Термиз шаҳри яқинида жойлашган Султон Саодат зиёратгоҳи Термиз саййидлари хонадонининг Х-ХVII асрлар давомида қурилган мақбараларидан иборат бўлган ўзига хос меъморий мажмуадир. Унинг номи Султон Саодат, араб тилидан таржима қилинганда – «бахтлилар султони» демакдир. Термиз саййидларининг етакчилари – нақиблари асрлар давомида “Султон Садот” – саййидлар султони унвони билан шарафланганлар. Иккала атама бир-бирига ўриндош сифатида фойдаланилган, араб тилида
“Баб ас-садат мадан ас-саодат,
хубб ас-садат мифтах ас-саодат”.
Яъни:
“Саййидлар эшиги, бахт конидир,
Саййидларга муҳаббат бахт калитидир”, калимаси кенг ишлатилган.
Дастлабки мақбараларнинг энг қадимгиси, олимларнинг фикрига кўра, Сомонийлар даврида қурилган. Аввало, мажмуанинг жануби-ғарб томонида жойлашган иккита мақбара барпо этилган бўлиб, уларда қадимий қабрлар жойлашган. Ушбу иккала мақбарани баланд пештоқли айвон билан бирлаштирган усти гумбазли оралиқ майдон масжид вазифасини ўтаган. Мақбаралар ҳашаматли бўлиб, унда пишган ғиштлар қўлланган ва турли услубий нақшлар билан зийнатланган. Айниқса Темурийлар даврида Султон Саодот мажмуасида катта хажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилган.
Мажмуадаги илк қабрда Термиз саййидлари хонадонининг асосчиси Ҳасан ал-Амирнинг ҳоки ётибди. Унинг Ислом дунёсида эътироф этилган шажараси Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бориб тақалади. Нақл қилинишича, Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг Фотима розияллоҳу анҳо онамиздан туғилган ўғли Ҳусайн розияллоҳу анҳумо, сўнгги сосоний шоҳи Йаздигарднинг қизига уйланади. Уларнинг фарзанди Алидан Ҳусайн ал-Асқар, ундан Убайдуллоҳ дунёга келади. Убайдуллоҳнинг фарзанди Жаъфар ал-Ҳужжат Мадина шаҳрининг ҳокими бўлганлиги ривоят қилинади. Жаъфар ал-Ҳужжатдан Амир Ҳусайн, ундан эса Ҳасан ал-Амир туғилади. У милодий 850 йили яқинлари билан Самарқандга келади. У ерда ўн бир йил яшаб кейин Балхга ўтади. Тахминан 865 йилда Термизга келади ва шу ерда бутунлай ўрнашиб қолади.
Сомонийлар давридан Термиз саййидлари худовандзода фахрий унвонига сазовор бўлишган. Айнан шу маънода, лекин бошқа кўринишда Темурийлар даври манбаларида Термиз саййидлари “хонзода”, ХV асрнинг иккинчи ярмидан эса “мирзо” унвонлари билан шарафланганлар. Шунингдек, улар ўзларининг исми-шарифларидан ташқари Мусавий, Алавий ва бошқа кўплаб куниялар ва унвонлар билан номланганлар.
Термиз саййидлари хонадонининг вакиллари салоҳияти бутун ислом дунёсида эъзозланиб келинди, улар асрлар давомида жамият ҳаётида етакчилик қилганлар. Саййидлар сулоласига мансуб бўлиш ўз даврининг ижтимоий-сиёсий, мафкуравий ва илмий жараёнларида фаол иштирок этишни талаб этган. Жумладан, Термиз саййидларининг еттинчи нақиби Мажидиддин Али ибн Жаъфар Мусавий XII асрнинг биринчи ярмида Салжуқийлар давлатининг етакчи дин пешволаридан бири бўлиш билан бирга, олимлар ҳомийси сифатида танилади ва Термизда расадхона қурдиради. Термиздан етишиб чиққан энг машҳур шоир Адиб Собир Термизий Мажидиддин Али ибн Жаъфарнинг ҳомийлигида ижод қилган. Муҳаммад Хоразмшоҳ 1212 йилда уламо ва имомларини йиғиб, Аббосийларни халифаликдан маҳрум қилади ва вазири, Термиз саййидларидан бўлган Аъло ал-Мулкни халифа деб эълон қилади. Саййидлар мўғуллар босқинидан кейин ҳам мавқеларини йўқотмай, вайрон бўлган Термиз марказини Султон Саодат мажмуаси ҳудудига кўчиришади. Термиз саййидларидан етишиб чиққан машҳур аллома Саййид Бурҳониддин Термизий (1275-1342) 1231 йилгача шаҳар аҳлига етакчилик қилган, кейинчалик Кичик Осиёга, Конияга кўчиб кетиб, Жалолиддин Румийнинг устози бўлган. Саййид Бурҳониддин Термизийнинг Туркиянинг Қайсария шаҳрида қад кўтарган мақбараси асрлар давомида зиёратгоҳ бўлиб келади. Хонадоннинг яна бир етакчиси Худованзода Абу-л Макарим Аъло ал-Мулк – “Амир аш-Шахид” (1292-1344) Термиз ҳокими бўлиб, мўғулларга қарши мустақиллик курашида фаол иштирок этган. Унинг ўғиллари ва жиянлари манбаларга кўра Амир Темур ҳаёти ва фаолиятида муҳим аҳамият касб этишади. Нашр этилган шажаралардан бирига кўра Амир Темурнинг илк умр йўлдоши Хонзода олий насаб бўлган. Термиз саййидларининг шажарасига кўра Аъло ал-Мулкнинг эса шундай исмли жияни ва қизи бўлган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Амир Темур саййидлар билан оилавий алоқада бўлган. Мазкур воқелик тарих давомида ўз исботини топади: кўплаб Темурийлар саййидлар билан никоҳлар воситасида қариндошчилик ришталарини боғлаганлар. Ўзаро никоҳлар натижасида Темурийлар ва саййидлар хонадони чамбарчас боғланиб кетганлар.
Амир Темур ўзининг авлодларига саййидларни азиз тутишни васият қилиб кетган. Темурийлар бу васиятга содиқ бўлиб Самарқандда Шоҳи Зиндада Термиз саййидларининг вакилларини дафн этган бўлсалар, Шаҳрисабзда Улуғбек томонидан 1437 йилда барпо этилган, асли номи "Авлоди муборак" бўлган - Гумбази Саййидон мақбараси Термиз саййидларининг даҳмасига айланган. “Султон Содот” Абул Маолий 1459 йилда вафот этган ва Гумбази Саййидонда дафн этилади. Саййиднинг қабритошида Термиз саййидларинииг шажараси келтирилган.
Шайбонийлар ва ундан кейинги даврларда ҳам Термиз саййидлари маълум мавқега эга бўлишади. Шайбонийхон ўзининг ўғли Муҳаммад Темур Султонга Термиз саййидларидан келин олиб беради. Абдуллахон II Султон Саодотни зиёрат қилгани ва мақбарани таъмирлагани ҳақида маълумот бор.
Ислом дунёси тарихида Термизийлар маърифати, илму-урфондаги истеъдодлари билан алоҳида ажралиб туради. Улар орасида саййидлар ҳонадони вакиллари ҳам бор: фалакиётчи олим Жалолиддин Жаъфар ибн Ҳусайн ат-Термизий, табиб, дориларнинг тавсифи, ишлатилиши соҳасига бағишланган "Мужаррабат", яъни, "Синалган дорилар" китобининг муаллифи Муҳаммад Маъсум ибн Саййид ал-Хасаний ат-Термизий, "Муноқиби Муртозавий" тарихий асарини ёзган Мир Муҳаммад Солиҳ Термизий, "Дастур ал-Мулк" асарининг муаллифи Хожа Самандар Термизий шулар жумласидандир. Термиз саййидлари хонадонидан етишиб чиққан машҳур наққош-хаттот Мир Саййид Али Ҳиндистонда Ҳумоюн саройида хизмат қилган.
XX асрнинг 30-йилларигача зиёратчилар Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилганлар. Лекин, шўролар тузумининг сиёсати оқибатида зиёрат тақиқланган, мажмуа дарвозахонаси бузиб ташланган ва хонақоҳ ғиштлари ташиб олиб кетишган. Қабрлар устидаги қабртошлар олиб ташланган.
Термиз саййидлари хонадонининг тарихини, мамлакат равнақи ва тараққиётини таъминлашга қўшган ҳиссасини, улар абадий макон топган маскан ҳақидаги маълумотларни ўрганиш мозий саҳифаларини тўлдиришга хизмат қилади. Масалан, афғон қабилаларининг диний раҳнамоси Пир Бобонинг асли исми Саййид Али Шоҳ ат-Термизийдир. Шу каби Термиз сайидлари хонадонининг вакиллари, бутун Ислом дунёсида Хитойдан тортиб Туркиягача, Татаристондан тортиб Ҳиндистонгача тарқаладилар. Улар барча жойда қалб нури, ақл зиёси билан ислом маърифатини тарқатадилар, ўткир заковати, юксак одоби, мукаммал ахлоқи, қолаверса ҳидоят йўлидаги кароматлари билан Ислом дунёси нафига хизмат қилиб назарга тушдилар.
Жалолиддин Мирзаев
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
маркази катта илмий ходими
тарих фанлари номзоди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръон тиловатини муҳофаза қилиш.
Аллоҳ таоло Қуръонда бундай марҳамат қилган:
إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ
“Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар” (Фотир сураси, 29-оят).
Мўмин киши ҳар ойда Қуръонни камида бир марта хатм қилиб туриши керак. Қуръондан бир пора ўқиш учун ярим соатдан бироз кўпроқ вақт кетади. Бизни яратган, қаддингни ростлаган, зоҳирий ва ботиний неъматларини устингдан ёғдириб турган, сенга офият берган, сенга молу дунё, бола чақа берган, сенга ақл-заковат берган Роббингнинг Каломи учун ҳар куни ярим соат ёки бир соат вақт ажрата олмаймиз-ми?! Шунча неъматларни берган Зотга бу борада бахиллик қилган бўламиз-ку ахир деб ўйламайман!
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон тиловатини, Аллоҳнинг зикрини лозим тут! Чунки у сенга ерда нур, осмонда захирадир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қуръонни ўқинглар. Албатта, у қиёмат куни соҳибига шафоатчи бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Қуръон ёдлашга уриниш.
Бу иш олийҳиммат ва азми чин бўлган кишиларнинг ўлжасидир. Аллоҳдан улар учун дўзахдан саломат бўлиш башорати бордир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар Қуръон бир терида жамланса, Аллоҳ уни дўзахда куйдирмайди”.
Қуръон оятларини тадаббур қилиш ва унинг маъноларини тушуниш.
Бу Қуръоннинг энг катта ҳақларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آَيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الْأَلْبَابِ
“(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир” (Сод сураси, 29-оят).
Қуръонга амал қилиш ва у билан хулқланиш.
Қуръон билан хулқланиш банданинг дунё ва охиратда нажотга эришишининг асосидир. Қуръонни ўқишдан, ёдлашдан ва тадаббур қилишдан мақсад ҳам шудир. Аллоҳ таоло Қуръонда бундай деган:
وَهَذَا كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ فَاتَّبِعُوهُ وَاتَّقُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Мана бу Биз нозил қилган муборак Китоб (Қуръон)дир, унга эргашингиз ва тақволи бўлингиз, токи раҳм қилингайсиз” (Анъом сураси, 155-оят).
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло бундай деган:
كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ آَيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ
“Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади” (Бақара сураси, 187-оят).
Қуръонни бошқаларга ўргатиш.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли