ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ,
ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ,
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ДИН ИШЛАРИ БУЙИЧА ҚЎМИТА
“Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халққа, айниқса, ёшларга етказиш мақсадида буюк мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти давомчилари саналган олимлар ҳақида бадиий асарлар яратиш бўйича танлов эълон қилади.
Танловда Ёзувчилар уюшмаси аъзолари билан бир қаторда барча ижодкорлар иштирок этиши мумкин.
Асарлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ариза билан тақдим этилади.
Тақдим этиладиган асарлар 2 нусхада (электрон варианти билан), компьютерда 1,5 интервал, 14 шрифтда кўчирилган бўлиши зарур.
Белгиланган тартиб бўйича тақдим этилмаган асарлар кўриб чиқилмайди.
Тақдим этилган асарлар муаллифларга қайтарилмайди.
Таниқли ижодкорлардан иборат ҳакамлар ҳайъати танловга тақдим этилган асарларни ўқиб, баҳолаб боради. Ғолиб деб топилган асарлар Ёзувчилар уюшмаси муассислигидаги адабий нашрларда ҳамда “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида китоб ҳолида чоп этилади. Муаллифларга эса имтиёзли қалам ҳақи тўланади.
Танловга ижодий ишлар 2021 йилнинг 15 сентябрига қадар қабул қилинади.
Мурожаат учун манзил: Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, Адиблар хиёбони. Телефон: 71. 231-83-67.
Электрон манзил: badiiy_adabiyot@mail.ru
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.