«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирдилар: “Бой одамнинг имкони бўла туриб қарзини кечиктириши зулмдир” (Ибн Ҳажар ривояти).
Қарзни қайтаришга қодир бўла туриб, уни пайсалга солиш зулмдир. Ибн Форис раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Берилиши шарт бўлган нарсани бермаслик – ҳаром. Гарчи қарз бойдан олинган бўлса ҳам, уни кечиктириш узр бўлмайди”.
Қарзни олгандан кейин уни вақтида, хушмуомалалик билан қайтариш лозим. Набий алайҳиссалом: “Сизларнинг энг яхшингиз қарзини гўзал адо этганидир” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Қарз берганга энг яхши мукофот молини ўз вақтида қайтариб бериш ҳамда қарздор томонидан унинг ҳақига қилинган дуодир. Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом мендан қирқ минг қарз олдилар. У зотга мол келганида уларни менга қайтариб бердилар ва: “Аллоҳ молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир”, дедилар».
Агар қарздор: “Олган қарзимни, албатта, қайтариб бераман”, деб ҳаракат қилса, унга Аллоҳ таоло ёрдамчи бўлади. Аммо нияти ўзгани алдаш, молини еб кетиш бўлса, унинг охири войдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни қайтаришни ният қилса, Аллоҳ уни адо этишда ёрдам қилади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади”, деб огоҳлантирганлар. Бу ҳадисни ҳар бир қарз олувчи ёдида тутиши керак.
Жуда кўп инсонлар, қарзни истаганларича, зарурат бўлса ҳам, бўлмаса ҳам олаверишади. Сўнг эсдан чиқариб юборишади. Тўлашни хаёлларига ҳам келти-
ришмайди. Мабодо, баъзисини тўлашса, узоқ муддатдан кейин ҳақдор обдон ялингач, қолганини қайтаради. Иш шу даражага етадики, гўё қарздор – ҳақдорга, ҳақдор – қарздорга айланади.
Шуни ёдда сақлаш лозимки, Аллоҳ таоло Ўз раҳмати билан бандасининг ширкдан бошқа барча гуноҳларини кечиради. Фақат қарзни эмас. Бандалар ўртадаги ўзаро ҳақларини бир-бирларидан кечмагунларича, Аллоҳ таоло кечмайди.
Манбалар асосида Бухоро вилояти
Ромитан туманидаги “Мулло Нарзе”
жоме масжиди имом-хатиби
Суннат ФАХРИЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Маъқул вақтни танлаш.
Ярим кечаси одамлар ухлайдиган пайтда, жуда эрта тонгда ёки туш пайтида дам олиш вақтида эшик қоқиш одобсизлик ҳисобланади.
2. Эшикни уч марта тақиллатиш.
Чунки хонадан аҳли биринчи тақиллатганда эшитади, иккинчисида тайёрланадилар, учинчисида эса изн берадилар. Қўнғироқ чалиш ҳам эшик тақиллатиш кабидир. Шунинг учун қўнғироқни ҳам уч мартадан ортиқ чалмайди.
3. Эшикни мулойимлик билан тақиллатиш.
Эшикни хонадон аҳли қўрқиб кетадиган даражада қўполлик билан тақиллатилмайди. Шунингдек қўнғироқ тугмасини ҳам узликсиз босиб турилмайди, ҳатто хонадон эгаси ўзининг уйини тақиллатганда ҳам қўполлик билан тақиллатмасин. Чунки хонадон аҳли бундай тақиллатишда қўрқинчли бир ҳодисани рўй берганини ўйлаб қолади.
4. Эшикни уч бор таққилатишда уларнинг ўртасини ажратиш.
Ҳар тақиллатиш орасида бир муддат кутиш лозим. Токи хонадон аҳли тайёргарлик кўришга ёки эшикни очишга ургурсин.
5. Эшикнинг рўбарўсида турмаслик.
Эшикни тақиллатган шахс эшикнинг ўнг ёки чап тарафида туриши лозим, эшикнинг рўбарўсида турмайди. Чунки эшикни очган пайтда гоҳо уй аҳлининг очиқ-сочиқ, биров у ҳолатда кўришини истамайдиган ҳолати кўриниб қолади.
6. Эшик тақиллатувчи ўзини танитиши.
Изн сўровчидан хонадон аҳли “ким?” деб сўраса, “мен” деб жавоб бермасдан, исмини айтиб, ўзини танитиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига Жобир розияллоҳу анҳу келиб, эшикни тақиллатди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бу?” дедилар. Жобир розияллоҳу анҳу: “Мен”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни (Жобир розияллоҳу анҳунинг “Мен” деган жавобини) хуш кўрмай: “Мен, мен”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
7. Хонадон аҳлининг изнини кутиш.
Изн сўровчи хонадон аҳлининг уйга киришга изнини кутиши лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур сураси, 27-оят).
8. Изн берилмаса қайтиб кетиш.
Агар изн сўровчига жавоб берилмаса ёки “қайтинг” дейилса ёхуд уйда ҳеч ким бўлмаса, изн сўровчи қайтиб кетиши керак. Бу ушбу оятга мувофиқдир: “Бaс, aгaр у (уй)лaрдa ҳeч кимни тoпмaсaнгизлaр, ундa тo сизлaргa изн бeрилмaгунчa улaргa кирмaнгиз! Aгaр сизлaргa “қaйтинглaр” дейилсa, қaйтиб кeтaвeринглaр! шу сизлaр учун энг тoзa (йўл)дир. Aллoҳ қилaётгaн ишлaрингизни билувчидир” (Нур сураси, 28-оят).
Чунки хонадон аҳли ҳеч кимни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда изн сўровчи хонадан аҳлига: “Сен хижолат бўлма, балки бирор нарса билан машғулдирсан”, деб хижолатчиликни кетказсин.
Даврон НУРМУҲАММАД