Индонезиянинг Шарқий Ява вилояти Маланг минтақасида жойлашган “Тибан” масжиди мусулмон ва ғайри мусулмонларнинг севимли маскани саналади.
Жоме мезана кўринишидаги кичик бинолари, нақшинкорлиги билан ажралиб туради, гўзаллиги билан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Бу ерга ҳар куни Малайзия, Бруней ва бошқа давлатлардан минглаб сайёҳлар ташриф буюради.
Муҳташам 10 қаватли масжид биноси 6 гектар майдонда 1968-1978 йилларда (10 йил) барпо этилган. Унинг деворларига Қуръон оятлари нақшинкор услубда ўйиб ёзилган.
Масжид ўтмишда турли хил вазифаларни бажарган. Ҳозир бу ерда исломий таълим маркази туну кун фаолият юритади. Шунингдек, мажмуадан ресторан, ошхона, меҳмонхона, намозгоҳ, исломий кутубхона ва аквариум ҳам ўрин олган.
“Тибан” масжиди меъморий иншоот сифатида араб мамлакатлари, Таиланд ва Индонезия моҳир ҳунармандлари ҳамкорликдаги меҳнати маҳсули.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Жорий йилнинг 15 декабрь куни Малайзиянинг «Nasyrul Quran» маркази бош ижрочи директори Муҳаммад Ашҳарим бин Абдуллатиф бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондида бўлди. Меҳмонларни фонд раҳбари Жаҳонгир Саламов кутиб олди.
«Nasyrul Quran» маркази – дунёдаги Қуръон чоп этиш бўйича йирик марказ бўлиб, Малайзияда фаолият кўрсатади. Мажмуа Мадинадаги Қирол Фаҳд мажмуасидан кейин иккинчи энг йирик Қуръони Карим босиб чиқарувчи марказ ҳисобланади.
«Nasyrul Quran» мажмуасининг фаолияти ички ва дунё миқёсида Қуръон нусхаларига бўлган эҳтиёжни қондириш имконини беради.
Мажмуа ҳар йили бир миллион нусха Қуръон чоп этишни мақсад қилган бўлиб, унинг 70 фоизи ички фойдаланиш учун, қолган қисми эса эҳтиёжманд бошқа мамлакатларга тақдим этилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, «Nasyrul Quran» маркази вақф ташкилоти ҳисобланади.
Учрашув давомида томонлар бир неча масалалар юзасидан фикр алмашди. Хусусан, “Вақф” хайрия жамоат фонди ва вақф ташкилоти ҳисобланмиш «Nasyrul Quran» маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, Қуръони карим ва қадимги қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилиш, вақф ишларини рақамлаштириш, исломий финтек системаси қўллаш бўйича биргаликда ишлаш, вақф мулкларини кўпайтириш, таълим соҳаси ва вақф соҳасида тажриба алмашиш шулар жумласидандир.
Мазмунли ва манфаатли бўлган учрашув сўнггида Муҳаммад Ашҳарим бин Абдуллатиф фонд раҳбарига миннатдорлик билдирди. Томонлар ўзаро эсдалик совғалари алмашишди.
Vaqf.uz