Бугунги кунимизда интернет ҳаётимизга шундай кириб келдики, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз. Шу билан биргаликда интернетда кенг тарқалиб бораётган ижтимоий тармоқлар ҳам ривожланди. Кўпчилигимиз бу тармоқлардан фойдаланамиз, бу жуда яхши албатта, лекин ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ҳам эҳтиёткор бўлишимиз керак. Чунки айнан мана шундай тармоқлар орқали оилалар бузилиб кетаяпти, ёшларимизнинг тарбияси бузилаяпти ва энг ачинарлиси, бузуқ ниятли ғаламиз кимсалар бу тармоқларни қармоққа айлантирмоқдалар.
Ижтимоий тармоқларда бўлаётган мулоқотлар аслида виртуал бўлсада, маълум одоб чегараси, ҳудудидан чиқиб кетмаслиги керак. Жуда кўп одамлар виртуал мулоқот деб, ҳақиқий воқеликдан воз кечмоқдалар. Аксар ҳолатларда ижтимоий тармоқлар одамларни ишдан чалғитмоқда, оила тинчлигини бузмоқда. Улар бу ишга шу даражада берилиб кетганидан дўстлари, ҳатто оилаларидан ҳам воз кечиш ҳолатлари нодир бўлмай қолди. Бугун ер юзида миллион-миллион одам виртуал ҳаёт билан бўлиб ҳақиқий ҳаётни унутиб қўймоқдалар. Ижтимоий тармоқларда кўп ўтирадиган одамларнинг иммунитет тизими бузилмоқда, ақли заифлик касалига мубтало бўлиш ҳолатлари содир бўлмоқда. Ҳаттоки, компьютер олдида кеча кундуз ўтириб тўсатдан вафот этганлар ҳам бор.
#xabar #seminar #imom #malaka
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ва иш самарадорлигини юксалтириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда 8–9 сентябрь кунлари Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш ҳамда Кадрлар бўлимлари ҳамкорлигида республикамиз бўйича янги лавозимга тайинланган 55 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари учун икки кунлик ўқув-семинари ўтказилди.
Машғулотлар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов, Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, шунингдек, Фатво маркази, Кадрлар билан ишлаш, Ички назорат бўлими мутасаддилари ўз йўналишлари бўйича маъруза қилдилар.
Хусусан, соҳа мутасаддилари томонидан муваффақиятли имом бўлиш омиллари, гўзал қироат ва тажвид қоидалари, шаръий масалаларга тўғри ёндашиш, фаолият самарадорлигини баҳолаш (KPI), қонун-қоидаларга қатъий риоя этиш, меҳнат муносабатлари ҳамда жамоат билан ишлаш кўникмалари юзасидан зарур амалий тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати