Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июл, 2025   |   25 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:29
Қуёш
05:07
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:55
Хуфтон
21:26
Bismillah
20 Июл, 2025, 25 Муҳаррам, 1447

Ислом жаҳолатнинг ҳар қандай кўринишига қарши

08.01.2021   1890   4 min.
Ислом жаҳолатнинг ҳар қандай кўринишига қарши

Экстремизм — ўта мутаассиб гуруҳларнинг ашаддий реакцион фаолияти бўлиб, ҳатто диннинг ўзига ҳам зарар келтиради. Уларнинг асосий мақсади – динни ниқоб қилиб, ҳокимиятни қўлга олиш, диний талабларнинг илк даражасига хос “софлиги”ни қайта тиклаш, диний талабларга мос сиёсий тузумни барпо этишдан иборат. “Экстремизм” бугун қулоғимизга энг кўп чалинаётган сўзлардан бири. У лотинча “extremе” сўзидан олинган бўлиб, ўта кескин чора-тадбирларни, фикр-қарашларни ёқловчи назария ва амалиётни англатади.

Экстремизм ва терроризм одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончига путур етказиб, халқаро миқёсдаги муаммоларни, жумладан турли диний эътиқод вакиллари бўлган халқлар, тамаддунлар (цивилизация) орасидаги ўзаро ишончга соя ташламоқда, жаҳон тараққиётининг тамал тоши бўлган халқаро иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг ривожланишига тўсиқ бўлмоқда.
Экстремизм, муқаддас динимиз, хусусан, энг мўътадил мазҳаб бўлмиш ҳанафий мазҳаби ақидаларига зид келади. Қуръони каримда таъкидланади: “Шундай қилиб, Биз сизларни ўрта уммат қилдик!” (Бақара сураси: 143-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ишларнинг энг яхшиси ўртача (мўътадил) бўлганидир” дея марҳамат қилганлар. Набий алайҳиссаломнинг ҳаётларига ибрат назари билан қарайдиган бўлсак, у зотнинг нақадар мўътадил, бағрикенг инсон бўлганларини кўрамиз. Расулуллоҳ алайҳис салом даврларида диний бағрикенглик сиёсати ўзининг бор кўринишида намоён бўлди. Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Нажрон насоролари делегацияси уларнинг катта епископи Абулҳорис бошчилигида Мадинаи мунавварага келади. Набий алайҳиссаломнинг кўрсатмалари билан уларнинг барчасига катта иззат-ҳурмат кўрсатилиб, уларга Мадина масжидида ўз ибодатларини адо этишлари учун шароит қилиб берилади. Набий алайҳиссалом амал қилган диний бағрикенглик сиёсати кейинчалик хулафои рошидин даври (Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу унҳумлар ҳукмронлик йиллари)да ҳам давом этди.

     Бундай мисли кўрилмаган бағрикенглик, ҳатто кўпгина ғарб шарқшунослари томонидан эътироф этилган. Жумладан француз шарқшуноси Жозеф Франсуа Мишон “Салиб юришлари тарихи” китобида қуйидагиларни ёзади: “Ислом – бағрикенглик дини. У патриархларни, руҳонийларни ва уларнинг ходимларини ҳар қандай солиқлардан озод қилган, ибодатга берилганлари учун уларни урушда ҳам ўлдиришни ман қилган. Умар ибн Хаттоб Қуддусни фатҳ қилгач, насороларга тегмаган. Салибчилар эса мазкур шаҳарни босиб олишганда мусулмонларнинг ва яҳудийларни аёвсиз қатл этишган эди”.

Мазкур шарқшунос ўзининг “Шарқ сари диний саёҳат” номли бошқа китобида насронийлар бағрикенглик ва олийжанобликни, ўзгалар билан ҳусни муомалани кўп ҳолларда мусулмонлардан ўрганганликларини ёзади: “Насронийлар таомул руҳини ва ҳусни муомала фазилатларни мусулмонлардан ўзлаштирганлар. Мана шуларнинг барига мусулмонлар ўз Пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг таълими туфайли эришганлар”.

Бугунги кунда динни ўзига ниқоб қилиб, ҳокимиятни қўлга олишга интилаётган турли оқим ва ташкилотлар ўз чиркин ғояларни тарғиб этишда ҳар қандай илғор услуллардан, хусусан интернет сайтларидан, турли ижтимоий тармоқлардан фойдаланётгани ҳеч биримизга сир эмас.

Зеро, бугунги кунда Ислом ниқоби остида ўз ғояларини амалга оширишга интилаётган ғаразли кимсаларнинг мақсад ва амаллари муқаддас динимизда илгари сурилган эзгулик, бағрикенглик ғояларига тамомила зиддир. Зеро, динни ниқоб қилиб қабиҳ ишларни амалга ошираётган бир гуруҳ мутаассиблар ер юзидаги бир ярим миллиарддан ортиқ мусулмоннинг дунёқарашини белгилай олмайди. Диний экстремизм қандай кўринишда бўлмасин, қандай ном билан аталмасин, Исломнинг асл моҳиятига заррача алоқаси йўқлигини ҳар биримиз яхши англаб етмоғимиз лозим.
Исломнинг чинакам ахлоқий асосларини англаб етган кишининг шафқатсизлик, ваҳшийлик, зўравонлик тарафдори бўлишини тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун огоҳлик, ҳушёрлик, илму маърифат ҳосил қилиш экстремизм ва террорчилик балосини таг-томири билан тугатишнинг энг самарали йўли ҳисобланади. Ислом жаҳолатнинг ҳар қандай кўринишига қарши. У одамлар қалбига тартибсизлик, душманлик, бузғунчилик, ёвузлик ва нафрат уруғини сочадиган кимсаларнинг хатти-ҳаракатларини ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди.

 

М.Хабибуллаев

Гурлан тумани бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Расулуллоҳ, сизга салавот қандай айтилади?”

16.07.2025   8049   1 min.
“Расулуллоҳ, сизга салавот қандай айтилади?”

حدثنا عباس الدوري نا محمد بن بشر العبدي نا مجمع بن يحيى عن عثمان بن موهب عن موسى بن طلحة عن طلحة قال: قلت: يا رسول الله كيف الصلاة عليك ؟ قال: قل :اللهم صل على محمد كما صليت على إبراهيم إنك حميد مجيد وبارك على محمد وعلى آل محمد كما باركت على إبراهيم إنك حميد مجيد.

 

Мусо ибн Талҳа розияллоҳу анҳу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга салавот қандай айтилади?” деб сўрадим.

 

У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадин камаа соллайта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд. Ва баарик ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммадин, камаа бааракта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд”, деб айт”, дедилар.

 

Салавотнинг маъноси: “Аллоҳим! Иброҳимга салавот йўллаганингдек, Муҳаммадга ҳам салавот йўллагин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан. Иброҳимга баракот берганингдек, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига ҳам баракот бергин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан”.


Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД