Тошкент шаҳрида 2021-2023 йилларда маҳаллий ва хорижий ташаббускорлар томонидан жами қиймати 9,442 трлн. сўм миқдоридаги 90 та лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот хизмати маълум қилди.
Мазкур лойиҳаларда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 739,5 млн. долларни ташкил этиб, шундан 3 596 та хона ва 7 050 та ўринга мўлжалланган 66 та меҳмонхона, 12 та савдо, кўнгилочар бизнес маркази, 9 та маданият ва истироҳат боғи ва 3 та ҳунармандчилик марказлари барпо этилиши назарда тутилган.
Ҳозирда лойиҳалар бўйича манзилли рўйхат шакллантирилиб, мониторинг ишлари олиб борилмоқда. 2021 йилда туризм соҳасига доир инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 6 102 та янги иш ўрни яратилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати