Шу йил 27-28 ноябрь кунлари Нигер пойтахти Ниамей шаҳрида “Тинчлик ва тараққиёт йўлида терроризмга қарши курашда аҳдлашув” мавзусида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 47-сессияси ўз ишини бошлайди.
Ташкилот Бош котиби доктор Юсуф бин Aҳмед ал-Усаймин 47-сессиянинг кун тартибига ислом дунёси долзарб мавзу ва масалалар, жумладан, исломофобияга қарши курашиш ва динлар шаънига билдирилаётган салбий фикрларга барҳам бериш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳамда ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлардаги мусулмон жамиятлари аҳволи ҳақидаги масалалар муҳокама қилинишини таъкидлади.
Шунингдек, Халқаро Суд маҳкамасида роҳинжалар тўғрисидаги масалани ўрганиш, маданият ва динлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ва “ИҲТ 2025” иш дастурида эришилган ютуқларга оид мавзулар муҳокама этилади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати