Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

18.12.2020 й. Никоҳ риштаси узилмасин!

15.12.2020   8758   13 min.
18.12.2020 й. Никоҳ риштаси узилмасин!

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ ومَن اِهْتَدَى، أَمَّا بَعْدُ

НИКОҲ РИШТАСИ УЗИЛМАСИН!

Муҳтарам жамоат! Оила инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг негизи ҳисобланган. Ҳар бир инсон ахлоқ-одоб ва ижтимоий муносабатларни оилада ўзлаштиради ҳамда шунга мувофиқ инсоний фазилатларни намоён этади. Баркамол инсонни шакллантириш, уни ҳаётга тайёрлаш ва эзгуликка йўналтириш – оиланинг муқаддас вазифасидир. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият мустаҳкам, турмуш янада фаровон бўлади.

Аллоҳ таоло оила қуриб яшаш инсоний фитратга мувофиқ эканини эслатиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

  وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً

яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир” (Рум сураси 21-оят).

Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан бири. Чунки айнан никоҳ битими туфайли бошқа-бошқа хонадонда, ўзга шароитларда вояга етган икки ёш бир оила бўлиб яшай бошлайдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида никоҳланишга тарғиб қилиб шундай деганлар:

"يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ مَنْ اسْتَطَاعَ منكُم الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّج، فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ، وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ، وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ"

(رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه)

яъни: “Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин, бу унинг учун (ҳаромдан) сақланишидир" (Имом Бухорий ривоятлари).

Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида динимиздаги гўзал одатларидан ҳисобланади. Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.

Муҳтарам жамоат! Никоҳ ва оилага алоқадор бўлган муҳим бир шаръий масала – талоқ масаласидирки, бугунги кунда баъзилар ушбу нозик масалага енгил қарамоқдалар. Билиб-билмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар.

“Талоқ” сўзи айтилганда никоҳ бузилади. Аслида, талоқ – энг охирги чора сифатида жорий қилинган бўлиб, Аллоҳ таолога хуш келмаслиги ҳадиси шарифларда ворид бўлган. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилганлар:

"أَبْغَضُ الْحَلاَلِ إِلَى اللهِ الطَّلاَقُ"

(رَوَاهُ الإمَامُ أَبُو دَاوُدَ عَنْ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه)

яъни: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ учун энг нохуш нарса – талоқдир” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Баъзи эрлар ўзлари ва оилаларига бахтсизлик ва мушкулот йўлини тутиб, шариат ҳукмларига хилоф тарзда “талоқ” сўзини кўп ва бўрттириб қўллаш ҳолатлари авж олмоқда. Аслида бу – улкан маъсият ва ҳаддан ошишдир. Маҳмуд ибн Лабид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда шундай дейилган:

"أُخْبِرَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ رَجُلٍ طَلَّقَ اِمْرَأَتَهُ ثَلَاثَ تَطْلِيقَاتٍ جَمِيعًا، فَقَامَ غَضْبَانَ ثُمَّ قَالَ: "أَيُلْعَبُ بِكِتَابِ اَللَّهِ تَعَالَى، وَأَنَا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ" حَتَّى قَامَ رَجُلٌ، فَقَالَ: "يَا رَسُولَ اللَّهِ أَلَا أَقْتُلُهُ"

(رَوَاهُ الإمَامُ النَّسَائِيُّ عَنْ مَحْمُودِ بْنِ لَبِيدٍ رضي الله عنه)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабнок ҳолда ўрниларидан туриб: “Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”,дедилар. У Зотнинг қаттиқ ғазабланганларидан ҳатто бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” деб юборди” (Имом Насаий ривоятлари).

Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан аёлни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур. Тилга эрк бериб, ноўрин “талоқ” сўзини айтган ёхуд унда ҳаддидан ошиб, бир лафзда “уч талоқ”, “минг талоқ” ёки “қум талоқ” каби иборалар ила хотинига талоқ қилган киши улкан гуноҳни амалга оширган, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиб, шайтонни хурсанд қилган бўлади.

Ҳозирги кунда шариатдан бехабар баъзи эрлар аёллари билан муносабатлари бузилса, “Мен энди аёлим билан яшамайман, уни нафақа билан ҳам таъминламайман, талоғини ҳам бермайман”, дейди. Бунда аёл на оилали бўлмай, на эридан ажрала олмай, йиллаб аросатда қолиб кетмоқда. Бундай қилишдан қайтариб Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай деган:

 وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًا لِتَعْتَدُوا وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ وَلَا تَتَّخِذُوا آَيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا

яъни: “...Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!...” (Бақара сураси 231-оят).

Аёлларга бундай зулм қилиш шариатимизнинг барча кўрсатмаларига зиддир.

Муҳтарам азизлар! Оилавий ҳаёт кечириш динимиз кўрсатмаларига мувофиқ бўлса, у ҳақиқатда мустаҳкам ва бардавом бўлади. Бугунги кунда жума марузалари, давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситалари ва турли тадбирларда оиланинг муқаддаслиги, уни асраб авайлаш зурурлиги, эр-хотиннинг ўзаро ҳақ-ҳуқуқлари каби оилага боғлиқ масалалар ҳақида суҳбатлар олиб борилмоқда. Лекин минг афсуски, жамиятда оилавий ажримлар тез-тез учраб турибди. Бу ажримларнинг ўзига яраша сабаблари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

  • Эр-хотин бир-бирларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмасликлари. Ҳозирги кунда эр-хотин ҳақ-ҳуқуқлари борасида ёзилган адабиётлар кўп бўлиб, улардан албатта оила қуриш арафасидаги ёшлар фойдаланиши зарур. Демак, ҳар бир ота-она тўйдан олдин фарзандларининг фақат моддий жиҳатларига эмас, балки маънавий дунёси, диёнати, тарбияси ва одоб-ахлоқига кўпроқ эътибор бериши лозим ва лобуддир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар:

"مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ"

( رَوَاهُ الأمام التِّرْمِذِيُّ عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْعَاصِ رضي الله عنه)

яъни:Ота ўз фарзандига яхши одобдан кўра афзалроқ нарса ҳадя қила олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).

  • Эр-хотинларнинг муносабатларида сабр-тоқат ва ўзаро бағрикенгликнинг етишмаслиги. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидириш оилавий муносабатларга путур етказади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эр хотинининг бир ёмон хулқидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмасин. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

 وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

яъни: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз! Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси 19-оят).

Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"لَا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ"

(رواه الإمام مسلم)

яъни: “Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).

Демак, эр хотинининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузишга шошилмаслиги, балки унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, шу билан кўнглини тўқ қилиб юриши керак экан. Ҳозирги пайтда сабр, қаноат, бағрикенглик, муроса каби фазилатлар камайиб кетаётгандай. Ҳозирда баъзиларимиз оила қурса, тез фурсатда уй-жойли бўлса, машина олсада, дарров алоҳида уйли бўлиб, чиқиб кетса. Оила аъзоларига ҳурмат, қайнота-қайнонанинг дуоларини олиш деган шарафли фазилатларга эътибор камайиб кетаётгандай, гўё.

  • Эр-хотин ҳаётига баъзи ота-оналарнинг ноўрин аралашуви. Мана шу нарса ҳозирги кундаги ёш оилаларнинг бузилишига энг катта сабаблардан бири бўлмоқда. Ёш оилалардан кўпинча “мен аёлим билан яхши муносабатдаман, лекин ота-онам келин билан муроса қилолмаяпти”, – деган гапларни эшитамиз. Ҳатто фарзандига: “Келинга жавобини бермасанг, сени оқ қиламиз”, – деб айтаётган ота-оналар ҳам бор. Минг афсуслар бўлсинки, талоқнинг келиб чиқишига кўп ҳолларда талоқнинг олдини олиши керак бўлган шахслар – ота-оналар сабабчи бўлиб қолишмоқда. Шуни яхши билиш лозимки, ота-она фарзандини аёлига талоғини беришга мажбурлашга ҳаққи йўқ. Аксинча ёши катталар ёшларни сабр ва шукрга чақириб, оилани сақлаб қолишга тарғиб қилишлари керак. Ҳар бир мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун қўлидан келган барча яхшиликларини қилиши шарт. Аммо ота-онаси хоҳламай қолган, лекин рисоладагидек аёлни талоғини бериш мумкин эмас. Балки уларнинг ўртасини ислоҳ қилиб, адолат билан иш тутиб, оиласини сақлаб қолиш айни муддаодир.
  • Телефон ва интернетдаги “ҳаёсизликлар” оилани барбод бўлишида асосий сабаблардан яна биридир. Бу масала ҳам эркак, ҳам аёлга тегишлидир. Маълумки, телефон ва интернет олами – Аллоҳнинг бандаларига ато этган неъматларидан биридир. Узоқдаги яқинлар билан алоқа, катта ҳажмдаги кутубхона ҳамда иш фаолиятдаги қулайликлар ва ҳоказо. Бироқ, бу неъматни кимлардир фитна, бузғунчилик, бузуқлик, ҳаёсизлик манбаларига айлантириб улгурдилар. Номаҳрам инсонлар билан ижтимоий тармоқларда суҳбатлашувлар натижасида аксар оилалар бузилмоқда. Аллоҳ таоло бундай ҳолатдан қайтариб, шундай деган:

 قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

яъни: (Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур сураси 30-оят).

  • Оилалар пароканда бўлишига жиддий сабаблардан яна бири бу – молпарастликдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “Ҳар бир умматнинг фитнаси (синови) бор. Умматимнинг фитнаси молу дунёдир”. Ҳадиси шарифга эътибор беринг. Молу-дунё – бизга берилган синов экан. Мана шу синовда келажагимиз бўлган ёшларнинг ҳаётини барбод қилиш, уларни бебахт қилиш яхшимикан? Арзимаган матоларни деб фарзандларини бахтсиз қилиб қўяётган ота-оналар афсуски, кун сайин кўпайиб бормоқда. Аслида бахту-саодат, оилавий фароғат дегани фақат молу-дунё билан ўлчанмайди. Иқтисодий имконият кенг бўлгани билан маънавий жиҳатдан инсон қашшоқ бўлиши – бахтсизликдир.

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади:  бешарм ва беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва дағал бўлиш, молу дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетиш”, – дер эдилар.

Азизлар! Маст қилувчи ичимликлар, гиёҳвандлик, беҳаёлик ва зино каби шариатимиз қаттиқ ва қатъий қайтарган ишларни қилиш оқибатида ҳам жуда кўп оилалар бузилмоқда. Ногирон фарзандлар дунёга келмоқда. Баъзи эркаклар ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликни одат қилиб, оила тинчлигига путур етказади, охири талоқ вужудга келиб, оила пароканда бўлади. Натижада хотин бева, болалар эса тирик етимга айланади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлиб, оила бузилиши қариндошлар нотинчлиги, жамият заифлашувига олиб келади.

Шундай экан, барчамиз биргаликда ушбу омилларнинг олдини олишимиз лозим. Фарзандларимизга оила маданияти ва оилавий муносабатларни ёшлик пайтиданоқ ўргатиб боришимиз керак. Шунда оилаларимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, юртимиз обод ва жамиятимиз маънан соғлом бўлади, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандларимизнинг бахт-саодати йўлида фидойилик кўрсатиб, уларга ҳаётий тажрибаларимизни эринмай ўргатадиган ота-оналардан бўлишга муваффақ қилсин! Омин!

 

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси Нафс тарбияси – саодат калитиҳақида бўлади, иншааллоҳ.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Чин уста қолдими? (қидиряпман)

10.08.2026   1505   8 min.
Чин уста қолдими? (қидиряпман)

Бугуннинг гапи

“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
 

“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
 

 “Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
 

Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.


Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.


Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!


Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).


Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.


Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.


Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.


Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.


Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.


Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.


Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.


Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.


Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.


Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:

  •  Мен ҳам (ҳар бир шахс) жамиятнинг аъзосиман. Уй қурмоқчиман, лекин қурувчилик қўлимдан келмайди. Демак, устага эҳтиёжим бор. Унинг олдига бориб, уй қурмоқчиман, шартнома тузайлик, дейман. Усталар касби ортидан ризқ топади. Улар билан келишиб, бугунги нахр бўйича муайян сумма белгиланади. Муддати ва сифат кўрсаткичлари келишиб олинади. Ҳозирга кунда, Аллоҳ билувчироқ, устаман деганларнинг 70 фоизи алдамчи, найрангбоз, ҳийлакор: келишилган кунда белгиланган манзилга етиб келмайди, ишга кеч келиб, эрта кетади, вазифасини пухта бажармайди, ишини битирмасдан олдин пул сўрайди. Такасалтанг, таралла-бедод қилиб юради. Уйнинг эгаси ҳам хижолатда қолади. Аксарияти шунақа. Бундай усталарга ким ишонади? Уларга ким иш беради? Бундай тоифалар ўзига ўзи қилади, улар омадсизликни ўзларига чорлаб оладилар.


Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.


Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.

 

Толибжон НИЗОМ

Мақолалар