بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ ومَن اِهْتَدَى، أَمَّا بَعْدُ
НИКОҲ РИШТАСИ УЗИЛМАСИН!
Муҳтарам жамоат! Оила инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг негизи ҳисобланган. Ҳар бир инсон ахлоқ-одоб ва ижтимоий муносабатларни оилада ўзлаштиради ҳамда шунга мувофиқ инсоний фазилатларни намоён этади. Баркамол инсонни шакллантириш, уни ҳаётга тайёрлаш ва эзгуликка йўналтириш – оиланинг муқаддас вазифасидир. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият мустаҳкам, турмуш янада фаровон бўлади.
Аллоҳ таоло оила қуриб яшаш инсоний фитратга мувофиқ эканини эслатиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً
яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир” (Рум сураси 21-оят).
Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан бири. Чунки айнан никоҳ битими туфайли бошқа-бошқа хонадонда, ўзга шароитларда вояга етган икки ёш бир оила бўлиб яшай бошлайдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида никоҳланишга тарғиб қилиб шундай деганлар:
"يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ مَنْ اسْتَطَاعَ منكُم الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّج، فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ، وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ، وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ"
(رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه)
яъни: “Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин, бу унинг учун (ҳаромдан) сақланишидир" (Имом Бухорий ривоятлари).
Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида динимиздаги гўзал одатларидан ҳисобланади. Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.
Муҳтарам жамоат! Никоҳ ва оилага алоқадор бўлган муҳим бир шаръий масала – талоқ масаласидирки, бугунги кунда баъзилар ушбу нозик масалага енгил қарамоқдалар. Билиб-билмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар.
“Талоқ” сўзи айтилганда никоҳ бузилади. Аслида, талоқ – энг охирги чора сифатида жорий қилинган бўлиб, Аллоҳ таолога хуш келмаслиги ҳадиси шарифларда ворид бўлган. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилганлар:
"أَبْغَضُ الْحَلاَلِ إِلَى اللهِ الطَّلاَقُ"
(رَوَاهُ الإمَامُ أَبُو دَاوُدَ عَنْ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه)
яъни: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ учун энг нохуш нарса – талоқдир” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Баъзи эрлар ўзлари ва оилаларига бахтсизлик ва мушкулот йўлини тутиб, шариат ҳукмларига хилоф тарзда “талоқ” сўзини кўп ва бўрттириб қўллаш ҳолатлари авж олмоқда. Аслида бу – улкан маъсият ва ҳаддан ошишдир. Маҳмуд ибн Лабид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда шундай дейилган:
"أُخْبِرَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ رَجُلٍ طَلَّقَ اِمْرَأَتَهُ ثَلَاثَ تَطْلِيقَاتٍ جَمِيعًا، فَقَامَ غَضْبَانَ ثُمَّ قَالَ: "أَيُلْعَبُ بِكِتَابِ اَللَّهِ تَعَالَى، وَأَنَا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ" حَتَّى قَامَ رَجُلٌ، فَقَالَ: "يَا رَسُولَ اللَّهِ أَلَا أَقْتُلُهُ"
(رَوَاهُ الإمَامُ النَّسَائِيُّ عَنْ مَحْمُودِ بْنِ لَبِيدٍ رضي الله عنه)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабнок ҳолда ўрниларидан туриб: “Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”, – дедилар. У Зотнинг қаттиқ ғазабланганларидан ҳатто бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривоятлари).
Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан аёлни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур. Тилга эрк бериб, ноўрин “талоқ” сўзини айтган ёхуд унда ҳаддидан ошиб, бир лафзда “уч талоқ”, “минг талоқ” ёки “қум талоқ” каби иборалар ила хотинига талоқ қилган киши улкан гуноҳни амалга оширган, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиб, шайтонни хурсанд қилган бўлади.
Ҳозирги кунда шариатдан бехабар баъзи эрлар аёллари билан муносабатлари бузилса, “Мен энди аёлим билан яшамайман, уни нафақа билан ҳам таъминламайман, талоғини ҳам бермайман”, дейди. Бунда аёл на оилали бўлмай, на эридан ажрала олмай, йиллаб аросатда қолиб кетмоқда. Бундай қилишдан қайтариб Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай деган:
وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًا لِتَعْتَدُوا وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ وَلَا تَتَّخِذُوا آَيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا
яъни: “...Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!...” (Бақара сураси 231-оят).
Аёлларга бундай зулм қилиш шариатимизнинг барча кўрсатмаларига зиддир.
Муҳтарам азизлар! Оилавий ҳаёт кечириш динимиз кўрсатмаларига мувофиқ бўлса, у ҳақиқатда мустаҳкам ва бардавом бўлади. Бугунги кунда жума марузалари, давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситалари ва турли тадбирларда оиланинг муқаддаслиги, уни асраб авайлаш зурурлиги, эр-хотиннинг ўзаро ҳақ-ҳуқуқлари каби оилага боғлиқ масалалар ҳақида суҳбатлар олиб борилмоқда. Лекин минг афсуски, жамиятда оилавий ажримлар тез-тез учраб турибди. Бу ажримларнинг ўзига яраша сабаблари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:
"مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ"
( رَوَاهُ الأمام التِّرْمِذِيُّ عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْعَاصِ رضي الله عنه)
яъни: “Ота ўз фарзандига яхши одобдан кўра афзалроқ нарса ҳадя қила олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
яъни: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз! Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси 19-оят).
Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"لَا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ"
(رواه الإمام مسلم)
яъни: “Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, эр хотинининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузишга шошилмаслиги, балки унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, шу билан кўнглини тўқ қилиб юриши керак экан. Ҳозирги пайтда сабр, қаноат, бағрикенглик, муроса каби фазилатлар камайиб кетаётгандай. Ҳозирда баъзиларимиз оила қурса, тез фурсатда уй-жойли бўлса, машина олсада, дарров алоҳида уйли бўлиб, чиқиб кетса. Оила аъзоларига ҳурмат, қайнота-қайнонанинг дуоларини олиш деган шарафли фазилатларга эътибор камайиб кетаётгандай, гўё.
قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур сураси 30-оят).
Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади: бешарм ва беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва дағал бўлиш, молу дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетиш”, – дер эдилар.
Азизлар! Маст қилувчи ичимликлар, гиёҳвандлик, беҳаёлик ва зино каби шариатимиз қаттиқ ва қатъий қайтарган ишларни қилиш оқибатида ҳам жуда кўп оилалар бузилмоқда. Ногирон фарзандлар дунёга келмоқда. Баъзи эркаклар ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликни одат қилиб, оила тинчлигига путур етказади, охири талоқ вужудга келиб, оила пароканда бўлади. Натижада хотин бева, болалар эса тирик етимга айланади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлиб, оила бузилиши қариндошлар нотинчлиги, жамият заифлашувига олиб келади.
Шундай экан, барчамиз биргаликда ушбу омилларнинг олдини олишимиз лозим. Фарзандларимизга оила маданияти ва оилавий муносабатларни ёшлик пайтиданоқ ўргатиб боришимиз керак. Шунда оилаларимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, юртимиз обод ва жамиятимиз маънан соғлом бўлади, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандларимизнинг бахт-саодати йўлида фидойилик кўрсатиб, уларга ҳаётий тажрибаларимизни эринмай ўргатадиган ота-оналардан бўлишга муваффақ қилсин! Омин!
Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “Нафс тарбияси – саодат калити” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.
Шри-Ланканинг “Сolombo Times” нашрида “Ўзбекистонда Янги уйғониш даври: келажак технологиялари ёрдамида буюк ўтмишни қайта тиклаш” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Шри-Ланкалик таниқли журналист Фазан Наваз томонидан ёзилган ушбу материалда сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари хусусида сўз юритилган.
Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиё марказида сокин, аммо улкан аҳамиятга эга инқилоб юз бермоқда. Бу кураш қурол-яроғ билан эмас, балки қўлёзмалар, музейлар ва микрочиплар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жаҳон илм-фани, шеърияти ва фалсафасининг етакчи марказлари бўлган Ўрта асрлардаги “Олтин аср” шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.
Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон минг йилдан зиёд тарихга эга маданий меросни асраш, қайта тиклаш ва кенг оммага етказиш учун сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.
Нашрда Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда уни сақлаш бўйича ислоҳотларга тўхталиб ўтилган. Қайд этилганидек, бу замин инсоният тарихидаги энг буюк алломаларга бешик бўлган. Астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Самарқандда юлдузларни ҳайратланарли даражада аниқ кузатиш имконини берган расадхона барпо этган. Хоразмдаги Маъмун академияси олимлари эса Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал математика ва тиббиёт соҳаларида юксак ютуқларга эришган эди.
Ўзбекистон етакчиси бу тарихий меросни тез-тез тилга олиб, Мирзо Улуғбекни нафақат буюк олим, балки илм-фанни энг юксак қадрият деб билган давлат арбоби сифатида таърифлайди. Давлат раҳбари бугунги янгиланиш жараёнини “Учинчи Ренессанс” деб атаб, уни Ўзбекистоннинг илму маърифат ва маданият маркази сифатидаги мавқеини қайта тиклашга қаратилган умуммиллий лойиҳа сифатида баҳолайди. Тарихчилар таъбири билан айтганда – бу атама минтақада аввал мавжуд бўлган икки буюк юксалиш давридан кейинги навбатдаги уйғониш босқичини англатади.
Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш шунчаки гап эмас, балки давлат сиёсатига айланган.
“Бу улкан мақсаднинг энг ёрқин рамзи жорий йил Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказидир. 2026 йил март ойида 40 мамлакатдан ташриф буюрган 1500 дан ортиқ мутахассис иштирокида қуриб битказилган мазкур марказ ўз бағрида ислом оламининг энг ноёб ёдгорликларидан бири – VII асрга мансуб Усмон Мусҳафини сақлайди. Шунингдек, бу ерда илмий лабораториялар, реставрация устахоналари ва архивлар фаолият юритади. Марказ аллақачон дунёдаги энг чиройли янги музейлардан бири сифатида эътироф этилган”, – дея қайд этган журналист.
Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ёндашувининг бошқалардан ажратиб турадиган муҳим жиҳати – бу сунъий интеллектдан иқтисодий тараққиёт воситаси сифатидагина эмас, балки маданий меросни муҳофаза қилиш воситаси сифатида ҳам фойдалаётганидадир.
Сунъий интеллект туризм соҳасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Бу ташаббус 2026 йилда мамлакатга 12 миллион сайёҳни жалб қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.
Фазан Наваз ўз мақоласини “Учинчи Ренессанс” ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бироқ бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон қандай йўлдан одимлаб бораётгани аниқ кўриниб турибди”, – деган сўзлар билан якунлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати