CАВОЛ: Ассалому алайкум устозлар. Ҳозирда ижтимоий тармоқларда бундай хабарлар тарқамоқда: “Рамазон ойи 2021 йил 12 апрелдан бошланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир инсон бошқа бир инсонга Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатса, дўзах олови ўша инсон учун ҳаром қилинади” дeган. Шу ҳадис ишончлими?
ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом. “Бир инсон бошқа бир инсонга Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатса, дўзах олови ўша инсон учун ҳаром қилинади” мазмунида ҳадис йўқ! Балки, бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга тўқилган уйдирмалардан биридир. Буни бир неча жиҳатдан асослаш мумкин:
Биринчидан – ушбу тўқима “ҳадис”ни бирор ҳадис тўпламига келтирилмаган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган исноди – ровийлар силсиласи мавжуд эмас. Зеро, ҳар бир ҳадиснинг исноди бўлиши лозим. Агар бирор ривоятни исноди бўлмаса уни ҳадис деб, аташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун ҳам буюк муҳаддислардан бири Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи: “Иснод диндандир! Агар иснод бўлмаса, хоҳлаган кимса ўзи хоҳлагандек гапираверади”, деганлар.
Иккинчидан – Рамазон ойининг кириб келиш санаси олдиндан ҳеч кимга маълум бўлмайди. Балки, Рамазон ойининг ҳилолини кўриш билан маълум бўлади. Демак, у ҳақида аввалдан эслатиш мантиқан имконсиз ишдир.
Учинчидан – Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатган кишига дўзах олови ҳаром қилиниши ҳам шариатимизнинг умумий қоидаларига зиддир. Чунки, ким жаннатга кириши, ким дўзахга кириши бу каби амаллар билан белгиланмайди. Балки, шариат кўрсатмаларига амал қилиши билан белгиланади.
Имом Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг ҳадис илмига бағишланган китобида тўқима ҳадислар ҳақида сўз юритиб, муҳаддис олим ибн Жавзийдан қуйидагиларни нақл қилиб келтиради:
“Агар бирор ҳадисни ақлга тўғри келмаслигини ёки (саҳиҳ) нақлларга мувофиқ эмаслигини ёхуд асл манбаларга зид эканини кўрсанг, билгинки, у – тўқима ҳадисдир. Асл манбаларга зид эканидан мурод – муснадлар ва машҳур китоблардан иборат Ислом оламидаги (ҳадис) тўпламларига киритилмаганидир” (“Тадрибур-ровий”, 469-бет).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, билиб-билмай турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун бирор ривоятнинг ҳақиқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, нақл қилиш яхши эмас.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилишган).
Имом Муслимнинг ривоятида: “Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга ёлғонни билиб туриб тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин”, дейилган. Яъни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапни у зотдан, деб нақл қилиш, инсонни дўзах томонга етакловчи амалдир. Бундай йўл тутишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.
Муғийра ибн Шўъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг номимдан ёлғон деб гумон қилинган ҳадисни айтса, у ёлғончилардан биридир”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз тўқима ҳадисларни айтиш ва тарқатишдан қаттиқ қайтарганлар. Ҳатто баъзи уламолар уни гуноҳи кабиралардан санаган. Фақат ўша “ҳадис” тўқима эканидан огоҳлантириш мақсадида айтишга рухсат берилган.
Шундай экан билмаганлар билиб олсин, билганлар бошқаларга ҳам етказиб, огоҳлантириб қўйсин. Бу ишни қилиб, тўқима ривоятларни тарқатиб юрганлар тавба қилишсин, оддий-асоссиз гапларни ҳадис деб тақатишни тўхтатишсин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати.
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.