Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бирингиз ётоғига ётса, изорининг ички тарафи билан тўшагини қоқиб юборсин. Зеро, у ўзидан кейин тўшагига нима кирганини билмайди. Сўнгра бундай дейди: “Роббим! Номинг ила ётдим ва Сен ила тураман. Агар жонимни олсанг раҳм қил. Агар жонимни юборсанг (яъни, уйғонганда руҳи қайтарилиши) уни солиҳ бандаларингни сақлаганингдек асра” (Имом Бухорий ривояти).
Инсон ухлаш учун ётар экан, унинг танасидаги турли ҳашаротлар ва зарарли ҳужайралар танадан кўрпага ўтади. Ушбу зарарли ҳужайралар турли касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Ғарб олимлари ушбу ҳужайралар вақтида тозаланмаса, кўпайиб, касалликлар келтириб чиқаришини аниқладилар.
Ушбу муаммони бартараф этиш йўлларини бир неча йиллар давомида изладилар. Энг кучли тозалаш воситаларини ишлатиб, кўрпани ювдилар. Лекин ундаги зараркунанда ҳашаротлар қимир этгани ҳам йўқ. Охир оқибат кўрпани қўл билан уч марта қоқиб кўришди. Натижада, ўлик ҳужайра ва бошқа паразитлардан асар ҳам қолмади.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Аллоҳдан шайтон ёмонлигидан паноҳ сўраш.
Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдим, икки киши сўкиша кетди. Улардан бирининг юзи қизариб, бўйнидаги кўк томирлари бўртиб чиқди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен бир калимани биламан, агар ўшани айтса, ундан бу ҳолат кетади. Агар у “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” деса, ундан мана бу ҳолат кетади”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
2. Ушбу дуони ўқиш.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримга кирдилар. Жаҳлим чиқиб турган эди. “Эй Увайш (Оиша исмининг қисқартмаси)
“Аллоҳуммағфирлий занбий ва азҳиб ғойза қалбий ва ажирний минаш шайтони”
“Аллоҳим, гуноҳларимни кечириб, қалбим ғазабини кетказ ва шайтондан сақлагин” деб айт” дедилар» (Имом Ибн Сунний ривояти).
3. Таҳорат олиш.
Атийя ибн Урва Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта ғазаб шайтондандир. Шайтон ўтдан халқ қилинган. Ут эса сув билан ўчирилади. Агар сизлардан бирингиз ғазабланса, таҳорат қилсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД