Энг сўнГги манзиллар
١8 - لِأَهْلِ الْخَيْرِ جَنَّاتٌ وَنُعْمَى وَلِلْكُفَّارِ أَدْرَاكُ النَّكَالِ
Маънолар таржимаси:
Солиҳ бандаларга жаннатлар ва шоду хуррамликлар бўлади, кофирларга эса қаттиқ жазоларнинг энг туби бўлади.
Назмий баёни:
Солиҳларга жаннат, шоду хуррамлик,
Кофирларга уқубат, азоб аламлик.
Луғатлар изоҳи:
لِ – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.
الْخَيْرِ أَهْلِ – жор мажрур хабари муқаддам. Матнда келган “аҳли хайр”дан барча умматларнинг мўминлари назарда тутилган.
جَنَّاتٌ – мубтадо. Луғатда “дарахтзор боғ” маъносини англатади.
وَ – мутлақ жамлаш учун келган атф ҳарфи.
نُعْمَى – калимаси نُعْمَةٌ нинг кўплик шакли бўлиб, “кўз қувончлари”, “шоду хуррамликлар” маъноларини англатади. جَنَّاتٌ га атф қилинган.
كُفَّارِ – жор ва мажрур мубтадосидан олдин келган хабар. Мубтадоси اَدْرَاكُ дир. كُفَّارِ калимаси كَافِرٌ нинг кўплик шакли бўлиб, бундан ташқари كَافِرُونَ كَفَرَةُ ва كِفَارُ шаклларида ҳам жам бўлади. Фақатгина كُفَّارُ кўпроқ иймонсизларга нисбатан истеъмол қилинса, كَفَرَةُ кўпроқ неъматга нонкўрлик қилувчиларга нисбатан ишлатилади.
اَدْرَاكُ – калимаси دَرَكٌ ва دَرْكٌ ларнинг кўплик шакли бўлиб, “энг туби” маъносини англатади. Кўплаб шарҳларда إِدْرَاكُ тарзида биринчи ҳарфини касрали қилиб “кофирларга жазоларнинг етиши бордир”, маъноси берилган. Лекин таҳқиқларга кўра أَدْرَاكُ мўътабар ҳисобланади.
النَّكَالِ – музофун илайҳ. Луғатда “қилмишга яраша берилган қаттиқ жазо” маъносини англатади.
Матн шарҳи:
Дунёда иймон келтирган ва унинг тақозоси бўлган яхши амалларни қилиб, хайр аҳлидан бўлган бахтли инсонларни Аллоҳ таоло остиларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритади ва хилма-хил неъматлар билан мукофотлайди. Иймон келтириб, яхши амалларни қилган солиҳ бандаларни қандай мукофотлар кутиб тургани ҳақида шундай хабар берилган:
﴿إِنَّ ٱللَّهَ يُدۡخِلُ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ جَنَّٰتٖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُ يُحَلَّوۡنَ فِيهَا مِنۡ أَسَاوِرَ مِن ذَهَبٖ وَلُؤۡلُؤٗاۖ وَلِبَاسُهُمۡ فِيهَا حَرِيرٞ٢٣﴾
“Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни Аллоҳ (жаннатдаги) остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларга киритур. Улар у жойда олтин билакузуклар ва марваридлар билан безалурлар, либослари эса ҳарир (ипак) бўлур”[1].
Жаннатга кириш Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан бўлади. Яъни Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига сазовор бўлган инсонлар жаннатга кирадилар. Аммо жаннатларнинг ичидаги мартабалар инсонларнинг қилган амалларига кўра бўлади. Кўпроқ ва яхшироқ амал қилганлар улуғ жойларни эгалласалар, улардан камроқ амал қилганлар эса амалларига яраша пастроқ жойларга эга бўладилар.
“Жаннат луғатда “боғ” маъносини билдириб, аслида, “тўсилган” сўзидан олинган. “Жин” сўзи ҳам “тўсилган” маъносидадир чунки улар ҳам кўзлардан яширин ва тўсилган бўладилар. “Жиннилик” ҳам шу маънода бўлиб, бундай васфга эга инсоннинг қалби яхши ва ёмонни ажратиб олиш қобилиятидан тўсилганлиги учун шундай номланган. Мукофотлар диёри бўлган жойнинг “Жаннат” деб номланиши эса унга кирган кишиларни дарахтлар тўсиб тургани ёки у жойда бериладиган мукофотлар то унга киргунча тўсилган бўлганлиги учундир”[2].
