عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلَاثٌ: إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ» مُتَّفقٌ عَليه
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, бажармайди, омонат топширилса, хиёнат қилади», дедилар».
Муттафақун алайҳи – Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Мунофиқ – бу ташида ўзини мусулмон ва иймон келтирган шахс сифатида кўрсатадиган, лекин аслида иймон келтирмаган ва қалбида кофирлигича қолган кишидир. Араблар исломдан аввалги даврларда «мунофиқ» сўзини Ислом келгандан кейинги маъносида тушунмаганлар, яъни бу сўз Ислом келишидан олдин ўзини иймон келтиргандек кўрсатиб, аслида кофир бўлиш маъносида қўлланилмаган. Бу сўзнинг асл ўзаги «нафақ» сўзидан олинган бўлиб, баъзи кемирувчилар кавлайдиган инга нисбатан ишлатилади. Уларнинг инида икки тешиги бўлади ва агар бир тешик тарафдан хавф келаётганини сезса иккинчи тешикдан қочиб қолади. Мунофиқнинг ҳам икки юзи бўлиб, вазият тақозосига кўра ўзгартириб тургани учун шундай номланган.
Уламолар мунофиқлик икки хил кўринишда бўлишини айтадилар:
Биринчиси, инсон аслида кофир бўлган ҳолатда ўзини иймон келтиргандек тутиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги мунофиқлар ана шундай бўлганлар.
Иккинчиси, ҳеч ким билмайдиган ҳолат бўлса дин буйруқларига тўлиқ риоя қилмаслик, бошқалар биладиган ҳолатларда эса тўлиқ риоя қилиш бўлиб, бу ҳам нифоқ дейилади. Аллома Хаттобий роҳимаҳуллоҳ шу маънони зикр қилганлар. Шунга кўра биринчи турдаги нифоқ – эътиқодий, иккинчиси эса амалий нифоқ деб номланади.
Баъзи инсонларда мана шу аломатларнинг барчаси топилиши ва шу билан бирга мўмин бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Имом Нававий ҳадиснинг маъноси унда зикр қилинган аломатлар топилган киши мунофиққа ўхшаб, уларда бор хулқларга эга бўлиб қолиши маъносида эканини айтганлар. Бошқа уламолар, хусусан, Имом Қуртубий эса ҳадисда амалий нифоқ назарда тутилган, дейдилар. Чунки, Умар розияллоҳу анҳу ҳам Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан: «Менда нифоқдан бирор нарса борлигини биласанми?», деб сўраганлар ва бундан эътиқоддаги нифоқни эмас, балки амалдаги нифоқни назарда тутганлар. У зот куфр маъносидаги нифоқни назарда тутган бўлишлари асло мумкин эмас.
Уламоларнинг юқорида келтирилган сўзлари ва бошқа шарҳлардан хулоса қиладиган бўлсак, ҳадисдаги аломатлар топилган инсонни эътиқодида мунофиқ бўлиб, кофир бўлган, дейилмайди, балки амалларида мунофиқларнинг ишини қиладиган ва уларга ўхшаб қолган шахс дейилади.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мунофиқларнинг сифатлари билан сифатланиб қолишдан қаттиқ қайтарилганлиги.
2. Мусулмон инсон улардан сақланиш учун ҳам мунофиқларнинг сифатларини яхши билиб олиши лозимлиги.
Бу сифатлар қуйидагилардир:
1. Ёлғон гапириш.
Ёлғон – бу воқеликдаги нарсанинг тескарисини гапириш бўлиб, бу ҳаром амал саналади. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ёлғоннинг ҳаром эканлигига Қуръон ва Суннатда бир қанча далиллар келган. У энг хунук гуноҳ ва уятли айблардан саналади. Унинг ҳаром эканига умматнинг барчаси иттифоқ қилган».
2. Ваъдага хилоф қилиш.
Ҳадис ваъдага хилоф қилиш ҳам мунофиқларнинг аломати бўлгани учун ҳаром амал эканлигини билдиради.
3. Омонатга хиёнат қилиш.
Масалан, инсонга бир киши бир нарсани омонат топшириб, сақлаб туришини сўради. Омонатни қабул қилган инсон уни ишлатиб юрса ёки бепарволик қилиб уни сақламайдиган бўлса юқоридаги ҳадисга тушиб қолади ва омонатга хиёнат қилган бўлади.
4. Ҳадисда мунофиқларнинг учта сифати зикр қилинди.
Бундан мунофиқларнинг сифати фақатгина шу эканини тушуниб қолмаслик керак. Чунки, Имом Бухорий ва Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Тўрт (хислат бор), улар кимда бўлса, аниқ мунофиқ бўлибди. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни ташламагунича, унда мунофиқликдан бир хислат бўлади: омонат топширилса, хиёнат қилади; гапирса, ёлғон гапиради; аҳдлашса, аҳдни бузади; жанжаллашса, фожирлик қилади».
Мавзунинг аввалида келтирилган ҳадиса уч хислат айтилган бўлса, бунда қўшимча яна бир хилсат – жанжаллашса, фожирлик қилиш ҳам зикр қилинмоқда. «Фожирлик қилиш» ни уламолар ҳақдан оғиб, ёлғон гапиришга ўтиш ва тақвосизлик қилиш, деб шарҳлаганлар. Уламолар шу ва бошқа ривоятлар ҳамда оятлардан хулоса қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқларнинг барча сифатларини эмас, баъзисини айтишни ирода қилганлар, дейдилар. Чунки, бошқа оят ва ҳадисларда мунофиқларнинг бошқа аломатлари ҳам зикр қилинган. Қуйида уларнинг ҳам баъзиларини санаб ўтамиз.
5. Намозга дангасалик ва Аллоҳни кам зикр қилиш.
Аллоҳ таоло мунофиқларни сифатлаб шундай марҳамат қилади:
وَإِذَا قَامُوٓاْ إِلَى ٱلصَّلَوٰةِ قَامُواْ كُسَالَىٰ يُرَآءُونَ ٱلنَّاسَ وَلَا يَذۡكُرُونَ ٱللَّهَ إِلَّا قَلِيلٗا١٤٢
Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар (Нисо сураси, 142-оят).
6. Бомдод ва хуфтон намозларига эриниш, уларга бепарво бўлиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мунофиқларга энг оғир намоз – бомдод ва хуфтондир» (Муттафақун алайҳи).
7. Ёмонликка буюриб, яхшиликдан тўсиш
Аллоҳ таоло айтади:
ٱلۡمُنَٰفِقُونَ وَٱلۡمُنَٰفِقَٰتُ بَعۡضُهُم مِّنۢ بَعۡضٖۚ يَأۡمُرُونَ بِٱلۡمُنكَرِ وَيَنۡهَوۡنَ عَنِ ٱلۡمَعۡرُوفِ
Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар (яъни, кофирликда бир-бирларига ўхшайдилар). Улар ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан тўхтатадилар… (Тавба сураси, 67-оят).
3. Ростгўйлик ва ваъдага вафоқ қилишнинг фазилатли амал экани.
Ҳадис борасида айтилган шарҳларнинг барчаси ҳадисни тушуниш ва унга амал қилиш учундир. Шунинг учун ҳам замонамиз уламоларидан Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтганларидек, ҳадиснинг руҳиятини йўқотмаган ҳолатда унга амал қилиш, мунофиқлик аломатлари саналмиш одатлардан қаттиқ огоҳ бўлиш ва уларни кичик санамаслик лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни мунофиқларнинг сифатларига эга бўлиб қолишдан сақласин. Ўзи ва Расули мақтаган сифатларга эга бўлишга муваффақ қилсин!
Яҳёхон Бобохонов,
Ангрен шаҳар «Қорабоғ» жоме масжиди
имом-хатиби
Май ойида саратон ҳаётимизга рухсатсиз кириб келди...
У отамнинг кўкрагида бошланди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Кейин касаллик суякларига ҳам тарқалди.
Майдан декабргача бўлган олти ой давомида ҳаётим бутунлай ўзгарди. Доимий текширувлар, шифокор қабули, касалхоналар, энг яхши мутахассисларни излаш ва турли дори-дармонлар...
Бу олти ой давомида бутун ҳаётим отамга ғамхўрлик қилиш атрофида айланди.
Мен отамнинг аста-секин кучсизланиб бораётганини кўрдим. Аввалига ҳасса билан юрарди. Кейин юриш мосламаси билан. Сўнгра ногиронлар аравачасига ўтирди. Охири эса тўшакка михланиб қолди.
Куч-қувват тимсоли бўлган отангизни шу аҳволда кўриш инсон учун энг оғир синовлардан бири экан.
Шу қийин кунларнинг бирида касалхонада мени ҳайратга солган воқеа юз берди.
Мен отамнинг олдига ҳар куни борардим. Баъзан ишдан кейин, гоҳида эса уйдан тўғри касалхонага келардим. Шунинг учун кийимларим ҳам ҳар хил бўларди: расмий ҳам, оддий ҳам.
Бир куни шиппакда бордим. Отам билан бироз ўтирдик. Кейин у киши қаҳва сўради. Мен ошхонага тушдим.
Навбатда турганимда орқамдаги бир йигит мени бошдан-оёқ кузатиб турди. Кейин:
— Сиз телевизорда чиқадиган одаммисиз? деб сўради.
— Баъзан, дедим.
У эса:
— Ростини айтсам, сиз ҳақингиздаги фикрим ўзгариб кетди. Мен сизни бошқачароқ тасаввур қилардим, — деди.
— Нега? — дедим.
— Касалхонага шиппак кийиб келибсиз-ку, — деди.
Ўша пайтда руҳий ҳолатим жуда оғир эди. Бир неча ойлик ташвишлардан чарчаган эдим.
Мен унга:
— Отам саратон билан курашяпти. Сиз эса менга пойабзал ҳақида гапиряпсизми? — дедим.
Ичимда ғазаб қайнарди. Кейин ўзимни босиб:
— Биродар, ҳар бир гапнинг ўз вақти ва жойи бўлади. Айниқса касалхонада. Бу ердаги ҳар бир инсоннинг ўз дарди бор, — дедим.
Воқеа тугади. Аммо менинг ичимда тугамади.
Қаҳвани олиб, отамнинг олдига қайтдим. Отам менинг асабийлигимни дарров сезди.
Ҳаммасини айтиб бердим.
Отам сўзларимни хотиржам тинглади ва бундай деди:
— Агар сен нотўғри иш қилмаганингга ишончинг комил бўлса, нега бир бегона одамнинг гапи сенинг руҳиятингга таъсир қилиши керак?
Мен:
— Лекин унинг гаплари мени қаттиқ ранжитди, — дедим.
Отам бироз сукут сақлаб:
— Нега унинг сен ҳақингдаги фикри сен учун шунчалик муҳим? Сен руҳиятингнинг калитини унинг қўлига топшириб қўйдинг. Одамларга руҳиятингнинг калитини берма. Агар берсанг, улар сени хоҳлаганича бошқаради, дедилар.
Сўнг қўшимча қилди:
— Энг муҳими, сен ўзингдан мамнун бўл.
Руҳиятингнинг калитини ўзингда сақла. Уни ҳеч кимга берма.
Биз қаҳвамизни ичишда давом этдик.
Мен унга:
— Қани энди мен ҳам сиздек хотиржам бўлишни ўргансам, — дедим.
У киши жилмайиб:
— Иншааллоҳ, ўғлим. Агар хоҳласанг, албатта ўрганасан, — дедилар.
Бутун бу ҳикоянинг хулосаси битта:
“Руҳиятингиз — уйингиздир. Унинг калитини ҳеч қачон бошқаларга берманг”.
Отам вафот этганларидан кейин яна бир ҳақиқатни англадим:
Бу дунёда ота ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.
У ҳақда қанча шеър ёзманг, қанча сўз айтманг, барибир кам.
Отангиз тирик экан, уни қадрланг. Дуосини олинг. Чунки қабр устида тўкилган кўз ёшлар энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД