Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуасида 10 минг ўринли масжид қурилади. Бу ҳақда қурилиш вазири Ботир Зокиров «Ўзбекистон 24» телеканалида берган маълумотига таяниб, kun.uz манбаси хабар берди. Вазирлик вакиллари лойиҳани президент Шавкат Мирзиёевга топширишган. Зокировнинг айтишича, бу тўртинчи тақдимот бўлган ва президент томонидан лойиҳани бошлаш бўйича топшириқ берилган.
Қурилиш вазирининг сўзларига кўра, мажмуада атрофи миллий услубдаги айвонлар билан ўралган 10 минг ўринли масжид қурилади. Вазирлик масжид ва унинг атрофидаги қурилиш ишларини бошлаш бўйича кўрсатма олган.
Пайариқ тумани ҳудудида жойлашган Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида ҳозир ҳам масжид фаолият олиб боради. Лойиҳага кўра, шу масжид ўрнига каттароқ ва замонавий услубда қурилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, мажмуанинг ўзи ҳам қайтадан барпо этилади. Айни дамда мажмуанинг ёнида Имом Бухорий номидаги ҳадис мактаби ҳам фаолият юритмоқда.
Маълумот учун, Имом Бухорий Ислом оламининг етук муҳаддиси ҳисобланади. Уни муҳаддислар имоми деб аташади. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» саҳиҳ ҳадислар тўплами Ислом оламида энг ишончли ҳадис манбаси сифатида ўрганилади. Имом Бухорий милодий 810 йилда Бухорода туғилган. 870 йилда эса ҳозирги мақбараси жойлашган Самарқанд ҳудудидаги Хартанг қишлоғида вафот этган.
islom.uz
وحدثنا إسحاق بن إبراهيم بن جبلة نا عبيد الله بن موسى أنا إسرائيل، عن سماك أنه سمع موسى بن طلحة يحدث عن أبيه قال: مررت مع النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم في نخل فرأى قوما في رءوس النخل يلقحون النخل فقال: ما يصنع هؤلاء؟ قالوا: يجعلون الذكر في الأنثى قال: ما أظن ذلك يغني شيئا فبلغهم ذلك فتركوه فنزلوا عنها فبلغ ذلك النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: إنما هو ظن ظننته، إن كان يغني شيئا فاصنعوه، فإنما أنا بشر مثلكم وإن الظن يخطئ ولكن ما قلت لكم: قال الله تعالى فلن أكذب على الله عز وجل.
Мусо ибн Талҳа отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам билан бирга (Мадина) хурмозорлари орасидан ўтдим. У зот хурмолар устига чиқиб олиб, чанглатаётган одамларни кўриб: “Анавилар нима қилишмоқда?” дедилар.
Одамлар: “(Хурмонинг) эркагини урғочисига қўшмоқда”, деди.
У зот: “Менимча, ундоқ қилиш бирор фойда бермас, деб гумон қиламан”, дедилар.
Ҳалиги одамларга бунинг хабари етиб борганда, улар у(чанглатиш)ни тарк қилди ва хурмолардан тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга бу ҳақда хабар берилганда: “У менинг бир гумоним, агар ўша нарса уларга манфаат берса, уни қилаверсин! Албатта, мен ҳам сизлар каби башарман. Албатта, гумон хато қилади. Лекин сизларга “Аллоҳ таоло бундай деди”, деб бирор нарса айтсам, зинҳор Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан ёлғон сўзламайман”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД