҳам хато қилибди” деганлар.
Яъни, бундан шундай ҳикмат топамизки, кимки эътироф этилган устоздан илм олмай ва Қуръон тафсирига оид илмларни ўрганмай, ўзича Қуръонни тафсир қилишга киришиб, натижада Қуръонни тўғри тафсир қилган тақдирда ҳам, барибир хатога йўл қўйган ва оғир гуноҳни содир этган бўлади.
Бундан эса, устоз кўрмасдан, илмсиз равишда Қуръонни тафсир қилиш ва шунинг баробарида илмсиз равишда фатво бериш ўта хатарли иш экани яна бир бор равшанлашади.
Исро сурасининг 36-оятида эса, Аллоҳ таоло: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”, деб марҳамат қилган.
Ушбу оят ҳақида Қатода раҳимаҳуллоҳ “Кўрмаган нарсангни “кўрдим”, эшитмаган нарсангни “эшитдим”, билмаган нарсангни “биламан” дема! Чунки, Аллоҳ таборака ва таъоло буларнинг барчаси ҳақида сендан қиёмат куни сўровчидир”, деганлар.
Демак, ҳар бир инсон мусулмонларнинг аксари эътироф этмаган балки, эътироз билдирган ва рад этган шахслар ва тоифаларнинг гап-сўзига қулоқ солишдан, аслиятини кўрмаган нарсалари ҳақида гўёки аслини билгандек сўзлашдан, қалби ҳотиржам бўлмаган нарсалар ҳақида ўзбошимчалик билан тафаккур қилишдан узоқда бўлиши лозим. Аксинча бўлганда эса, бу мусулмон Қиёмат куни ўз ҳисоби ўта оғир бўлишини англаши муҳимдир.
Давоми бор.
Манбалар асосида
Акмалхон Ахмедов тайёрлади
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.
Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.
“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.
Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.
“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.
“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.
“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.
Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?
Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.
Манбалар асосида
Т.НИЗОМ тайёрлади.