“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар”
3. Далилларни тушунишдаги тўғри ёндашув.
Мазкур масала қуйида айтиб ўтиладиган асосларга таянади:
А). Саҳобаларнинг йўлига эргашиш. Уларнинг “шаръий далилларни тўғри тушунишда саҳобаларннг маслагига эргашамиз” деган гапи айёрликдан кейинги яна бир айёрликдир. Улар саҳобаларнинг назаридаги ёндашув ва ривоятларни қаёқдан ҳам чуқур англасинлар! Чунки саҳобалар ҳақидаги нақл ва хабарлар турли китобларнинг турли бобларида битилган сатрлардир. Ахир улар саҳобаи киромларнинг асарларидан таркиб топган ушбу илмий манбаларни ўзаро мувофиқлаштириб тадқиқ қила олармиди? Бунинг жавоби эса шубҳасиз эплай олмайдилар қабилида бўлади.
Аммо улар саҳобаи киромларнинг ёндашув маслакларига тобеъ бўлишни чиндан ҳам истасалар, тўрт мўтабар мазҳабдан бирини танлашга мажбур бўладилар. Чунки мазкур мазҳаб алломалари саҳобаларга биздан кўра яқинроқ ва уларнинг маслагида биздан кўра етукроқ инсонлар эдилар. Турган гапки шаръий асосларни тушиниш борасида мазҳаб алломаларининг маслаги ҳам ўзларига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан мерос бўлиб қолмаган. Балки бу жараён саҳобаи киромларга мерос бўлиб қолди. Саҳобалардан тобеийнларга, тобейинлардан кейин эса фиқҳий мазҳаб мужтаҳидларига уланди.
Шубҳасиз, имом Абу Ҳанифанинг мазҳаблари ибни Масъуднинг йўлига боғланади. Имоми Моликнинг мазҳаблари ибни Умар ва у кишининг ўғиллари ҳамда ҳодимларининг йўлига боғланади. Тобеинлардан иборат тўрт мазҳаб мужтаҳидларининг машойихлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан таълим олганлари ҳеч кимга сир эмас. Энг камида ушбу силсила саҳобалардан таълим олган тобеинларнинг шогирдлари. Шунинг учун ҳам шаръий далилларни идрок этиш борасида тўрт мазҳаб мужтаҳидларининг маслаги расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари бўлиб, айни пайтда саҳобалардан ўтиб келаётган омонатдир. Ҳаммага маълум ҳақиқат шуки, саҳобалар гарчи турли ўлкаларда яшаган бўлсалар-да, уларнинг шаръий асослар устидаги турли ҳил қарашлари ортидан фиқҳий мадрасалар вужудга келди. Ироқда имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қўллари остида ҳозирги замон таъбири билан айтганимизда фиқҳ куллиялари ташкил топди. Мадинаи мунавварада имом Моликнинг мадрасалари ташкил топди. Кейинчалик бу мактабни икки буюк имомлар – имом Шофиъий ва имом Аҳмадлар ривожлантириб турли ўлкаларга тарқатдилар. Улардан кейингилар зиммасида эса мазкур мужтаҳид алломаларга шогирд бўлиб, кўрсатган йўлига тобеъ бўлиш, уларнинг аслий (ақидавий) қоидаларини маҳкам тутиб айрим фаръий (фиқҳий) масалалардагина ижтиҳод қилиш қолди, холос. Чунки мазкур фиқҳий мазҳабларнинг маслаги Аллоҳ ва расулининг ҳукмларини англаб етиш ва тўғри тушунишда асос бўладиган саҳобаи киромларнинг маслаги ҳисобланади. Зеро, мазҳаб уламолари далилларни тадқиқ қилишда саҳоба ва тобеинларнинг танловларига эргашиш қоидасини илгари сурдилар. Улар аслий қоидалар ва куллий аҳкомларни жамлаш (мувофиқлаштириш)да бор имкониятларини ишга солдилар. Айнан саҳобалар маслаги асосига ўз мазҳабларини барпо қилиб Китоб ва фатволарида уларни қарор топтирдилар.
Биз бугун мазкур асарларни усули фиқҳ деб номлаймиз. Имом Шофеийнинг “Рисола” номли китоблари ҳам шулар жумласидандир. Имом Молик “Муватто ”
китобларида уни янада кенгроқ ёритганлар. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Шайбонийнинг “Асил” китобида у ҳақида нақл қилинади.
Имом Аҳмаддек забардаст аллома ҳам ўз “Муснад”ларида ундан далиллар келтириб ўтади.
Ҳеч кимга сир эмаски, ўзида саҳобалар танлови ва талқинларини жамлаган мазкур тизимли усуллар фиқҳий мазҳабларнинг асосини ташкил қилган.
Шу ерда ҳақли савол туғилади: саҳобаи киромларнинг шаръий далилларни идрок этиш борасидаги маслагига ҳозирги бидъат аҳли жамоалари яқинроқми ёки саҳобалар замонига яқин бўлган мазҳаб уламолари яқинроқ бўлганми?
Бугунги воқеъликдан келиб чиқсак уларнинг “шаръий далилларни саҳобаи киромларнинг талқинида идрок қилиш” деган сўзлари фақат ҳавои гаплардир. Воқеъликда амалиётга татбиқ қилинмаган, бирор илмий қийматга эга бўлмаган даъволардир холос.
Иккинчи: араб луғатини чуқур билиш.
Бу масала борасида ҳам улар араб тилида ҳар қанча чуқур билимларга эга бўлмасин, мазҳаб уламолари жамоасининг билим-маърифати олдида уларнинг ўндан бирини ҳам билмайдилар. Биз қандай қилиб араб тилида ҳам етук даражада гапира олган мазҳаб алломаларни четга суриб қўйиб уларнинг ўрнига мутаассиб жамоаларнинг маслагини қабул қиламиз?!
Бу қандай ҳам жаҳолат ва бедодликки, улар ўзларини, шаръий ҳукмлар истинботи учун зарур бўлган араб тили ва қоидаларида чуқур билм ва етарли даражада маҳоратга эга деб биладилар! Мазкур жамоалар фикрича, араб тили ичида яшаб уни ўзига сингдирган, керак бўлса уни нутқ маданияти даражасида қўллаб юрган мазҳаб уламолари уларнинг даражасига етолмас эканлар. Ҳатто мақомлари ҳақида “гапирган гапи араб тилидаги ҳужжатдир” дейилган имом Шофеийдек алломалар ҳам мазкур мутаассиб жамоаларга тенг келмас эмиш.
Фиқҳий мазҳаб алломалари чизиб берган, ўз шайхлари ва улар орқали саҳобаи киромлардан мерос ўлароқ ўтиб келган ушбу маслак нафс таскин топадиган ва суянишга лойиқ бўлган маслакдир. Биздан бирор киши тўрт мўътабар мазҳабнинг бирортасига эргашар экан, аниқ биладики эргашаётган ушбу йўли замонлар оша минглаб алломалар хизмат қилган асл илмий маслакдир. Китоб ва Суннат ҳидояти (йўллаган йўл)да юриш осон бўлган услубдир. Мазҳаб алломаларининг бошқаларни кофирга чиқариш, экстремизм, ноҳақ қон тўкиш каби вайронкор фикрлар билан ёндашганларини кўрмайсиз. Чунки уларнинг фиқҳий ҳукм ва фатволари бидъат аҳлидан иборат мутаассиб жамоаларнинг тутган йўлидан бутунлай айродир. Аммо мутаассиб жамоа вакиллари илмда ҳам жуда ночор, идрок ва тушунишда юзаки ёндашадиган жамоалардир. Улар шунинг учун ҳам фатволарида ўйин, шаръий аҳкомларида тартибсиз иш тутадилар.
(давоми бор)
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.
Таржимон: Тоҳир Воҳид
Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бирбирига ўхшаш эмас.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.
“Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.
“Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.
“Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.
“Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.
Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.
Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан
Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws