Бозор дарвозасидан кириб-чиқаётганлар дарвоза олдида совуқдан жунжикиб ўтирган чамаси уч-тўрт ёшли қизчага бефарқ қараб ўтолмасди. Кимдир унга қанд, кимдир юмшоқ кулча узатарди.
Ўттиз ёшлардаги аёл бозор-ўчарини қилиб бўлгач, дарвоза олдига келиб сумкаларини ерга қўйди. Шу пайт ёнгинасида катта-катта қора кўзлари жавдираб турган қизалоққа кўзи тушди. Совуқда дир-дир титраётган қизчага ичи ачиди. Яқинига келди. Музлаган қўлчаларидан тутиб, бағрига босди ва:
– Айланай қизим, совқотибсан-ку, ойинг қани? Нега бир ўзинг бу ерда турибсан?
Қизалоқ кўзларини юмиб-очиб, йиғлаб юборди:
– Ойим... Ҳозир келаман, деб... Келмади...
Аёл қизчани бағрига босаркан, чўнтакчасидаги букланган қоғозга кўзи тушди. Уни очиб, ўқий бошлади:
“Ассалому алайкум! Ким қизимни фарзандликка олиб, бағрига босса, мендек бағритош онани кечирсин. Ота-онам дунёдан ўтганига анча бўлди. Қизим билан ҳар жойда, ижара уйларда яшадим. Тикувчилик қилдим. Аммо ишим олдинга юрмай, жуда қийналдим. Қизим ҳам мен каби қийналишини истамайман. Кечқурун Россияга жўнаб кетяпман. Қизимни сийлаганларни Худо сийласин!..”.
Аёл хатни ўқиркан, кўзларидан дув-дув ёш оқарди. Қизчани бағрига босганча лаблари пичирлади: “Бечорагина...”. У қизчани даст кўтариб, бир қўлида сумкалар билан борарди. Уларнинг зил-замбилдек оғирлиги энди аёлга сезилмасди...!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти