САВОЛ: «Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида тасбеҳ бўлмаган, тасбеҳ кейинчалик қўлланган «бидъат» дейишади. Шунга нима дейсиз?»
Жавоб: Тасбеҳ – бидъат эмас. Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам тасбеҳ бор эди. Хурмо данакларидан, майда тошчалардан тасбеҳ ўрнида фойдаланишарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир ипни бир-бирига тугиб чиққанлар. У кишининг икки минг тугунли тасбеҳлари бор эди? Тасбеҳни бидъат дейиш нотўғри, чунки, динда бўлмаган нарсаларга бидъат, яъни, янгилик дейилади!
Юқорида айтилган хурмо данаклари, майда тошчалар, ип тугунлари саҳобаи киромлар томонидан тасбеҳларни ва зикрларни санаш мақсадида фойдаланган воситалардир.
Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам бармоқ билан санаганлар. Бу ҳам бир тасбеҳ. Ўн тўрт бўғин ўнг қўлда, ўн тўрт бўғин чап қўлда, жами 28 бўғин. Бунга 5 ни қўшсак, 33 та бўлади, аммо 100 гача, 1000 гача бармоқлар билан санашда адашасиз. Шунинг учун тасбеҳлардан фойдаланасиз.
Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳоний розияллоҳу анҳога «ҳар куни 100 марта «Лаа илоҳа иллаллоҳ» дегин» деб айтганлар. Умматларига «ҳар куни 100 марта «астағфируллоҳ» ни айтинглар, мен ҳам айтаман», – деганлар.
Энди бу 100 мартани адаштирмаслик учун инсоннинг имконида 100 бўғинли бир нарсанинг бўлишига нима зарурият бор? Зарурият шуки, бу суннат амалнинг гўзал бир шаклда бажарилиши учун воситадир. Етмиш тўққиз, саксон... деб саноғу ҳисобга машғул бўлмасдан тасбеҳ билан санасангиз, диққатингиз кўпроқ зикрда бўлади? Ҳисобда адашмайин десанг фикринг чалғийди. Бутун диққат-эътиборни зикрга беришда тасбеҳнинг бизга фойдаси кўп. Шу сабабли ҳам тасбеҳ – бидъат эмас.
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло анорни 3 марта, Ар-Раҳмон ва Анъом сураларида зикр қилган.
Хусусан, Ар-Раҳмон сурасининг 68-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Икковларида мева-чева, хурмо ва анорлар бор”.
Анор – юрак касалликлари ва суяк мўртлигидан ҳимоя қилади.
Анор кучли антиоксидант бўлиб, флавоноидлар, антоцианинлар, пуник кислота, эллагитаннинлар, алкалоидлар, фруктоза, сахароза, глюкоза ва оддий органик кислоталар каби бирикмаларга бой.
Шунингдек, анор вирусга қарши, қон босимини туширувчи ва яллиғланишга қарши хусусиятларга эга бошқа компонентларга ҳам эга.
Эрон юрак-қон томир тадқиқотлари институтига қарашли Физиология тадқиқот маркази олимлари томонидан ўтказилган илмий изланишлар натижаларида, анордан саратоннинг бир неча турлари, юрак-қон томир касалликлари, суяк мўртлиги ва ревматоид артритнинг олдини олиш ва даволашда фойдаланиш мумкинлиги таъкидланган. Бундан ташқари, анор яраларни битишини яхшилайди ва репродуктив тизим учун фойдалидир.
Анор – простата, кўкрак ва йўғон ичак саратонига қарши курашади.
Анор меваси простата саратонини даволашда самарали саналади. Чунки анор саратон ҳужайраларининг ўсишини тўхтатиб, уларнинг нобуд бўлишини рағбатлантиради.
Анор шарбати кўкрак саратони ва йўғон ичак саратони ҳужайраларига қарши курашади. Анор меваси саратонни даволашда қўлланиладиган кимётерапия дориси – “адриамицин” келтириб чиқарган оксидланиш стрессига қарши ҳимоя хусусияти борлиги исботланган.
Даврон НУРМУҲАММАД