Ойна – менинг энг яхши дўстим. Чунки йиғлаган пайтим у ҳеч қачон кулмайди.
Ч.Чаплин
***
Кимки, ёлғон сўзни бировга тўнкар,
Ўз қора юзини ёғга булайди.
Озгина ёлғон ҳам улуғ гуноҳдир,
Озгина заҳар ҳам ҳалок қилади.
Ҳазрати Алишер Навоий
***
Аллоҳга олтин тўла сандиғинг эмас, иймон тўла қалбинг муҳим.
Саййид Аброр Умар
***
Ҳар нарсанинг меъёри яхши. Одобнинг эса ортиғи.
Шамс Табризий
***
Ҳавойи нафсига эргашган инсоннинг йўли азобли ҳалокат билан якунланади.
Кўрдимки, дунёни яхши кўрган одамларга шайтон султон бўлар экан.
Шайх Нажмиддин Кубро
***
Муаллим савол қилди:
– Болалар, агар Аллоҳ ҳаммамизнинг жаннатга киришимизни истаса, нега бу дунёга юборди?
– Бир ўқувчи ўрнидан туриб жавоб берди:
– Муаллим сиз ҳам ҳаммамизнинг аъло баҳолар билан синфдан синфга кўчишимизни истайсиз, аммо нега имтиҳон қиласиз. Барчамизга бирдай беш баҳо қўйиб чиқмайсиз?!
***
Сохта мулозамат ҳиёнатдан дарак беради.
Тарих муҳрлаган сўзлар
***
Фасод бир илондир, бошин дарҳол эз,
Фасодчининг иши охири барбод.
Аллоҳ фасодчини ёмон кўради:
“Валлоҳу ла юҳиббул фасад…”
“Ҳикмат ёғдулари” китобидан
***
“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”.
Шарҳ сураси, 5-6 оят
***
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Ўтган солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:
من رام العلم جملة ذهب عنه جملة
."Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади"
Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган...
Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарини 13 йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳул Бухорий"ни 16 йилда, таҳорат олган ҳолда ва икки ракат нафл намоз ўқиб, ёзганлар...
Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олий ҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.
Муҳтарам толиби илм! Илмнинг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.
Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.