Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бирингиз ётоғига ётса, изорининг ички тарафи билан тўшагини қоқиб юборсин. Зеро, у ўзидан кейин тўшагига нима кирганини билмайди. Сўнгра бундай дейди: “Роббим! Номинг ила ётдим ва Сен ила тураман. Агар жонимни олсанг раҳм қил. Агар жонимни юборсанг (яъни, уйғонганда руҳи қайтарилиши) уни солиҳ бандаларингни сақлаганингдек асра” (Имом Бухорий ривояти).
Инсон ухлаш учун ётар экан, унинг танасидаги турли ҳашаротлар ва зарарли ҳужайралар танадан кўрпага ўтади. Ушбу зарарли ҳужайралар турли касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Ғарб олимлари ушбу ҳужайралар вақтида тозаланмаса, кўпайиб, касалликлар келтириб чиқаришини аниқладилар.
Ушбу муаммони бартараф этиш йўлларини бир неча йиллар давомида изладилар. Энг кучли тозалаш воситаларини ишлатиб, кўрпани ювдилар. Лекин ундаги зараркунанда ҳашаротлар қимир этгани ҳам йўқ. Охир оқибат кўрпани қўл билан уч марта қоқиб кўришди. Натижада, ўлик ҳужайра ва бошқа паразитлардан асар ҳам қолмади.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот алайҳиссалом: "Тин олувчи ва ундан тин олинувчи", дедилар.
"Ё Аллоҳнинг Расули, тин олувчи ва ундан тин олинувчи нима?" дейишди.
У зот алайҳиссалом: "Мўмин банда (вафот этса) дунёнинг қийинчиликларидан истироҳат олади. Фожир банда (ўлса) ундан бандалар, элу юртлар, дов-дарахтлар ва жонзотлар қутуладилар", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз вафот этганида унга ўрни эртаю кеч кўрсатиб турилади: агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан экани, дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан экани. "Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича сенинг ўрнинг мана шудир", дейилади", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган).