Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Намознинг (нимаси) афзал?» деб сўралди. У зот:
«Қунут(қиём)нинг узуни», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Абу Довуд келтирган ривоятда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Амалларнинг қайси бири афзал?» деб сўралди.
«Қиёмнинг узуни», дедилар», дейилган.
Шарҳ: Маълумки, «Қунут» дуоси ҳам намозда тик туриб ўқилади. «Намозда қиёмни узоқ қилиш унинг энг афзал амали» дейиш ушбу ҳадисдан олинган.
Абу Ҳанифа ва Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳилар шу гапни ушлаганлар.
Бошқалар эса олдинги ҳадислардаги сажданинг фазли ҳақидаги гапларни ушлаб, «Намознинг энг яхши, энг афзал амали сажда», деганлар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла (фаришталарга) айтади: «Бандам бирор ёмонликка шайланса, уни ёзманглар. Агар уни қилса, битта ёмонлик ёзинглар. Агар бирор яхшиликка шайланса-ю, уни қилмаса, битта яхшилик деб ёзинглар. Агар уни қилса, ўнта (яхшилик) ёзинглар» (Имом Муслим ривояти).