Жаннатнинг номлари
Матнда جَنَّاتٌ (жаннатлар) дея кўплик шаклида келтирилди, чунки жаннатлар кўп бўлиб, уларнинг номлари Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган:
﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ كَانَتۡ لَهُمۡ جَنَّٰتُ ٱلۡفِرۡدَوۡسِ نُزُلًا١٠٧﴾
“Албатта, иймон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур”[3].
﴿جَنَّٰتُ عَدۡنٖ يَدۡخُلُونَهَا تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُۖ لَهُمۡ فِيهَا مَا يَشَآءُونَۚ كَذَٰلِكَ يَجۡزِي ٱللَّهُ ٱلۡمُتَّقِينَ٣١﴾
“Улар остидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у ерда хоҳлаган нарсалари бордир. Тақводорларни Аллоҳ мана шундай мукофотлагай”[4].
﴿إِنَّ لِلۡمُتَّقِينَ عِندَ رَبِّهِمۡ جَنَّٰتِ ٱلنَّعِيمِ٣٤﴾
“Албатта, тақводорлар учун Парвардигорлари ҳузурида неъмат боғлари бордир”[5].
﴿قُلۡ أَذَٰلِكَ خَيۡرٌ أَمۡ جَنَّةُ ٱلۡخُلۡدِ ٱلَّتِي وُعِدَ ٱلۡمُتَّقُونَۚ كَانَتۡ لَهُمۡ جَزَآءٗ وَمَصِيرٗا١٥﴾
“(Эй Муҳаммад! Уларга) айтинг: “Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводорларга ваъда қилинган мангулик жаннатими?!” Улар учун (бу) мукофот ва натижа бўлур эди”[6].
﴿أَمَّا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ فَلَهُمۡ جَنَّٰتُ ٱلۡمَأۡوَىٰ نُزُلَۢا بِمَا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ١٩﴾
“Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун қилган амаллари сабабли жаннат масканлари манзил бўлур”[7].
﴿۞لَهُمۡ دَارُ ٱلسَّلَٰمِ عِندَ رَبِّهِمۡۖ وَهُوَ وَلِيُّهُم بِمَا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ١٢٧﴾
“Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир. Қилган (солиҳ) амаллари сабабли, У уларнинг дўстидир”[8].
﴿ٱلَّذِيٓ أَحَلَّنَا دَارَ ٱلۡمُقَامَةِ مِن فَضۡلِهِۦ لَا يَمَسُّنَا فِيهَا نَصَبٞ وَلَا يَمَسُّنَا فِيهَا لُغُوبٞ٣٥﴾
“У зот бизларни Ўз фазли ила бир турар жойга жойлаштирдики, у ерда бизга чарчоқ етмас, ҳорғинлик ҳам етмас”[9].
Жаннатийларнинг қувонч ва хурсандчилиги ҳали жаннатларга кирмаслариданоқ бошланади. Жаннатга кириш изни берилгандан сўнг ҳаммалари хурсандчиликдан энтикишиб, унга яқинлашадилар. Жаннат эшиклари ҳам кўриниб, унга яқинлашганларида хурсандчилик устига хурсандчилик бўлиб жаннат эшиклари очилади ва унинг қўриқчилари: “Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг”, дея олқишлар билан кутиб оладилар:
﴿وَسِيقَ ٱلَّذِينَ ٱتَّقَوۡاْ رَبَّهُمۡ إِلَى ٱلۡجَنَّةِ زُمَرًاۖ حَتَّىٰٓ إِذَا جَآءُوهَا وَفُتِحَتۡ أَبۡوَٰبُهَا وَقَالَ لَهُمۡ خَزَنَتُهَا سَلَٰمٌ عَلَيۡكُمۡ طِبۡتُمۡ فَٱدۡخُلُوهَا خَٰلِدِينَ٧٣﴾
“Парвардигорларидан қўрққан тақволи зотлар ҳам гуруҳ-гуруҳ ҳолда жаннатга бошлаб борилур. То қачонки, улар унинг дарвозалари очилган ҳолда эканида етиб келганларида ва унинг қўриқчилари: “Сизларга салом! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда кирингиз!” – деганларида (улар беҳад шодланурлар)”[10].
Жаннатга кирганларидан сўнг эса кўзлар кўрмаган, қулоқлар эшитмаган, санаб саноғига етиб бўлмайдиган улуғ неъматлар ато қилинади:
﴿يَٰعِبَادِ لَا خَوۡفٌ عَلَيۡكُمُ ٱلۡيَوۡمَ وَلَآ أَنتُمۡ تَحۡزَنُونَ٦٨ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ بَِٔايَٰتِنَا وَكَانُواْ مُسۡلِمِينَ٦٩ ٱدۡخُلُواْ ٱلۡجَنَّةَ أَنتُمۡ وَأَزۡوَٰجُكُمۡ تُحۡبَرُونَ٧٠ يُطَافُ عَلَيۡهِم بِصِحَافٖ مِّن ذَهَبٖ وَأَكۡوَابٖۖ وَفِيهَا مَا تَشۡتَهِيهِ ٱلۡأَنفُسُ وَتَلَذُّ ٱلۡأَعۡيُنُۖ وَأَنتُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ٧١ وَتِلۡكَ ٱلۡجَنَّةُ ٱلَّتِيٓ أُورِثۡتُمُوهَا بِمَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ٧٢﴾
“(У кунда тақво аҳлига айтилур:) “Эй бандаларим! Бугун сизларга хавф йўқдир ва сизлар асло ғам чекмайсиз. (Сизлар дунёда) оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлгансиз. Ўзингиз ҳам, хотинларингиз ҳам мамнунлик ҳолларингизда жаннатга кирингиз!” Уларга олтин лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда (жаннатда) мангу қолурсиз. Қилиб ўтган амалларингиз учун сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир”[11].
Жаннатларга кириш Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан бўлганидек, дўзахларга кириш У зотнинг адолати билан бўлади.
Ушбу байт: “Яхшиларга Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига эришишларига кўра неъмат даражалари бордир. Кофирларга эса У зотнинг адолатига мувофиқ тобора азобларга шўнғиш бордир”, маъносини англатади. Кофирларнинг азобларга шўнғишлари ҳақида Қуръонда шундай хабар берилган:
﴿إِنَّ ٱلۡمُنَٰفِقِينَ فِي ٱلدَّرۡكِ ٱلۡأَسۡفَلِ مِنَ ٱلنَّارِ وَلَن تَجِدَ لَهُمۡ نَصِيرًا١٤٥﴾
“Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида (бўлур)лар. Уларга (ўшанда бирор) ёрдамчи топмайсиз”[12].
“Яъни мунофиқлар жаҳаннам қаъридаги табақададирлар. Жаҳаннамнинг етти табақаси бор. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Улар (яъни мунофиқлар) дўзахнинг энг остида бўладилар. Чунки улар Ислом ва унинг аҳлига истеҳзо қилиб куфр билан жамланганлар. Жаннатда даражотлар (юксалишлар) бўлганидек, дўзахда дарокатлар (азоб чуқурларига шўнғишлар) бордир”, – деган[13].
Жаннатлар кўп бўлгани каби дўзахлар ҳам кўп бўлиб, уларнинг бир-бирларидан қўрқинчли номлари Қуръони каримда баён қилинган.
Дўзахнинг номлари
Қуръони каримда қуйидаги номдаги дўзахлар борлиги зикр этилган:
﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ فَتَنُواْ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتِ ثُمَّ لَمۡ يَتُوبُواْ فَلَهُمۡ عَذَابُ جَهَنَّمَ وَلَهُمۡ عَذَابُ ٱلۡحَرِيقِ١٠﴾
“Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, сўнгра тавба қилмаган кимсаларга жаҳаннам азоби ва улар учун ўт азоби бордир”[14].
﴿كَلَّآۖ إِنَّهَا لَظَىٰ١٥ نَزَّاعَةٗ لِّلشَّوَىٰ١٦﴾
“Йўқ! Ахир, у шундай дўзахдирки, териларни сидириб олувчидир”[15].
﴿كَلَّاۖ لَيُنۢبَذَنَّ فِي ٱلۡحُطَمَةِ٤﴾
“Йўқ! Қасамки, албатта, у “Ҳутама”га ташланур!”[16].
﴿إِنَّ ٱلشَّيۡطَٰنَ لَكُمۡ عَدُوّٞ فَٱتَّخِذُوهُ عَدُوًّاۚ إِنَّمَا يَدۡعُواْ حِزۡبَهُۥ لِيَكُونُواْ مِنۡ أَصۡحَٰبِ ٱلسَّعِيرِ٦﴾
“Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутингиз! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур”[17].
﴿سَأُصۡلِيهِ سَقَرَ٢٦﴾
“Яқинда Мен уни Сақарда (жаҳаннамда) куйдиражакман”[18].
﴿وَإِنَّ ٱلۡفُجَّارَ لَفِي جَحِيمٖ١٤﴾
“Фожирлар (кофирлар) эса дўзахдадирлар”[19].
﴿فَأُمُّهُۥ هَاوِيَةٞ٩﴾
“Бас, унинг онаси “ҳовия”дир”. У (ҳовия)нинг қандай эканини сенга нима билдирди? У қаттиқ қизиган ўтдир[20].
Яхшига мукофот, ёмонга жазо бериладиган қиёмат кунида иймон келтиришдан такаббурлик қилганлар ана шундай энг ёмон жойларга гирифтор бўладилар. Жаҳаннамга ҳукм қилинганларни азоб фаришталари орқаларидан куч билан унга итариб борадилар:
﴿يَوۡمَ يُدَعُّونَ إِلَىٰ نَارِ جَهَنَّمَ دَعًّا١٣ هَٰذِهِ ٱلنَّارُ ٱلَّتِي كُنتُم بِهَا تُكَذِّبُونَ١٤ أَفَسِحۡرٌ هَٰذَآ أَمۡ أَنتُمۡ لَا تُبۡصِرُونَ١٥ ٱصۡلَوۡهَا فَٱصۡبِرُوٓاْ أَوۡ لَا تَصۡبِرُواْ سَوَآءٌ عَلَيۡكُمۡۖ إِنَّمَا تُجۡزَوۡنَ مَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ١٦﴾
“У кунда улар жаҳаннам олови сари ҳайдалурлар. (Уларга дейилур): “Сизлар ёлғон деб юрган дўзах мана шудир. Қани, бу ҳам сеҳрми ёки сизлар кўрмаяпсизларми?! Унда куйингиз! Энди (унинг азобига) хоҳ сабр қилинг, хоҳ сабр қилманг – сизларга баробардир! Сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган қилмишларингиз жазосини олурсиз”[21].
Азоб фаришталари куч билан дўзахга итариб борганларидан сўнг уларга: “Мана бу ўз кўзларингиз билан кўриб турганларингиз сизлар ёлғонга чиқарган ўт бўлади, сеҳр эканми бу, ё дунёда яхшилик ва иймонни кўрмаганларингиз каби буни ҳам кўрмаяпсизларми, энди чидайсизларми, чидамайсизларми – барибир қилиб юрган амалларингизнинг жазосини оласизлар”, – дер эканлар.
Жаннат ва дўзахнинг абадийлиги баёни
١9 - وَلاَ تَفْنَى الْجَحِيمُ وَلاَ الْجِنَانُ وَلاَ أَهْلُوهُمَا أَهْلُ انْتِقَالِ
Маънолар таржимаси:
Дўзах ва жаннатлар йўқ бўлиб кетмайди ва иккаласининг аҳллари ҳам кўчиб ўтиш аҳли бўлмайдилар.
Назмий баёни:
Дўзаху жаннатлар ҳеч фано бўлмас,
Уларнинг аҳллари кўчмас ва ўлмас.
Луғатлар изоҳи:
لاَ – нафий ҳарфи.
تَفْنَى – (йўқ бўлмоқ) маъносидаги فَنَاءً масдаридан олинган музориъ феъли. Шу маънода дунёдан кетиши яқин қолгани эътиборидан кекса кишига ҳам “шайх фоний” сўзи ишлатилади.
الْجَحِيمُ – фоилликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “қаттиқ қиздирилган олов” маъносини англатади.
لاَ – нафий ҳарфи мозий феъли билан қўлланганда такрор келиши вожиб бўлади. Музориъ феъли билан қўлланганда эса такрор келиши жоиз бўлади. Шунга кўра бу ерда لَا ҳарфи жоизликка кўра такроран келган.
الْجِنَانُ – калимаси جَنَّةُ нинг кўплик шакли бўлиб, الْجَحِيمُ га атф қилингани учун раф бўлиб турибди.
لاَ – нафий ҳарфи. لَا нинг исми изофа билан маърифа бўлгани сабабли لَيْسَ нинг амалини қила олмайди[22].
أَهْلُوهُمَا – замир жаннат ва дўзахга қайтади. Олдинги жумлага атф.
أَهْلُ – хабар. Аҳл калимаси бу ўринда “эга” маъносини ифодалайди.
انْتِقَالِ – бу масдар бир макондан иккинчи маконга кўчиб ўтишга нисбатан ишлатилади.
Матн шарҳи:
Жаннат ва дўзахга иймон келтириш охират кунига иймон келтиришнинг бир бўлаги ҳисобланади. Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг “Дўзаху жаннатлар ҳеч фано бўлмас” деган сўзлари, жаннат ҳам, дўзах ҳам яратиб қўйилган, улар ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди, уларни Аллоҳ таоло боқий қолдиради, деган маъноларни ўз ичига олади. Яъни Аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодига кўра, жаннат ва дўзах ҳозирда мавжуд бўлиб, улар ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди.
Бу масалада ҳам мўътазилийлар каби адашган тоифалар жаннат ва дўзахнинг ҳозирда яратиб қўйилганини инкор қилишиб, уларни Аллоҳ таоло қиёмат кунида яратади, агар ҳозирда мавжуд бўлса, ояти карималарда хабар берилганидек йўқ бўлиб кетишлари лозим бўлиб қолади, деган эътиқодда бўлишган. Ўзларининг бу сўзларига далиллар келтиришган:
﴿ كُلُّ شَيۡءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجۡهَهُۥۚ ﴾
“Унинг “юзи”дан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир”[23].
Яъни Аллоҳ таолодан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир. Бошқа бир оятда ҳам барча жонзотнинг фоний бўлиб, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи боқий қолиши хабар берилган:
﴿كُلُّ مَنۡ عَلَيۡهَا فَانٖ٢٦ وَيَبۡقَىٰ وَجۡهُ رَبِّكَ ذُو ٱلۡجَلَٰلِ وَٱلۡإِكۡرَامِ٢٧﴾
“(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром эгаси бўлмиш Роббингнинг “юзи” боқий қолур”[24].
Ушбу оятлардаги كُلٌ калимаси عَامٌّ ва جَميِعٌ каби умумийликни ифодаловчи калималарнинг энг кучлиси бўлиб, у чекланмаган кўпликка далолат қилади. Модомики бу калимани мазкур маъносидан бошқа маънога ўзгартирувчи далил бўлмаса, у асл ҳолида тураверади. Шунга кўра жаннату дўзах ҳозирда яратиб қўйилган бўлганида, уларнинг иккаласи ҳам, ичидагилар ҳам қиёмат кунидан олдин бошқа махлуқотлар қатори йўқ бўлиб кетиши лозим бўлиб қоларди. Уларнинг эса абадий экани, ҳеч қачон йўқ бўлмаслиги хабари берилган. Шунинг учун ҳам икковини Аллоҳ таоло қиёмат кунида абадий йўқ бўлмайдиган қилиб яратади, – дейишган.
Уларнинг бу тушунчаларига қарши Аҳли сунна вал-жамоа уламолари қуйидаги далилларни келтирганлар.
Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилганига далиллар
﴿۞وَسَارِعُوٓاْ إِلَىٰ مَغۡفِرَةٖ مِّن رَّبِّكُمۡ وَجَنَّةٍ عَرۡضُهَا ٱلسَّمَٰوَٰتُ وَٱلۡأَرۡضُ أُعِدَّتۡ لِلۡمُتَّقِينَ١٣٣﴾
“Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг”[25].
Ушбу ояти каримада жаннатнинг тайёр қилиб қўйилганинг хабари берилган.
﴿وَٱتَّقُواْ ٱلنَّارَ ٱلَّتِيٓ أُعِدَّتۡ لِلۡكَٰفِرِينَ١٣١﴾
“Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингиз!”[26].
Бу ояти каримада эса дўзахнинг тайёрлаб қўйилгани хабар берилган. Мазкур ояти карималарда жаннат ва дўзах ҳақида “тайёрлаб қўйилган” дея ўтган замонни ифодаловчи сўз билан келтирилиши уларнинг ҳозирда мавжуд эканига ва тайёрлаб қўйилганига далолат қилади.
﴿وَلَقَدۡ رَءَاهُ نَزۡلَةً أُخۡرَىٰ١٣ عِندَ سِدۡرَةِ ٱلۡمُنتَهَىٰ١٤ عِندَهَا جَنَّةُ ٱلۡمَأۡوَىٰٓ١٥﴾
“Қасамки, (Муҳаммад Жаброилни илк бор Ерда кўргач, яна) иккинчи бор кўрди. “Сидратул-мунтаҳо” дарахти олдида. “Маъво боғи” ҳам ўша (дарахт)нинг олдидадир”[27].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сидратул мунтаҳо”га борганларидан сўнг жаннатга кирганлар ва унинг қандай эканини тасвирлаб берганлар:
ثُمَّ دَخَلْتُ الْجَنَّةَ فَإِذَا فِيهَا جَنَابِذُ اللُّؤْلُؤِ وَإِذَا تُرَابُهَا الْمِسْكُ
“...Сўнгра жаннатга кирдим, у ерда марварид гумбазлар бор экан, унинг тупроғи мушк экан”. Бухорий ривоят қилган.
عن أَبي هُرَيْرَةَ عن رَسُولِ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَمّا خَلَقَ الله الْجَنّةَ وَالنّارَ أَرْسَلَ جِبْرَيلَ إِلَى الجَنّةِ فَقَالَ انْظُرْ إِلَيْهَا وَإِلَى مَا أَعْدَدْتُ لأَهْلِهَا فِيهَا قَالَ فَجَاءَهَا وَنَظَرَ إِلَيْهَا وَإِلَى مَا أَعَدّ الله لأَهْلِهَا فِيهَا قالَ فَرَجَعَ إِلَيْهِ قالَ فَوَعِزّتِكَ لاَ يَسْمَعُ بِهَا أَحَدٌ إِلا دَخَلَهَا فَأَمَرَ بِهَا فَحُفّتْ بِالمَكَارِهِ فَقَالَ ارْجِعْ إِلَيْهَا فَانْظُرْ إِلَيْهَا وَإِلَى مَا أَعْدَدْتُ لأَهْلِهَا فِيهَا قالَ فَرَجَعَ إِلَيْهَا فَإِذَا هِيَ قَدْ حُفّتْ بِالمَكَارِهِ فَرَجَعَ إِلَيْهِ فَقَالَ وَعِزّتِكَ لَقَدْ خِفْتُ أَنْ لاَ يَدْخُلَهَا أَحَدٌ قالَ اذْهَبْ إِلَى النّارِ فَانْظُرْ إِلَيْهَا وَإِلَى مَا أَعْدَدْتُ لأِهْلِهَا فِيهَا فَإِذَا هِيَ يَرْكَبُ بَعْضُهَا بَعْضاً فَرَجَعَ إِلَيْهِ فَقَالَ وَعِزّتِكَ لاَ يَسْمَعُ بِهَا أَحَدٌ فَيَدْخُلُهَا فَأَمَرَ بِهَا فَحُفّتْ بِالشّهَوَاتِ فَقَالَ ارْجَعْ إِلَيْهَا فَرَجَعَ إِلَيْهَا فَقَالَ وَعِزّتِكَ لَقَدْ خَشِيتُ أَنّ لاَ يَنْجُوَ مِنْهَا أَحَدٌ إِلاّ دَخَلَهَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло жаннатни ва дўзахни яратган вақтида Жаброилни жаннатга жўнатиб: “Унга ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”, – деди. У келиб унга ва у ерда Аллоҳ таоло унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларига қаради-ю, бирдан Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб: “Иззатингга қасам ичиб айтаманки, у ҳақида эшитган кимса борки, албатта унга киради”, – деди. Аллоҳ жаннатга амр қилди, у ёқимсиз нарсалар билан ўралди. Аллоҳ таоло Жаброилга: “Унга қайт ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”,– деди. Жаброил унга қайтиб келиб қараса, у ёқимсиз нарсалар билан ўралибди. У Аллоҳ ҳузурига қайтди ва: “Иззатингга қасам ичиб айтаманки, унга бирор кимса киролмаса керак, деб хавфсираб қолдим”, – деди. Аллоҳ таоло унга: “Дўзахга бор унга ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”,– деди. Бас унинг баъзиси баъзисининг устига чиқиб турган эди. У Аллоҳ ҳузурига қайтди ва: “Иззатингга қасам ичиб айтаманки, унга у ҳақида эшитмаган кимсагина кирса керак”, – деди. Аллоҳ унга амр қилди, у шаҳватлар билан ўралди. Аллоҳ таоло: “Унга қайтиб бориб қара”, –деди. Жаброил қайтиб бориб қаради ва: “Иззатингга қасам ичиб айтаманки, ундан бирор кимса нажот топа олмай унга кириб кетса керак, деб қўрқиб қолдим”, –деди”, –деб айтдилар. “Термизий ривоят қилган”.
Ушбу хабарлар ҳозирда жаннат ҳам, дўзах ҳам яратиб қўйилганига очиқ-ойдин далиллардир. Энди уларнинг كُلٌ калимасини ўз маъносидан бурувчи далил бўлмаса, у асл ҳолида тураверади, деган сўзларига қуйидагилар билан жавоб берилган: юқоридаги далиллардан жаннат ва дўзахнинг ҳозирда мавжуд эканлиги собит бўлди. Мавжудлиги собит бўлган жаннат учун тугаш йўқлигини Аллоҳ таоло шундай хабар берган:
﴿إِنَّ هَٰذَا لَرِزۡقُنَا مَا لَهُۥ مِن نَّفَادٍ٥٤﴾
“Албатта, бу Бизнинг (жаннат аҳлига берадиган) ризқимиздирки, унда тугаш бўлмас”[28].
Жаннатдаги неъматларнинг доимийлиги ҳақида:
﴿۞مَّثَلُ ٱلۡجَنَّةِ ٱلَّتِي وُعِدَ ٱلۡمُتَّقُونَۖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُۖ أُكُلُهَا دَآئِمٞ وَظِلُّهَاۚ ﴾
“Тақводорлар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: унинг остида анҳорлар (доимо) жорий, мевалари ва соялари боқийдир”[29].
Ҳадиси шарифда жаннатдаги неъматларнинг доимийлиги ҳақида шундай хабар берилган:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ وَأَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال إذَا دَخَلَ أهْلُ الجَنَّةِ الجَنَّةَ يُنَادِي مُنَادٍ إنَّ لَكُمْ أنْ تَحْيَوْا فَلا تَمُوتُوا أَبَداً إنَّ لَكُمْ أنْ تَصِحُّوا فلا تَسْقَمُوا أبداً وإنَّ لَكمْ أنْ تَشِبُّوا فلا تَهْرَمُوا أبداً وَإنَّ لَكُمْ أَنْ تَنْعَمُوا فَلا تَبْأسُوا أَبَداً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абу Саид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон жаннат аҳли жаннатга кирсалар, бир нидо қилгувчи: “Албатта, яшашларингиз сизларга, ҳеч қачон ўлмайсизлар, албатта, соғлом бўлишларингиз сизларга, ҳеч қачон касал бўлмайсизлар, албатта, ёш бўлишларингиз сизларга, ҳеч қачон қаримайсизлар, албатта, ҳузур-ҳаловатда яшамоқларингиз сизларга, ҳеч қачон бахтсиз бўлмайсизлар”, – дея нидо қилади”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.
Жаннатдаги неъматлар абадий бўлганидек, дўзахдаги азоблар ҳам абадийлиги ҳақида шундай хабар берилган:
﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ مِنۡ أَهۡلِ ٱلۡكِتَٰبِ وَٱلۡمُشۡرِكِينَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَٰلِدِينَ فِيهَآۚ أُوْلَٰٓئِكَ هُمۡ شَرُّ ٱلۡبَرِيَّةِ٦﴾
“Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар жаҳаннам ўтидадирлар, у ерда абадий қолурлар. Ундайлар халойиқнинг энг ёмонидирлар”[30].
Хулоса қилиб айтганда, жаннат ҳам, дўзах ҳам ҳозирда мавжуд, улар ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди.
Уламолар яратилган нарсаларни йўқ бўлиш ё бўлмаслиги жиҳатидан иккига ажратганлар:
Демак, жаннат ва дўзах Аллоҳ таолонинг йўқдан бор қилиши билан вужудга келган бўлса, худди шундай Аллоҳ таолонинг йўқ қилиб юбормаслиги билан доимий бор бўлиб туради.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ЖАННАТДА АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШ БАЁНИ.
ЖАННАТДАГИ ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ.
АЛЛОҲ АДОЛАТЛИ ВА РАҲМАТЛИ ЗОТДИР.
[1] Ҳаж сураси, 23-оят.
[2] Муҳаққиқлар гуруҳи. Туҳфатул аолий. – Миср: “Ахтар босмахонаси”, 1887. – Б. 40.
[3] Каҳф сураси, 107-оят.
[4] Наҳл сураси, 31-оят.
[5] Қалам сураси, 34-оят.
[6] Фурқон сураси, 15-оят.
[7] Сажда сураси, 19-оят.
[8] Анъом сураси, 127-оят.
[9] Фотир сураси, 35-оят.
[10] Зумар сураси, 73-оят.
[11] Зухруф сураси, 68, 72-оятлар.
[12] Нисо сураси, 145-оят.
[13] Муҳаммад Али Собуний. Софватут-тафосир 1-жилд. – Байрут-Лубнан: “Мактабатул Асрия”, 2009. – Б. 264.
[14] Буруж сураси, 10-оят.
[15] Маъориж сураси, 15, 16-оятлар.
[16] Ҳумаза сураси, 4-оят.
[17] Фотир сураси, 6-оят.
[18] Муддассир сураси, 26-оят.
[19] Инфитор сураси, 14-оят.
[20] Қориъа сураси, 9-оят.
[21] Тур сураси, 13, 16-оятлар.
[22] لَا ҳарфи баъзи ўринларда لَيْسَ нинг амалини, яъни мубтадони раф, хабарни насб қилади. Бунда қуйидаги шартлар топилиши керак:
– لا нинг исми ҳам хабари ҳам накра бўлиши керак. Масалан, لَا تِلْمِيذٌمُقَصِّرًامِنْهَؤُلاَءِالتَّلَامِيذِ
– لا билан исми ораси бошқа бирор калима билан ажралиб қолмаслиги керак. Фақт зарф ва жор мажрурнинг орани ажратиши мустасно ҳисобланади. Масалан, لَا عَلَيْكَرَجُلٌشاهدًا
– لا нинг нафийси إِلاَّ билан бекор қилинмаслиги керак. Агар إِلاَّбилан бекор қилинса, لَا ҳарфи لَيْسَнинг амалини қила олмайди. Масалан, لَا تِلْمِيذٌإلاَّأَفْضَلُمِنْزُهيرٍ
– لا дан кейин إِنْ келмаслиги керак. Агар орқасидан إِنْ келса, لَا ҳарфи لَيْسَнинг амалини қила олмайди. Масалан, لَا إنْ تِلْمِيذٌ مُتَقَاعِسٌ
– لَا ҳарфи такрор келмаслиги керак. Агар такрор келса, لَا ҳарфи لَيْسَ нинг амалини қила олмайди. Масалан, لَا لَاتِلميذٌكَسُولٌ
[23] Қасос сураси, 88-оят.
[24] Ар-Роҳман сураси, 26, 27-оятлар.
[25] Оли Имрон сураси, 133-оят.
[26] Оли Имрон сураси, 131-оят.
[27] Нажм сураси, 13, 15-оятлар.
[28] Сод сураси, 54-оят.
[29] Раъд сураси, 35-оят.
[30] Баййина сураси, 6-оят.
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси