Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръонни тўғри тиловат қилиш жуда ҳам муҳим бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили Жаброил алайҳиссаломга уни ўқиб бериб, ўтказиб турганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«... Жаброил алайҳиссалом Рамазоннинг ҳар кечасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан учрашиб, Қуръонни бир бирларига ўзаро ўқиб берар эдилар».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Уламолар ушбу ҳадисни шарҳлаб шундай дейишган: Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дарс қилишининг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни тажвид билан ўқиш ва ҳарфларини ўз махражидан чиқаришни ўргатиш ҳамда умматга Қуръонни устоздан оғизма-оғиз ўтказиб олиш лозим эканини билдириш учун бўлган. Чунки Қуръон мустақил ўрганиладиган китоб эмас. Балки шогирд устоздан оғизма-оғиз таълим олиб ўрганиши фарз бўлган китобдир.
Ҳар бир мусулмон киши Қуръон ўқишни билиши зарур бўлгани учун балоғатга етмаган ёш болаларга Қуръони Каримни таҳоратсиз ушлашга рухсат берилган. Бунинг сабаби агар Қуръон ёдлаётган ёш болалар ҳам таҳоратга буюрилса, улар таҳорат қилишга малолланиб, Қуръон ўқишдан тўсилиб қолади. Қуръонни ёдлаш ўта аҳамиятли бўлгани боис болалар Қуръондан узоқлашиб кетмасин деб, динимиз ёш болаларга Қуръонни таҳоратсиз ушлашга рухсат берди.
Ҳаммамиз яхши биламизки, намозда Қуръоннинг қироати намознинг рукни ҳисобланади. Шунинг учун намознинг қироатида йўл қўйилган баъзи бир хатолар намозни бузади. Бизнинг оғриқли нуқталаримиздан бири шуки, айрим намозхонлар намознинг қироати ва баъзи зикрларини тўғри талаффуз қилмайдилар. Қироат, сано, такбир ва ҳакозолардаги баъзи камчиликлар намозни буткул бузиб юборади. Бунга асло беэътибор бўлманг!!!
Қудратуллоҳ Сидиқметов
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати