— Бир йил олдин қизим вафот этганди. Деворга расмини илиб қўйишим мумкин-ми? Кейин қизимни кўп ўйлайман, тушларимга кирса дейман, лекин ҳеч тушимга кирмайди, у мендан розимасмикан деб ўйлаб қоламан. Мен нотўғри ўйламаяпман-ми?
— Яхши эмас. Уч зарари бор: биринчиси, инсон ва ҳайвон расмини белдан юқори жойга осиш ножоиздир. Ўсимлик ва жонсиз нарсаларнинг расмини осиб қўйишнинг ҳеч зарари йўқ. Иккинчиси, жонли расм илинган хонага раҳмат фаришталари кирмайди. Фоторасмларни альбомда сақлаш лозим. Учинчиси, деворида расм осилган хонада намоз ўқиш макруҳдир.
Қизингизнинг руҳи шод бўлиши учун Қуръон тиловати қилиб, садақа бериб, шуларнинг савобини унинг руҳига бағишлаш мумкин. Тушга кирмаслиги ёмонлик аломати эмас.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Асмо бинти Язийд розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг исми аъзами ушбу икки оятдадир: «Ва илоҳингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Роҳман ва Роҳиймдир» ва Оли Имроннинг аввалидаги «Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қоййумдир» оятидадир», дедилар».
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Дарҳақиқат, бу икки оятда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг исмлари ўзида катта маъноларни жамлагандир. Келинг, улар билан яқиндан танишиб чиқайлик:
«Ва илоҳингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Роҳман ва Роҳиймдир» (Бақара сураси, 163-оят).
Ушбу оятда Ислом ақийдасининг бош масаласи – Аллоҳнинг ягоналиги асосий қоида сифатида илгари сурилмоқда. Аллоҳнинг борлигига ҳеч қачон шубҳа бўлмаган. Унинг зоти ва сифатлари ҳақида тортишувлар доимо бўлиб турарди. Унинг махлуқотлар билан алоқаси ҳақида ҳам тортишувлар кечган. Фақат даҳрийларгина илоҳнинг йўқлиги ҳақида сафсата сотдилар. Аллоҳнинг борлигини инкор этдилар.
«Алиф. Лаам, Мийм. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қоййумдир» (Оли Имрон сураси, 1-2-оятлар).
Ояти Курсийда келганидек, ушбу ояти карима тавҳидни, Аллоҳнинг ягоналигини холис баён қилади. Аллоҳ таолодан ўзга бандаларнинг ибодатига сазовор ҳеч бир илоҳи маъбуд йўқдир. Аллоҳ доим тирикдир, ўлмайди. У Қойюм – бандалари ишларининг тадбирида доимо қоим турувчидир. Бошқаларнинг туриши ҳам У Зот биландир.
Бу икки ояти каримада ҳам Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари зикр қилинган. Аммо улардан қайси бири Исми Аъзам эканига аниқ ишора йўқ.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи