Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Август, 2025   |   10 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:49
Қуёш
05:21
Пешин
12:34
Аср
17:30
Шом
19:41
Хуфтон
21:05
Bismillah
04 Август, 2025, 10 Сафар, 1447

Унутилаётган суннатлар (28-суннат): Мусулмон биродари ҳақига ғойибона дуо қилиш

22.12.2020   5741   1 min.
Унутилаётган суннатлар (28-суннат): Мусулмон биродари ҳақига ғойибона дуо қилиш

 

Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Мусулмон кишининг биродари ҳаққига қилган ғойибона дуоси ижобат қилинувчидир, унинг боши устида бир фаришта туради, қачон биродарига яхшилик тилаб дуо қилса, фаришта: «Омийн, сенга ҳам ўшанча бўлсин», дейди" (Имом Муслим ривояти).

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: "Аллоҳ йўлидаги биродарнинг дуоси ижобат қилинади", деганлар.

Киши ўз дўсти ҳақига унинг тириклигида ҳам, мамотидан кейин ҳам дуо қилиб туриш масъулиятидадир. Ўзига нимани сўраб дуо қилса, дўстига ҳам шуни сўраб дуо қилади.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бандаларга нолима, Аллоҳдан сўра!

01.08.2025   4521   3 min.
Бандаларга нолима, Аллоҳдан сўра!

Қай биримиз бу ҳаётда бир маротаба бўлса ҳам синов, имтиҳонга дуч келмаймиз?!

Қай биримиз касаллик, қийинчилик каби ҳолатларни бошимиздан ўтказмаймиз?!

Энди айтинг-чи, қаттиқ бетоб бўлиб қолсангиз нима қиласиз?!

“Роббим нима учун мени бу касалга йўлиқтирди? Қайси гуноҳим учун бу кунлар бошимга келди?” – дея нолийсизми?!

Йўқ! Аллоҳ таоло айтади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг!..»[1].

Ҳаёт – имтиҳонлар, синов ва машаққатлар диёридир!

Салафи солиҳлардан бири касаллиги ва камбағал эканидан шикоят қилиб ўтирган бир кишига қарата: “Ҳой, сенга раҳм қиладиган Зотнинг устидан сенга раҳми келмайдиганларга шикоят қилиш орқали бир нарсага эришмайсан!” деган экан.

Ривоят қилинишича, бир одам кўзи ожиз, қўл-оёғи ишламайдиган ёши катта кекса одамнинг олдидан ўта туриб, унинг: “Касалликлардан мени омонда сақлаган ва бандалари орасида мени фазилатли қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!” деяётганини эшитиб: “Аллоҳ сизни нималардан омондан сақлаганини билсам бўладими? Ахир қўл-оёғингиз ишламайдиган шол экансиз, сизга тегмаган касаллик қолмабди”, дебди. Бу гапларни эшитган шол, кўзлари ожиз қария: “Сени ҳам Аллоҳ таоло солиҳлар сафига қўшсин! Кўрмаяпсанми? Ахир Аллоҳ таоло менинг тилимни омонда қилиб қўйибди, мана шу тилим орқали мен ҳар онимда Аллоҳ таолога шукр қиламан ва яна қалбимни омонда сақлаб қўйибди, у орқали Аллоҳ таолони доимо зикр қиламан”, деган экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб ётган саҳройи арабнинг ҳолидан хабар олгани  келиб: “Ҳечқиси йўқ! Яхшисиз, иншоаллоҳ тузалиб кетасиз”, дедилар. Аъробий эса: “Яхши дейсизми? Безгак қийнаб юборди. Бу касал мени хароб қилди, энди шу билан қабрга кетсам керак”, деди. Набий алайҳиссалом: “Майли, ундай бўлса, шундай бўлгани маъқул” [2], дедилар.

Солиҳлардан бири бетоб бўлиб, кўздан қолибди. У оғриқнинг зўридан кечалари ухламай жуда қийналиб чиқар экан.  Шогирдларидан бири ҳол сўраб унинг олдига кирса, устози йиғлаб ўтирган экан. Шогирд устозига тасалли бериб: “Озор чекманг, озгина сабр қилсангиз, ҳаммаси ўтиб кетади”, дебди. Устози эса: “Йўқ, мен бетоблигим сабаб йиғламаяпман. Унинг боиси, Аллоҳ таоло мени имтиҳон қилишга лойиқ бандалардан қилиб, дард берганига хурсандлигимдан йиғлаяпман”, дебди.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бақара сураси, 155-оят.
[2]  Имом Бухорий ривояти.