Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Октябр, 2025   |   27 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:21
Қуёш
06:39
Пешин
12:13
Аср
15:53
Шом
17:40
Хуфтон
18:52
Bismillah
19 Октябр, 2025, 27 Рабиъус сони, 1447

Имом Бухорий мажмуасида 10 минг ўринли масжид қурилади

24.11.2020   1900   1 min.
Имом Бухорий мажмуасида 10 минг ўринли масжид қурилади

Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуасида 10 минг ўринли масжид қурилади. Бу ҳақда қурилиш вазири Ботир Зокиров «Ўзбекистон 24» телеканалида берган маълумотига таяниб, kun.uz манбаси хабар берди. Вазирлик вакиллари лойиҳани президент Шавкат Мирзиёевга топширишган. Зокировнинг айтишича, бу тўртинчи тақдимот бўлган ва президент томонидан лойиҳани бошлаш бўйича топшириқ берилган.

Қурилиш вазирининг сўзларига кўра, мажмуада атрофи миллий услубдаги айвонлар билан ўралган 10 минг ўринли масжид қурилади. Вазирлик масжид ва унинг атрофидаги қурилиш ишларини бошлаш бўйича кўрсатма олган.

Пайариқ тумани ҳудудида жойлашган Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида ҳозир ҳам масжид фаолият олиб боради. Лойиҳага кўра, шу масжид ўрнига каттароқ ва замонавий услубда қурилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, мажмуанинг ўзи ҳам қайтадан барпо этилади. Айни дамда мажмуанинг ёнида Имом Бухорий номидаги ҳадис мактаби ҳам фаолият юритмоқда.

 Маълумот учун, Имом Бухорий Ислом оламининг етук муҳаддиси ҳисобланади. Уни муҳаддислар имоми деб аташади. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» саҳиҳ ҳадислар тўплами Ислом оламида энг ишончли ҳадис манбаси сифатида ўрганилади. Имом Бухорий милодий 810 йилда Бухорода туғилган. 870 йилда эса ҳозирги мақбараси жойлашган Самарқанд ҳудудидаги Хартанг қишлоғида вафот этган.

islom.uz

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Қалбингни Аллоҳга қайтар

17.10.2025   8958   1 min.
Қалбингни Аллоҳга қайтар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мен падари бузрукворим раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман: «Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир ўғиллари бор эди. Уни ҳазрат қаергадир илм таҳсил қилиш учун юбордилар. У олим бўлиб қайтди. Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир мажлислари бўлар эди. Мажлисга ҳазратга яқин кишилар келарди. Ҳазрат уларга насиҳат қилиб турардилар. Ўғиллари келганида, ҳазрат унга: «Биродар, сен буткул янги илм ҳосил қилиб келгансан, бугун уларга сен ваъз қил», дедилар. У жудаям тетик эди.

Ҳазратнинг таклифини бажонудил қабул қилди. Мажлис ҳали жам эди. У ваъз айтди. Одамлар тинглайвердилар, тинглайвердилар. Лекин таъсирланмадилар. Оддий бир олимнинг гапини эшитдилар. Шундан кейин ҳазрат ташриф буюрдилар ва ўтириб, бор-йўғи шундай бир жумла айтдилар: «Биродар, биз бугун рўза тутишни ирода қилган эдик. Кечаси саҳарликда ичамиз деб сут сақлаб қўйган эдик. Лекин тақдирни қарангки, мушук сутни ичиб кетди ва биз рўза тута олмадик».

Бор-йўғи шу гапни айтдилар. Гаплари  қаттиқ таъсир қилди. Кейин ҳазрат ўғилларига бундай дедилар: «Қара, сен соатлаб ваъз қилдинг. Уларга ҳеч нарса қилмади. Мен бор-йўғи бир оғиз гапирдим, одамларнинг қалбларига таъсир этди. Сен илм ўрганиб келдинг. Лекин энди қалб дардини пайдо қил, қалбингни Аллоҳга қайтаришга, яъни боғлашга ҳаракат қил. Кейин сенинг бир сўзинг, у фасоҳатли-балоғатли бўлса-бўлмасин фарқи йўқ, одамларнинг қалбларига, руҳиятларига таъсир қилади».

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан