Баъзилар динни фақатгина баданий ибодатдан иборат деб ўйлашади. Ҳолбуки, дин илм ва ибодатдир. Илмсиз дин фалокатдир.
Ўйлаб кўринг, бир пайтлар шундай кишилар чиқдики, саҳобалар уларнинг қилган амаллари олдида ўз амалларини оз ҳисоблаб қолишди. Аммо у кишиларда ибодат бўлсада англаш йўқ эди, фиқҳ йўқ эди, илм йўқ эди. Оқибат шу бўлдики, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг башариятнинг энг гултожлари бўлган саҳобалар розияллоҳу анҳумга қарши қилич кўтаришди.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бир қавм ибодатни исташди, илмни зое қилишди. Оқибатда Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматига қилич яланғочлаб қарши чиқишди. Агар улар илм олишганида илм уларни бундан тўсган бўлар эди!”.
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Илмсиз амал қиладиган киши ислоҳдан кўра кўпроқ фасод қилади. Илмни шундай талаб қилингки, ибодатга зарар етмасин. Ибодатни шундай қилингки, илмга зарар етмасин!”.
Ибодатнинг кўпи илмдан беҳожат қилмайди. Дин ва дунёни тушуниш албатта илмдадир!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан афзаллиги худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир”, дейдилар.
Бугун ҳам мусулмон умматини қони тўкилишида динсизлар билан бир қаторда илмсиз мусулмонларнинг, ақидаси бузуқ обидларнинг ҳам яхшигина ҳиссаси бор. Зеро, бир мусулмоннинг ноҳақдан қони тўкилганидан, Аллоҳ учун бу дунёнинг йўқ бўлиб кетиши енгилроқдир!
Абдулқодир Полвонов
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар Аллоҳ ҳузуридаги қадрингни билмоқчи бўлсанг, У сени нимада машғул қилиб қўйганига назар сол”.
Шарҳ: Инсонлар одатда ўз қадрини молу дунёси, лавозими, илм даражаси ёки халқ орасидаги обрўси билан ўлчайдилар. Аммо Аллоҳ наздидаги ҳақиқий қадр дунё матоҳлари, обрў-эътибор билан эмас, балки инсоннинг нимага муваффақ қилингани билан билинади.
Агар Аллоҳ таоло бандасини:
намозга,
Қуръон тиловатига,
илм ўрганиш ва ўргатишга,
ота-она хизматига,
одамларга манфаат етказишга,
яхши ахлоқ ва солиҳ амалларга муваффақ қилган бўлса, бу Аллоҳнинг унга бўлган лутфи ва эҳсонидан далолат.
Аллоҳнинг наздидаги қадрингни билишни истасангиз, тилингизни нима билан, қалбинг нима билан ва умрингизни нима билан ўтаётганига қаранг. Чунки Аллоҳ бандасини Ўзи яхши кўрган ишларда ишлатади.
Аксинча, инсон вақтини беҳуда ишларга, гуноҳларга, ғийбатга, дунёпарастликка сарфлаётган бўлса, бу унинг зиёнда экани, ўзини жиддий ҳисоб-китоб қилиб, тавба қилмаса У Зотнинг азобига қолишига сабаб бўлади.
Бу ҳикмат “Аллоҳ менга нима берди?” деган саволдан кўра, “Аллоҳ мени нимага муваффақ қилди?” деган савол муҳимроқ эканини ўргатади. Чунки неъматнинг энг буюги – Аллоҳга яқинлаштирувчи амалларга муваффақ бўлишдир.
Демак, ҳар бир инсон вақти-вақти билан ўзига шундай савол бериб туриши лозим: “Кунларим нималар билан ўтмоқда? Қалбим нимага боғланган? Кўпроқ қайси ишлар билан машғулман?”.
Чунки банданинг Аллоҳ наздидаги мақомига ишора қилувчи муҳим белгилардан бири – унинг қайси ишларга муваффақ қилиб қўйилганидир.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли