Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Феврал, 2026   |   1 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:55
Қуёш
07:14
Пешин
12:42
Аср
16:17
Шом
18:04
Хуфтон
19:17
Bismillah
18 Феврал, 2026, 1 Рамазон, 1447

Жаннатнинг ўртасидан қаср берилишига кафилман

20.11.2020   2956   8 min.
Жаннатнинг ўртасидан қаср берилишига кафилман

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят).

Афвни (қабул қилиб) олинг

Афв этиш бирор кишининг айб, ёмон ишларини кечириш, айбдорга нисбатан жазо беришга лойиқ бўлса ҳам лутф кўрсатиб жазолашни тарк этишдир. Кечиримли ва сабр-тоқатли бўлиш динимизнинг асосий тамойилларидан биридир. Айниқса, ўч олишга қодир бўла туриб кечириб юбориш гўзал фазилат, олий хулқ намунасидир.

Оятдаги “афв” сўзининг тафсири манбаларда турлича келган. Баъзи муфассирлар у – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш десалар, бошқалари закот вожиб қилинмасдан олдин бойлардан олинадиган садақалар деб изоҳлаганлар.

Имом Табарий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)дан ушбу оятни шарҳлаб беришни сўраганларида У зот: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқда-ки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” деб шарҳлаганлар”.

Саҳобалар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан: “Гўзал хулқ нима?” деб сўрадилар. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” оятини тиловат қилдилар.

Афв гўзал ва мақталган ахлоқларнинг асосидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки унинг учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да бу фазилатларнинг барчаси мужассам, сўзлари ва феълларида ҳам бу хулқ ила зийнатланган эди, бошқаларни ҳам кечиримли бўлишга ундардилар.

Убода ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга Аллоҳ бандаларининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” дедилар. Саҳобалар: “Айтинг, ё Расулуллоҳ”, дейишди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни авф қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Набий (алайҳиссалом) кечиримли, шафқатли ва раҳмдил бўлишда пешқадам эдилар. Макка аҳли у зот (алайҳиссалом)нинг йўлларига тиконлар сочишар, сажда қилиб турганларида туянинг ичакларини ташлаб кетишар ва доимо мазаҳ қилишар эди. Бу ҳол бир ёки икки йил давом этгани йўқ, балки ўн уч йил муттасил давом этди. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни авф этдилар, ҳақига дуо қилдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари билан тарбияланган саҳобалар (розияллоҳу анҳум) ҳам ўзларига зулм қилганларни кечиришда барчага намуна бўлдилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Уяйна ибн Ҳиср деган киши Ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига кириб: “Эй, Хаттобнинг ўғли! Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтаманки, сен бизнинг ўртамизда адолат билан ҳукм чиқармаяпсан”, деди. Бундан Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ғазаби чиқди, ҳатто энди бир кор-хол бўлади, деб атрофдагилар қайғуга тушиб қолишди. Шунда саҳобалардан бири: Эй, амирал мўминин! Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” деб буюрмаган-миди, у одам жоҳиллардан”, деди.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Қуръон тиловатини эшитиши биланоқ, ғазабини ютди ҳамда Аллоҳнинг хитобига мувофиқ иш тутди (Имом Бухорий ривояти).

Расулллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хатокорнинг айбини кечиб юборувчиларни Аллоҳ таоло кечириши ҳақида бундай деганлар: Авф бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Бас, афв қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилади. Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизга раҳм қилади” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).

Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Яхшиликка буюр

Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифасидир. Бу ҳақда Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша имоннинг заифлигидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи умматлари энг яхши уммат бўлди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) яхшиликка чақирувчида қуйидаги хислат ва фазилатлар жам бўлиши лозим дейди:

  1. Аввало яхшиликка чақиришдан мақсад – Аллоҳ таолонинг розилиги бўлиши.
  2. Илм.Чунки илмсиз қилинган амри маъруф одамларнинг қалбига етиб бормайди.
  3. Шафқат, мулойимлик билан дўстона насиҳат қилмоқ. Аллоҳ таоло Мусо ва Хорун (алайҳимуссалом)ни Фиръавнга юборганида бундай буюради: “Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса” (Тоҳо сураси, 43-оят)
  4. Сабрли ва ҳалим бўлиш. Аллох таоло Луқмон (алайҳиссалом) қиссасида: “...яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!” деб марҳамат қилган.
  5. Амри маъруф қилувчи аввало айтган сўзига ўзи амал қилиши. Қуръони каримда: “...одамларни яхшиликка буюрасиз-у, ўзингизни унутасизми?!” дейилган.

Аллоҳ таоло яхшиликка тарғиб этувчи бандаларини мадҳ этади, уларга Ўз раҳмати ва марҳамати нозил бўлиши башоратини беради: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (Тавба сураси, 71-оят).

 

Жоҳиллардан юз ўгир

Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. Динимиз илмсизликдан юз ўгиришга, илм, уламоларга эргашишга даъват этади. Қолаверса, жоҳиллардан узоқ бўлиш кишини ёмонликлардан сақлайди, унинг ахлоқини гўзал қилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Мусулмон киши жоҳилларга эътибор бермайди, уларнинг гап-сўзларидан таъсирланмайди, балки ёмонликка қарши яхшилик билан жавоб қайтаради. Албатта, бундай фазилатга фақатгина сабр-тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган Аллоҳ таолонинг энг сюкли бандалари мушарраф бўлади: «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон сураси, 64-оят).

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу оят ҳақида: “Бундай зотлар ҳалим, беозор бўлиб, агар уларга жаҳл билан ғазаб қилинса, улар асло жоҳиллик қилмайдилар, ҳалимлик билан жавоб қайтарадилар”, деган.

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу гўзал хулқлар билан хулқланиб, Ўзининг розилигини топишимизга тавфиқ ато этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Имом Ғаззолийнинг таваккулнинг ҳақиқати борасидаги шарҳи

18.02.2026   1043   3 min.
Имом Ғаззолийнинг таваккулнинг ҳақиқати борасидаги шарҳи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Имом Ғаззолий “Иҳё” китобида асли таваккул бўлган тавҳиднинг ҳақиқатини бундай баён қиладилар: “Билгинки, албатта таваккул қилиш иймон бобидандир. Барча иймон боблари илм, ҳол ва амалдан иборатдир. Шунингдек, таваккул ҳам илм, ҳол ва амалдан иборатдир. Илм бу, асоси ва моҳияти, амал эса, мевасидир, ҳол эса таваккул қилишдир.
Келинг асос бўлган ҳамда тил жиҳатидан иймон деб номланган илмни баён қилиш билан бошласак. Чунки иймон тасдиқлашдир. Қалб билан тасдиқ қилинган ҳар бир нарса илмдир. Агар тасдиқ кучли бўлса чинакам ишонч деб номланади. Ишонч эшиклари эса жуда ҳам кўпдир. Биз эса, бу жойда ўша ишонч эшикларидан таваккулгагина эҳтиёжимиз бор. У, сенинг “Шериги бўлмаган ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ”, деган қавлингдаги ифода тавҳиддир, “Барча мулк уникидир”, деган қавлингдаги ифода Аллоҳнинг қудратига ишончингдир ҳамда “Барча ҳамд у учун”, деган қавлинг Аллоҳнинг сахий ва ҳикматли зот эканига иймон келтирганингга далолат қилади.

Кимда ким, “Лаа илааҳа иллаллоҳ ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку валаҳул ҳамду ваҳува аъла кулли шайин қодийр”, деса ундаги таваккулнинг асоси бўлган иймон мукаммал бўлади. Мен назарда тутган нарса, бу қавлнинг маъносини инсоннинг қалби лозим тутиши, васф қилиши ҳамда унинг устида ғолиб бўлишидир. Аммо, асос бўлган тавҳид ҳақида сўз жуда ҳам узундир .
Сўнг Ғаззолий илм ҳақидаги сўзда узоқ фикр юритиб таваккулнинг исми бўлган “Ҳол” ни шарҳлашга ўтадилар. “Ҳақиқий таваккул қилиш ҳолдан иборатдир. Илм унинг асоси ва амал эса унинг мевасидир”, дедилар. 
Таваккулнинг чегарасини баён қилишда чуқур кетувчилар кўп шартларни қўйганларидан, уларнинг таъбирлари ҳам турлича бўлди. Уларнинг ҳар бири ўзидан келиб чиққан ҳолда гапирди ва унинг чегараси ҳақида хабар берди. Уни нақл қилишда ва у ҳақида кўп гапиришда фойда йўқ.

Биз эса, ундан ёпинчиқни очамиз ва айтамизки: Таваккул: “Ваколат”дан ҳосил бўлгандир. Мисол учун, унинг барча иши унгадир, дейилса. Уни унга вакил қилибди ва у ишда унга суянибди деган маъно чиқади. Бирор бир ишда амрни унга топширилувчини ҳамда суянилувчини “вакил”деб, номланади. Ваколатни топширувчини унга таваккул қилувчи ва унга ишонувчи деб номланади. Чунки у ишда ваколатни топширувчининг нафси хотиржам бўлди, унга ишонди ва у ишда хатога йўл қўйишлигига шубҳа қилмади ҳамда у ишда уни ожиз ва қодир эмас деб, эътиқод қилмади. Бас таваккул қалбни ёлғиз вакилга суянтиришдан иборатдир .
Шу билан бирга, албатта таваккул – барча иймон ва руҳий ўсиш мақомотларининг боблари каби уч бўлакни ўз ичига олади: маърифий идрокий, виждоний атифий (ҳол ҳақида таъбир қилади) ва иродий сулукий (амал ҳақида таъбир қилади).


Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳнинг
"Таваккул" китобидан Яҳё домла АБДУРАҲМОНОВ таржимаси

Мақолалар