Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Сентябр, 2026   |   20 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:27
Қуёш
05:50
Пешин
12:23
Аср
17:00
Шом
18:59
Хуфтон
20:17
Bismillah
02 Сентябр, 2026, 20 Рабиъул аввал, 1448

Кўчат экиш, ерни обод қилиш – савобли амал!

02.11.2023   2817   5 min.
Кўчат экиш, ерни обод қилиш – савобли амал!

Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳолат ҳар бир ақли расо кишини бефарқ қолдирмаслиги турган гап. 

Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси 56-оят), деб келтирилган. Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради. 

Ер ва ундаги барча неъматларни келажак авлодга соф ҳолатда етказиш ҳар бир инсон олдидаги муҳим вазифаларидандир. Айниқса, бу имон-эътиқодли кишилар қалбида улкан масъулият ҳиссини оширади.

Динимиз озодалик ва покликка буюради. Ислом дини келган даврларда ҳозиргидек чиқиндилар, турли-туман зарарли тутун ва ҳоказолар чиқарувчи завод-фабрикалар, конлар, кимё заводлари, машина ва ҳоказолар бўлмаган. Одамлар бугунги кунимиздагидек кўп чиқинди ҳосил қилувчи маҳсулотларни ҳам истеъмол қилмаган. Табиат қўйнида, табиий неъматлардан озиқланган. Турли хил сунъий моддалардан тайёрланган хилма-хил ўрам, қадоқ ва бошқа идишлардаги егуликлар емаган. Бу эътибордан уларнинг чиқиндилари ҳам табиат ва муҳитга дўст бўлган безарар чиқиндилардан иборат бўлган. Уларнинг асосийси таом қолдиқлари бўлган, холос. Шундай бўлса ҳам динимиз ўша вақтнинг ўзидаёқ атроф-муҳит тозалиги, шахсий тозалик ва гигиена соҳасида келажак даврларга ҳам манфаатли бўлувчи кўрсатмаларни бериб қўйган.

Шундай экан, уйларимиз атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофини ҳашар йўли билан тозалаш, бўш жойларга кўчат экишдек гўзал одат қадимдан халқимиз орасида урф бўлиб келган. Аммо таассуфки, сўнгги пайтларда юртдошларимиз бу қадриятлардан узоқлашаётгандек гўё. Бугун ана шу қадриятларни давом эттиришимиз, динимизнинг поклик борасидаги ҳукмларига риоя қилиш ҳар кунгидан ҳам зарурдир.

Сув – ҳаёт манбаи ҳисобланиб, инсон у билан тирик. Ҳатто танамизнинг аксар қисмини айнан сув ташкил қилиши ҳаммага маълум. Уни исроф ва ифлос қилиш табиатга нисбатан хиёнатдир. Жаноб пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд розияллоҳу анҳуга: “Ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам, сувни исроф қилма!” дея қилган насиҳатлари бугунги кунда айни долзарб масала бўлиб турибди. Ота-боболаримиз ушбу ҳадисга йиллар давомида амал қилиб келишган. Биз ҳам ушбу ҳикматга, аввало ўзимиз риоя қилишимиз, қолверса, ўсиб келаётган ёш авлодга гўзал тарзда ўргатишимиз керак.

Йўллар ва соя-салқин жойлар барча инсонларнинг ҳаққи бўлиб, уларнинг ҳукми ҳам сув кабидир. Демак, сувни асраган каби соя – дарахтларни ҳам ҳимоя қилиш лозим.

Заминимиз шундай фазилатларга бойки, халқи чин меҳнаткаш, тупроғи тирик жондек  бағрида ҳамма нарса ўниб-ўсиб чиқади. Юртимиз об-ҳавоси ҳам мўътадил, оқар сувлари бор, бу эса деҳқончилик учун жуда ҳам яхши холатдир. Демак Аллоҳ таоло бизга шундай шароитни бериб қўйган экан, биз бу нарслардан унумли фойдаланишимиз керак.

Бундан қарийб икки йил аввал Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳа доирасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Эндиликда 25 октябрдан 1 декабргача “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди. Бу мавсумда 85 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмон бир дарахт ўтқазса ёки бир экин экса ва унинг меваси ва ҳосилидан инсон ё қуш ёки  ҳайвон тановул қиса унга садақанинг савоби бордир”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисда эса пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сизлардан бирингизнинг қўлида кўчат бўлган ҳолда қиёмат қоим бўлса, қўлидаги кўчатни экишга қодир бўлса, турмасдан кўчатни эксин”, дея марҳармат қилганлар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод  қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.

Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кирар, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан. Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!

Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

 

 

 

 

 

 

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

31.08.2026   74807   1 min.
13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.

Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.

Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.

Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.

Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари