Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаати сўнгги йилларда мамлакат сиёсий ҳаётида анъанага айланди.
ЖИДУ "Халқаро муаммоларни амалий таҳлил қилиш" кафедраси катта ўқитувчиси Ихтиандр Увраимовнинг айтишича, Ўзбекистон раҳбари парламентга навбатдаги йиллик чиқишида ўтган давр мобайнида амалга оширилган кўплаб ишлар натижаларини сарҳисоб қилиб, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш бўйича аниқ таклифларни ифодалаган.
"Президент мамлакатда исломий молиявий механизмларни жорий этиш учун ҳуқуқий асос яратиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари экспертлари жалб қилинади", - дейди эксперт.
Унинг фикрича, Ўзбекистон Республикасининг ватандошларни ҳимоя қилишга қаратилган фаол ташқи сиёсати "Меҳр-3" операциясидан далолат беради. Яна 98 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар Суриядан қайтарилди.
"Бундан ташқари, тарихда биринчи марта Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгаши аъзоси этиб сайланди. АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистонни диний эркинликлар соҳасидаги "махсус кузатув" давлатлар рўйхатидан чиқариб ташлаши ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг эътирофидир", - дея таъкидлади у.
Шунингдек, у 2021 йилда БМТ шафелигида "Инсон ҳуқуқлари таълими" халқаро форуми, ёшлар ҳуқуқлари бўйича Жаҳон ёшлар конференцияси ва диний эркинликлар бўйича минтақавий конференция ўтказилишини маълум қилди. Бундан ташқари, Тошкентда Марказий Осиё минтақаси ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда "Жаҳон цивилизациялари чорраҳасида Марказий Осиё" халқаро конференциясини ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.
Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.
Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.
2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.
Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази