24 соат ичидаги 5та буюк ва 50та кичик актив биоритм даври бор. 5 буюк даврнинг ҳар бири бошланишидаги илк 15 дақиқа биологик актив пайтдир. Бу вақтларда акупунктор нуқталар тамоман очиқ ҳолатда бўлади. 5 вақт намоз бу 5 буюк биологик даврга тўғри келади. Азондан 15 дақиқа кейин акупунктор нуқталар секин аста ёпилишни бошлайди ва бу ёпилиш жараёни 1,5-2 соат давом этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Намоз учун вақтнинг аввали – Аллоҳ ризоси, вақтнинг ўртаси - Аллоҳ раҳмати, охири эса - Аллоҳнинг авфидир". Бошқа ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар кишилар намозга эрта келишнинг савобини билганларида эди, бунинг учун мусобақалашишар эдилар", деганлар.
Рукуъ: ички аъзоларни, туҳумдон, бачадон, простатит, буйрак, сийдик йўллари ва умуртқа соғлигини сақлайди. Ошқозон, қорин, бел ва гардан мускулларини кучлантиради.
Сажда: баданнинг устки қисмларида қон юришини орттиради, мияда суюқлик ва қон айланишини тартибга солади ва сақлайди. Мияни тозалайди, хотирани кучлантиради, тушуниш ва фикрлаш қобилиятини орттиради, ўпка, юрак ва асаб тизимини дам олдиради.
Салом: икки томонга салом бераётиб, елкаларга қараш кўзлардаги қон айланишининг бузилишидан, кўз мускулларини дангасаликдан, энса ва бўйин суякларига оҳак йиғилишидан сақлайди.
Саждага кетаётиб ва тураётиб қилинган ҳаракат: тананинг барча бўғим ва мускулларининг соғлигини муҳофаза остига олади.
Таҳорат ва намознинг моддий фойдаларини санаб охирига етиб бўлмайди. Бу ерда мисол тариқасида уларнинг фақатгина бир нечтаси айтилди, маънавий ҳикматлари ҳақида эса ҳеч гапирмадик.
Соғлиқни сақлаш учун таҳорат қилиш, 5 вақт намоз ўқиш, ҳалол таом ейиш ва ейишни камайтириш етарли иншаАллоҳ.
"Намоз ва дуолар" китобидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ўсмир эдим. Ўсмирлик шундай даврки, инсон ўзини катта бўлиб қолган, ҳеч ким унга тенг келолмайдигандек ҳис қилади.
Бир куни онам билан орамизда келишмовчилик чиқди. Аниқ нима сабаб бўлганини эслолмайман, лекин бир нарсани яхши эслайман: мен онамга овозимни баландлатган эдим.
Отам ишдан уйга қайтгач, онам унга бўлган воқеани айтиб берди. У мени дарҳол чақирди:
– Гаплашайлик, – деди.
Биз меҳмонхонада ёлғиз қолдик. Отам, Аллоҳ раҳмат қилсин, кўп гапирадиган инсон эмас эди. Аммо у гапирса, сўзлари олтиндек қадрли бўларди.
У аввал менинг гапларимни, вазиятга менинг кўзим билан қараб тинглади. Сўнг бироз сукут сақлаб:
– Ўғлим, эҳтиёт бўл. Онангга овозингни кўтаришингдан бошқа ҳамма нарсани тушуниш мумкин. Аммо бунга йўл қўймайман. Агар ўзингни тарбиялай олмасанг, сени тартиб-интизом ўргатиладиган жойга юбораман. У ерда сенга одоб ва ҳурматни ўргатишади. Тушундингми? – деди.
Шу билан суҳбат тугади.
Шундан сўнг онамга бирорта марта овозимни кўтарганим йўқ.
Отам уришмади, менга бақирмади ҳам. Аммо бир неча сониялик қатъий сўзи билан ҳаётим давомида ўтиб бўлмайдиган чегарани белгилаб қўйди.
Бугун, орадан йиллар ўтиб, ўша лаҳзани эслар эканман, ўсмирлик даврида отанинг қандай катта қалқон эканини тушунаман.
Она – оиладаги меҳр ва ҳурматни сақловчи зот. У жонини хавфга қўйиб фарзандни дунёга келтиради, тунларини бедор ўтказади, чарчоқларини яширади...
Аммо айрим фарзандлар улғайгач бу қийинчиликларнинг барчасини унутиб, онасига бепарво муносабатда бўлади. Ана шундай пайтда отанинг ҳақиқий вазифаси намоён бўлади.
Ҳақиқий ота қўпол бўлиши билан эмас, балки керакли пайтда қатъиятлиги билан оиласини ҳимоя қилади.
Ота – оиланинг умуртқа поғонасидир. Агар у заифлашса, бутун оила зарар кўради.
Бугун англаяпманки, отамнинг ўша куни айтган сўзлари таҳдид эмас, балки онамни ҳимоя қилиш эди. Бу – мени келажакда ҳурматли инсон бўлиб улғайишим учун қилинган ҳимоя эди.
Отам ҳақида қанча шеър ёзмайлик, қанча сўз айтмайлик, унинг қадрини тўлиқ ифодалаб бўлмайди. Шунинг учун отангиз борида унинг қадрига етинг. Унинг кетишини кутманг. Чунки айрилиқдан кейинги кўз ёшлар тирикликдаги меҳрнинг ўрнини боса олмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД