— Бир ёшли ва уч ёшли фарзандларим бор. Улар асосан қорни билан ухлашади. Уйғоқ пайтларида ҳам қорни билан ётишади. Бу мумкин эмаслигини ўқиганман. Албатта, болаларни тўғри ётқизишга ҳаракат қиламан, лекин барибир шундай ётишяпти. Нима қилсам бўлади?
— Динимиз қорин билан ётишдан қайтаришини фарзандларингизга аста-секин ўргатиб боринг. Тихфатул Ғифорий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда чалқанча ҳолатда ухлаб ётганимни кўриб қолдилар. Оёқлари билан туртиб: “Бу уйқу нимаси?! Буни Аллоҳ ёмон кўради”, дедилар” (Имом Ибн Можа ривояти).
Қолаверса, бундай ётиш инсон саломатлиги учун ҳам зарар бўлиб, буни дунё мутахассислари илмий исботладилар. Юзтубан ухлашда инсон кўкрак қафаси тўлиқ нафас ололмайди. Бўйин мушаклари мускулга айланиши оқибатида қон томирлари шикастланади. Бел қисмининг эгилиши ички органларга кучли босим ўтказади.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
2025 йилги Ҳаж сафарида иштирок этган юртдошларимиз “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасида фаол иш олиб бормоқдалар. Ушбу ташаббус доирасидаги навбатдаги намунавий-амалий тадбир Фарғона вилояти Данғара туманида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирок этиб, тадбирга бошчилик қилди. “Саййид Аҳмадхон ҳожи” жоме масжидида ўтказилган йиғилишда тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ уч йўналишда фаолият олиб борди. Жумладан:
– Ҳаждан қайтган зиёратчилар маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилди;
– 65 та оилага борилиб, маънавий суҳбат ва амалий ёрдамлар кўрсатилди;
– 9 та хонадондаги руҳий-маънавий қийинчиликлар ўрганилиб, маслаҳатлар берилди.
– Оилавий келишмовчилик сабабли нотинч бўлиб турган оилаларга суҳбат ва насиҳатлар ўтказилди. Натижада 2 та аразлашган оила яраштирилиб, 1 та ажримнинг олди олинди;
– Судланганлар, жазо муддатини ўтаётганлар ҳамда уларнинг оилалари билан мулоқот қилинди.
– Ногирон ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, моддий-маънавий кўмак кўрсатилди.
Туманнинг Таптиқсарой маҳалласида ёнғин оқибатида зарар кўрган хонадонни қайта таъмирлаш ишлари ҳомийлар ва ҳожилар кўмагида бошлаб юборилди. Бош имом-хатиб Убайдуллоҳ домла ушбу хонадонга ташриф буюриб, мулоқот қилди ҳамда тавсиялар берди.
Бундан ташқари, “Доимобод” маҳалласидан бўлган, ногиронлиги бор фуқаронинг уйига ҳам ташриф уюштирилиб, тугалланмаган уй қурилиши учун зарур қурилиш материаллари етказилди.
Пешин намозидан сўнг Ишчи гуруҳ таркибидаги иқтидорли имом-хатиблар жамоатга маъруза қилиб, тинчлик, осойишталик ва халқ фаровонлиги учун дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати