Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ
(17.09.1917-24.11.1980йй.)
Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ Мисрлик машҳур Қуръони карим ҳофизи, қори, ушбу соҳанинг энг кўзга кўринган намояндаларидан саналади. У Қуръони каримнинг ўн хил қироати бўйича мужаввад ва мураттал тиловатлари ёзилган аудио ва видео ёзувлари орқали ўзининг хуш овози билан дунё мусулмонларига манзур бўлган.
Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ 17 сентябрь 1917 мелодий, 1 зулҳижжа 1335 ҳижрий санада Мисрнинг ғарбий қисмидаги Танто вилоятининг Шибро аннамла қишлоғида таваллуд топган. У туғилишидан олдин отаси Халил Фуюм вилоятидан Шибро аннамла қишлоғига кўчиб келган эди. Онасининг исми Фараҳ бўлиб, қишлоқ аҳли уни Фарҳа деб чақиришар эди.
Маҳмуд тўрт ёшга етганда отаси уни Қуръон ёдлаш учун масжид қошида очилган мактабга беради. У ҳар куни Қуръонни ёдлаш учун қишлоғидан Тантодаги Аҳмадий масжидига қатнайди. Саккиз ёшида у Қуръони каримни тўлиқ ёд олади. Ўн икки ёшида Тантодаги диний маъҳадга ўқишга киради. Кейинчалик Азҳари шарифда Қуръони каримнинг ўн хил қироатини ўрганади ва қироатлар илми бўйича шаҳодатномани қўлга киритади. Шундан сўнг, хуш овози ва гўзал адоси туфайли Қуръон илмларини ўрганишга киришади.
1944 йилда биринчи марта радио орқали қироат қилиш бўйича танловда иштирок этиб, иштирокчиларнинг энг биринчи тартибида туради.
1950 йилда Тантодаги Аҳмадий масжидига қори вазифасига, 1955 йилда эса, Қоҳирадаги Ҳусайн масжидига қори вазифасига таъйин этилади.
Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ энг биринчи бўлиб Ҳафснинг Осимдан ривояти бўйича мураттал овозли мусҳафни аудиотасмага ёздиради. Қуръони карим қориларининг ишини ташкил этадиган, уларнинг маиший аҳволига кўмаклашадиган бошқармаси ташкил этиш таклифи билан чиққан биринчи шахс ҳам Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ бўлади.
Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ барча шаҳар ва қишлоқлардаги масжидлар қошида Қуръони каримни ёдлатиш бўйича тўгараклар ташкил этиш зарур деган чақириқ билан чиқади ва шахсан ўзи Қоҳирадаги битта масжид ва мадрасани таъмирлаш ишларига бош бўлади.
Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ Қуръони каримнинг маъноларини тўғри тушуниш ва тўғри кетказишда Қуръони каримни тажвид билан ўқишнинг аҳамияти катта эканлигини билар эди. Унинг наздида Қуръоннинг қироати бу, илм ва усул эди. У Қуръони каримни тартил билан қироат қилинса унинг калималарига жон киради, ўқилаётган калималарнинг маъноси қорининг кўз ўнгида гавдаланади, дер эди. Шунинг учун, Қуръони карим уни тартил билан ўқиётган қорига Қуръон оятларига ақлий ёндашмоғини, зиммасида катта масъулият бор эканлигини доимо ҳис қилдириб туради, деб таъкидлар эди.
Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ 24 ноябрь 1980 мелодий, 16 муҳаррам 1401 ҳижрий санада 63 ёшида фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилади. Аллоҳ таоло у зотни ўз раҳматига олиб, Фирдавс жаннатига дохил айласин.
Homidjon Ishmatbekov
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бандалик бу ҳар қандай чора тадбирлардан воз кечиб Аллоҳнинг белгилаб қўйган тақдирини кузатишликда ҳамда бу тақдирнинг ўзидаги ихтиёрдан кўра яхши ва хайрли эканлиги ҳақиқатқини англаб етишликда намоён бўлади.
Нақл этишларича, Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу қул сотиб олгач, ундан сўради:
– Одатда сен нима тановул этасан?
– Нима берсангиз шуни..., – деди қул.
– Қандай ишни бажара оласан?
– Мендан нимани талаб қилсангиз ўшани.
– Қандай истагинг бор?
– Хожасининг хоҳиши олдида қулнинг истаги қандай аҳамиятли бўлиши мумкин?!
Буни кўрган Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу ўзларининг нафсларига мурожаат этиб шундай дедилар:
– Эй бечора! Сен Аллоҳга бутун ҳаётинг давомида бир соатча бўлса ҳам мана шу қул ҳозир сенга итоат этолганичалик итоат этганинг йўқ!
Имом Али ибн ал-Хаввос қуддиса сирруҳу ўзларининг муридлари бўлган имом Шаъроний қуддиса сирруҳуга насиҳат қилдилар:
– Аллоҳнинг берганларидан фақат эҳтиёжингга етарли бўлган миқдордагина фойдалансанг кифоя қилади, ортиқча харж қилмагин, қолганини Аллоҳ хоҳлаган кишиларга тарқатиб юбор. Ишларингни юргизиш учун беҳуда уриниб юрма, яхшиси, Аллоҳнинг ўзидан уларни чиройли тартибда йўлга солиб беришини астойдил сўрагин.
Шунда Шаъроний қуддиса сирруҳу сўрадилар:
– Яратгандан ҳалол ризқ сўрашлигим чиройли ишми?
– Ҳа, уни мана бу тарзда сўрагин: “Эй Аллоҳим! Менинг ризқимга баракот ато айлаб, дунё ва охиратда айбу нуқсонларимни ошкор этмагин, эй ўта Саховатли ва Карим бўлган Зот!”.
Ва яна қўшимча қилдилар:
– Сен Аллоҳнинг синовлари етган маҳал бесабрлик ва безовталик кўрсатишдан сақланмоғинг зарур! Аллоҳнинг ўзи ишларини Унга топшириб қўйган кимсага зарур бўлган илму фазилатларни бериб, албатта, пировардида, уни мўминларга имом бўлган муқтадога айлантиради. Ҳақиқатда Аллоҳ ҳамма нарсага қодир Зотдир!”
Бандалик аломатларидан яна бири камбағаллик вақтида муҳтожлигини, бойлик пайтида давлатини одамлардан яшира олиш қобилиятидир. Банда учун ҳар қандай ҳолат баробар бўлишлиги лозим. Нафсининг жуганини маҳкам тутиб, уни ҳар бир ишида сўроққа тутмоғи, одамларга нисбатан саховатли бўлмоғи, лаззатларга муккасидан кетмаслиги ва уни изламаслиги банда учун лозим бўлган шартлардандир. Олимлар марҳамат этадиларки:
“Инсон ўзига хизматкор – қул изламаган муддатича Аллоҳнинг ҳақиқий бандаси бўлиб қолади. Қачонки ўзига хизматкор – қул излай бошладими, Аллоҳ олдидаги бандалик сифатини йўқотади”.
Бандаликнинг ўзига хос шундай одоблари мавжудки, унинг риоясини қилишга интилган киши очлик, яланғочлик, қашшоқлик ва хўрлик каби синовлар етган маҳалларда ҳеч қачон ортиқча безовталик ва ҳаяжонга берилмаслиги керак бўлади. Ушбу одоб қоидалари бандадан Аллоҳнинг унга битган тақдиротини итоаткорона қабул қилишни ҳамда Унга нисбатан бирор нарсада исён ва эътироз этмасликни талаб этади. Яъни ҳақиқий банда фақат Аллоҳнинг меҳрибонлигига суяниши, фақат Унга таваккул этиши, заҳира учун озиқ-овқатдан ҳеч нарса йиғмаслиги, эҳтиёжи учун Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаслиги лозим.
Бандалик (убудийят) – бу банданинг ажралмас хусусиятидир, худди Ҳукмронлик (рубубият) Аллоҳнинг ажралмас ва доимий сифати бўлганидек... Шунинг учун кимки одамлар ичида ўзининг обрў эътибори, яхши иш ва яхши амали билан кифояланиб, Яратганига муҳтожлик туйғусидан йироқлашиб қолса, бу унининг чин маънавий ҳалокатидир. Ўзининг бойлигию давлатига суянган бой – ҳақиқий қашшоқ, ўзининг жамиятдаги баланд мартабаси билан мамнуну мағрур мансабдор – ҳақиқий паст, ўзининг наслу насаби билан мақтаниб юргувчи соҳибнасаб – ҳақиқий хурдир. Кимки ишининг ривожини ўзининг донолигию тадбиркорлигидан билибдими – сингани, хонавайрон бўлгани ўшадир. Кимки доимо Аллоҳдан рози бўлиб, шукр қилгувчи бўлса, Унинг ёрдамига муҳтожлигини бутун борлиғи билан идрок этиб, Ундан тилагувчи фақир бўлса ҳамда ҳар қандай ишида унга таваккул этишликка одатланган бўлса – асл, ҳақиқий бадавлат киши ўшадир.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.