Жиноятлар
(Ҳажда қилиниши тақиқланган амаллар)
Жиноятлар:
а) эҳром талабини бажарилмаганлик;
б) Ҳарами Шариф ҳурматини топташ сабабли содир бўлади.
Тавофни истисно қилган ҳолда, ҳажнинг бутун фарз, вожиб ва суннат амалларини жунуб, ҳайз ва нифосли ҳолда бажариш мумкин.
Жиноятлар
Қурбонлик сўйишни вожиб қиладиган жиноятлар
Ҳаж асносида баданига хушбўйлик суриш, бошига хина қўйиш, зайгун ёғи ёки ҳар хил ёғлар билан сочини ёғлаш, бир кун давомида тикилган либос кийиш, бошини беркитиш, сочнинг тўртдан бир қисмини олдириши, бир ерда икки қўли ва икки оёқнинг тирноқларини олиш, ҳажнинг вожибларидан бирини тарк қилиш.
Фитр садақаси миқдорича садақани вожиб қиладиган жиноятлар
Бир аъзонинг озигина қисмига ҳушбўйлик суриш, бир кундан озроқ муддат тикилган кийим кийиш ёки бошни ёпиш, сочнинг тўртдан бир қисмидан озроғини олдириш, битта бармоқнинг тирноғини олиш, қудум ёки вадо тавофини таҳоратсиз қилиш, видо тавофининг бирини қолдириш ёки шайтонга тош отишда белгиланган етти тошдан бирини отмай қолдириш.
Киши бит, бурга, чигиртка ўлдиргани учун фитр садақасидан кам миқдордага истаган садақасини беради.
Зарарнинг ўрнини қоплаш, қийматини тўлашни лозим қиладиган жиноятлар
Овланадиган ҳайвонни ўлдириш. Ҳайвон ўлдирилган жойида ишонарли икки киши томонидан қиймати баҳоланади. Агар ҳайвон битта қурбонлик қийматига тенг бўлса ё қурбонлик сотиб олиб сўяди ёки қурбонлик қийматида таом олиб, ярим соъдан фақирларга тарқатади. Ёки ярим соъ бериш ўрнига бир кундан рўза тутади. Қарға, калхат, чаён, илон, қутурган ит, тошбақа каби ов ҳайвони бўлмаган ҳайвонларни ва пашша каби барча ҳашоратларни ўлдирганга жазо йўқдир.
Қурбонлик (ҳадй)
Ҳадй Ҳарами Шарифда сўйиб, қурбат ҳосил қилиш учун у ерга инъом қилинган катта ёки кичик бошли қурбонлик ҳайвонидир. Бу туя, сигр ёки қўй бўлиши мумкин. Қурбонлик қилиниши жоиз бўлган ҳайвонлар ҳадй ўлароқ сўйилиши мумкин. Кўр, чўлоқ ва шунга ўхшаш айби бўлмаслиги шартдир. Зиёрат тавофини жунуб бўлиб адо этганлик ва Арафотда вуқуфдан олдин жинсий алоқа қилишдан бошқа барча жиноят учун қўй сўйиши кифоя қилади.
Бу икки жиноят учун эса сигир ёки туя қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Қурбонликни сўйиш вақти
Қирон ва Таматтуъ ҳажлари учун жонлиқ Қурбон ҳайитининг уч куни ичида (ақабада) тош отганидан сўнг сўйилади.
Қурбонлик сўйиладиган жой
Ҳадй жойи Ҳарами Шарифдир ва қурбон кунлари сўймоқчи бўлса, минода сўйиш суннатдир. Бошқа кунларда Маккада сўйиш афзал. Назр қилинган туяни Ҳарами Шарифда сўйиш шарт эмас.
Пайғамбаримизни, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, зиёрат қилиш
Аллоҳ таолонинг инояти билан ҳажни адо этган ҳожи Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шаҳарлари Мадинаи Мунавварага бориб, муборак қабрларини зиёрат қилиши лозим.
Бу зиёрат энг фазилатли мустаҳаб ибодатлардандир. Баъзи китобларда вожиб ҳам дейилган. Бу ерни зиёрат қилиш мўмин учун шараф ва улуғ бахтдир. Бу ерда ҳожининг қалби Набавий нурларга тўлиб тошади. Муҳаммадий баракот унинг ҳар тарафини қамраб олади. Руҳи самоларга юксалиб, қалби гуноҳлардан пок бўлади ва умрининг қолган қисмида Пайғамбаримиз шафоатларидан файз олади. Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шундай деганлар: «Қабримни зиёрат қилган кишига қиёмат куни шафоатим вожиб бўлади».
Шунингдек, бу хусусда Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, яна шундай марҳамат қилганлар: «Вафотимдан сўнг мени зиёрат қилган киши, ҳаётлик давримда зиёрат қилган киши кабидир». Бошқа бир ҳадисда эса: «Ким Байтуллоҳни ҳаж қилиб, мени зиёрат қилмаса, менга жафо қилган бўлади», деганлари ривоят қилинади.
Пайғамбаримизни зиёрат қилиш мақсадида йўлга чиққан ҳожи кўп салавот айтмоғи лозим. Мадина деворларини кўргач, «Аллоҳумма ҳаза ҳарому набиййика, важъалҳу виқоятан лий минан-нар ва аманан минал-азоби ва суил ҳисаби», деб дуо қилади. (Маъноси: Парвардигорим! Мана шу сенинг Расулинг ҳазрат Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳарами, абадий истироҳатгоҳи, бу ерни мен учун дўзах оташидан ҳимоя воситаси қилгин, азоб ва оғир ҳисоб беришдан озод бўлишимга бир сабаб қилгин).
Сўнгра ювиниб, хушбўйлик сепади ва энг гўзал, янги либосларини кияди. Чунки бу ҳурмат ва эҳтиромга энг лойиқ амалдир. Сўнг тавозеъ, виқор билан Мадинага киради ва равзаи муборакни зиёрат қилади. Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, минбарлари билан қабрлари орасида икки ракат намоз ўқийди. Чунки у зот, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, «Қабрим ва минбарим ораси жаннат бошаридан бир боғ, минбарим эса ҳовузимнинг устидадир», деганлар.
Сўнгра бундай шарафга муваффақ қилгани учун Аллоҳ таолога шуқр саждаси қилади ва хоҳлаган дуосини ўқийди. Бундан сўнг ўрнидан туриб, Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, қабрларига юзланади ва қабрнинг бош тарафида қиблага қараб, намозга тургандек, қад ростлайди ва: «Эй Расулуллоҳ, сизга Аллоҳнинг саломи, марҳамати ва баракоти бўлсин! Ассалому алайка, ё Расулуллоҳ! Ассалому алайка, ё хайри халқуллоҳ! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига иқрорман ва Аллоҳнинг шериги йўқдир. Сиз Унинг бандаси, расули ва амини эканлигингизга иқрорман. Гувоҳлик бераманки, сиз рисолат (Пайғамбарлик вазифалари)ни батамом етказдингиз ва омонатни эгаларига тошпирдингиз. Умматингазга насиҳат қилиб, уларга тўғри йўлни кўрсатдингиз, куфр ва жаҳолатни йўқ қилдингиз. Биз туфайли Аллоҳ Сизга бошқа умматлари туфайли пайғамбарларга берган мукофотлардан ҳам зиёда ажр мукофотлар берсин», дейди.
Сўнгра Аллоҳдан эҳтиёжларини сўрайди. Чунки бу ер дуолар ижобат бўладиган, яхши талаблар раво кўриладиган хайрли мақомдир. Ҳажни адо этиб, Пайғамбаримизни, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, зиёрат қилган киши қалби пок, янги туғилгандек барча гуноҳлардан фориғ бўлган ҳолда ватанига қайтади. Аллоҳ таоло бизларни ҳам Байтуллоҳни ҳаж қилишга ва Расулуллоҳнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, равза ва қабрларни зиёрат қилишга муваффақ айласин. Шубҳасиз, Аллоҳ мўминларнинг дуоларини ижобат қилгувчи Зотдир. Омин.
Такрорлаш учун саволлар
Қурбонлик ва назр
Маълумки, Иброҳим, алайҳиссалом, ўзларидан сўнг адашганларни тўғри йўлга чақириш вазифасини бўйнига оладиган ўғил фарзанд ато қилишини Аллоҳдан ёлвориб сўрардилар. Шу боис ўғил кўрсалар, ўзи севган, энг қимматли нарсани Аллоҳ йўлида қурбон келтиришни назр қилган эдилар. Интизор кутилган йиллар сўнгида Исмоил, алайҳиссалом, дунёга келдилар ва орадан кўп ўтмай, оталарининг Аллоҳдан кейин энг севикли ва қийматли кишисига айланди. Бу хурсандчилик кунларида Иброҳим, алайҳиссалом, ваъдаларининг устидан чиқиш учун жуда кўп қўй ва туяларни қурбон қилсалар ҳам, тушларида ҳар сафар ушбу нидони эшитиб уйғонардилар:
– Эй Иброҳим, сўзингнинг устидан чиқмаяпсан, энг суюкли нарсангни қурбон қилишинг керак эди.
Шунда у зот фарзандлари Исмоилни, алайҳиссалом, қурбон қилиши кераклигини фаҳмладилар. Ҳазрат Исмоил, алайҳиссалом, ҳам масаланинг моҳиятини яхши англадилар, рози бўлдилар.
Иброҳим, алайҳиссалом, ўғлини олиб, ҳам қайғули, ҳам Аллоҳнинг амрига таслимият билан ўғилларини қурбонлик қилиш учун Минога бордилар. Ҳазрат Исмоил, алайҳиссалом, ҳам дадасига, ҳам Роббига итоаткор эди. Ҳеч қандай тўсқинлик қилмай, осуда кўнгил билан, оталарининг жасоратини оширувчи сўзлар айтиб, йўлга чиқдилар. Ҳазрат Иброҳим, алайҳиссалом, эндигина пичоқни ўғлининг бўғзига тираган чоқда, фаришталар султони Жаброил, алайҳиссалом, бир қўчқорни кўтариб ерга тушдилар. Аллоҳнинг буйруғи бажарилди. Амрдан мурод Исмоилни, алайҳиссалом, бўғизлаш эмас, балки Аллоҳга итоаткор банда эканини синаш-кўрсатиш эди.
Иброҳимнинг, алайҳиссалом, бу қаҳрамонлигини доимо ёдда тутиш ва нафс зиқналигини қалбдан ўчириб, Аллоҳ учун энг қимматли дунё молидан воз кеча олишлари учун мўминларга, қурбонлик қилиш буюрилган. Қурбонлик қилган мўъминнинг оиласига бир зиёфат каби Аллоҳнинг лутфи эҳсони ёғилади. Қурбонлик ибодатнинг болаларни жуда кичик ёшдан динсевар руҳда тарбия қилиш, фақир хонадонларга гўшт улашиб, уларни хурсанд қилиш, мусулмонлар орасида ўзаро ёрдам руҳи кучайиши каби ижтимоий фойдалари ҳам бор.
Қурбонликка оид ҳукмлар
Қурбонлик қилиш Имоми Аъзам ва Имом Муҳаммадга кўра, вожиб, Имом Абу Юсуфга кўра, суннатдир.
Муқим, ҳожати аслиядан ортиқча молларининг қиймати закот нисобига етган кипш ўз ҳисобидан қурбонлик сўяди. Хотини, бола-чақаси учун қурбонлик қилишга мажбур эмас. Уларнинг мулклари бўлса, ўзлари алоҳида қурбонлик қиладилар. Бироқ бой ота балоғатга етмаган фарзандлари номидан қурбонлик қилиши керак деган олимлар ҳам бор.
Қурбонлик учун қўй, сигир, туя каби ҳайвонлар сўйилиши мумкин. Етти киши биргалиқда катта бош ҳайвон сўйишлари ҳам мумкин. Уларнинг бари мусулмон ва бой, қурбонлик қилиш ниятида бир жойга тўпланган бўлишлари керак. Улардан бири кофир ёки уйига гўшт олиб бориш учун шериклик қилган бўлса, бу етти кишининг қурбонлиги жоиз эмас. Бу етти киши тенг шерик бўлишлари шарт. Ораларидан ҳатто бир кишининг ҳиссаси еттидан бир улушдан кам бўлса, қурбонлик жоиз эмас. Икки ёки уч киши шерикликда қурбонлик қилишлари ҳам мумкин.
Қурбон ҳайитининг биринчи куни ҳайит намозидан сўнг ҳайитнинг учинчи куни шомгача қурбонлик қилиш мумкин. Кишига қурбонлик қилиш вожиб ё вожиб эмаслиги унинг айни ўша пайтдаги аҳволига кўра маълум бўлади. Масалан, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботай деганда бой бўлиб, қурбонлик қилишга қодир киши дарров қурбонлик қилиниши лозим. Худди шу пайтда мол-мулкидан ажралиб қолган киши, ҳайитнинг илк кунларида бу ишга қодир бўлган бўлса ҳам, унга жонлиқ сўйиш вожиб эмас. Белгиланган муддатда қурбонлик қилолмасдан, вақтини ўтказиб юборган киши қурбонлик ҳайвони ё унинг қийматини камбағал кимсага садақа қилиб, қарзидан қутулади.
Олти ойлик қўзи, беш яшар туя, икки йиллик мол (сигир), туғилишда шохсиз бўлган катта-кичик ҳайвонларни қурбонлик қилиш мумкин. Бир ёки икки кўзи кўр, тик туролмайдиган даражада кучсиз, сўйиладиган жойгача юриб боролмайдиган даражада нимжон ҳайвонлар қурбонлик қилинмайди. Чунки Аллоҳ таоло ояти каримада: "Молингизнинг сизларга энг қимматлигидан Аллоҳ учун фидо қилмагуингизча, эҳсон қилгувчилардан бўла олмайсиз" (мазмуни) деб амр этган.
Қурбонлик гўштининг бир қисмини ўзи оиласи билан еса, учдан бир қисмидан кам бўлмаганини камбағалларга, бир қисми эса бой қўшниларга ҳам тарқатилади. Оилада кўпчилик бўлса, қўшниларга тарқатмай, гўштни тўлиқ уй ичида ишлатиши ҳам мумкин. Қурбонлик сўювчи ҳайвон терисини вақф муассасаларига бериши мумкин ёки ўз эҳтиёжи учун ишлатиши мумкин.
Жонлиқни эгаси сўйиши жуда фазилатлидир, буни эплай олмаса, ўрнига вакил қўяди. Фақат мусулмон бўлмаган кишига сўйдирмайди. Қурбонликни "Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар (Улуғ Аллоҳ номи билан)" деб Аллоҳнинг исмини зикр қилиб сўяди.
«Шу мақсадим амалга ошса, шу хил ҳайвонни қурбонлик қиламан», деб ваъда қилиш назр дейилади. Берилган сўз, ваъдани бажариш вожибдир. Назр ё «шу ишим ҳал бўлса, фалон пайт шу хил жонлиқ сўяман» каби маълум бир пайти аниқ ёки «шу ишим амалга ошса, шунақа жонлиқ сўяман» каби пайти ноаниқ бўлиши мумкии.
Вақти маълум назрнинг вақти келса, бажарилиши керак. Вақти номаълум бўлган назрлар сабаб бўлган ишлар амалга ошганда қилиниши керак. Назр қилинадиган ҳайвон қурбонликка жоиз бўлган ҳайвонлардан бўлиши лозим. Бунга кўра, ногирон ҳайвон ва товуқ, хўроз каби қурбонлик қилинмайдиган ҳайвонлар назр қилинмайди. Назр қилинган гўштдан назр қилувчи ҳам, оила аъзолари ҳам емаслиги керак. Закот бериш жоиз бўлмаган кишиларга (яқин қариндошлар: ота-она, фарзанд) бериши мумкин. Гўштидан албатта камбағалларга тарқатиш керак.
Китоб Аллоҳнинг изни билан битди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом тарихидаги энг улуғ, маънавий жиҳатдан энг ибратли кунлардан бири Ашуро куннидир. Ҳар йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни нишонланадиган бу сана нафақат рўза тутиш фазилати билан, балки Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган марҳамати, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини нажот этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунга алоҳида эътибор берганлар ва умматларини ҳам унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга чорлаганлар. Ашуро куни мусулмонлар учун маънавий покланиш, гуноҳларга каффорат ва суннатни ҳаётга татбиқ этиш имконидир.
Бу кун мусулмонлар учун рўза тутиш тавсия этилган кунлардан бири бўлиб, уламоларнинг кўпчилиги бу кунни рўза билан ўтказишни мустаҳаб деб ҳисоблайди. Ашуро куни рўза тутиш суннат амаллардан бири бўлиб, унинг фазилати жуда катта. Тасуъо (тўққизинчи) ва Ашуро (ўнинчи) кунларида рўза тутиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлардандир. Бу Аллоҳнинг кунларидан бири бўлиб, У Зот ўз бандаларига марҳамат кўрсатган, яъни У зот Калимуллоҳ Мусо алайҳиссалом ва Унинг қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинининг зулмидан нажот этган кундир.
Ашуро кунини рўза билан ўтказишнинг асосий сабаби бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот этганидир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини жуда аҳамиятли деб билар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор кунни бошқалардан афзал деб рўза тутишга уринганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун — Ашуро куни ва ушбу ой — Рамазон ойидан ташқари” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Ашуро куни рўза тутишга рағбатлантирар ва: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).
Мусулмонлар бу суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг амалиётга тадбиқ эта бошладилар. У киши яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўраганларида, улар: “Бу яхши кун бўлиб, Аллоҳ ушбу кунда Бани Исроилни душманларидан нажот этган, шунинг учун Мусо алайҳиссалом ушбу кунни рўза билан ўтказган”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра яқинроқман”, деб, ўша куни рўза тутдилар ва бошқаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.
Шу кундан бошлаб бу амал суннат сифатида амалга оширила бошланди ва мусулмонлар учун ўтган йилнинг гуноҳларидан покланиш, катта савоб ва фазилатга эришиш имкони сифатида қаралади.
Ашуро куни бу барча мусулмонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу кунда рўза тутишга ва ибодат қилишга интилади.
Кўпчилик Ашуро кунини ягона ҳолда рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Аммо Азҳар муассасаси ўз фатволаридан бирида бу фикрни рад этган. Унда таъкидланганидек, жума ёки шанба куни Ашуро кунига тўғри келса ҳам, уни алоҳида ҳолда рўза тутиш ман қилинган эмас.
Азҳар уламоларининг таъкидлашларича, имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасига изн берганлар ва унга тарғиб қилганлар. Лекин бу кун шанбага тўғри келса, тутманглар, демаганлар. Бунинг ўзиёқ, Ашуро ҳар қандай кунга тўғри келса ҳам рўза тутиш мумкинлигини кўрсатади”.
Шунингдек, агар Ашуро ёки Арафа куни жума ёки шанба кунига тўғри келса ёки инсоннинг одатдаги рўзали куни бўлса, бу ҳолда рўза тутишда ҳеч қандай монеълик йўқ.
Дорул-Ифто (Миср Фатво ҳайъатининг 2023 йил 26 июльдаги 7756 рақамли Профессор Доктор Шавқий Иброҳим Аллом фатвосида) ҳам Ашуро кунини яъни муҳаррамнинг 10-кунини ягона ҳолда рўза тутиш жоизлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ихтилофдан қочиш мақсадида, у билан бирга бир кун аввал 9-кун ёки бир кун кейин 11-кун рўза тутиш тавсия этилди.
Миср Дорул-Ифто муассасаси таъкидлашича, муҳаррамнинг 9-кунини рўза тутиш қатъий суннатдир. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганларида, Пайғамбаримизга яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашларини айтишган. Шунда у зот: “Келгуси йили, агар Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман”, деганлар. Ибн Аббос айтадилар: келгуси йил келмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим ўз “Саҳиҳларида” келтирганлар.
Суннатда Ашуро куни рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида бир қатор ривоятлар келтирилган. Унга кўра, муҳаррам ойида рўза тутиш тавсия этилган амаллардан саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқиладиган (таҳажжуд) намоздир”.
Ашуро кунининг фазилати шундаки, бу кун тутиладиган рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
— Арафа куни рўзаси ҳақида нима дейсиз?
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар.
— Ашуро куни рўзаси ҳақида нима дейсиз? деб сўрадилар.
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар.
Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон кунни бошқалардан кўра афзал деб рўза тутишга шунчалик интиқлик билан интиқлик қилганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун Ашуро куни ва ушбу ой Рамазон ойи бундан мустасно”.
Уламоларимиз Ашуро кунида аҳли оилага кўпроқ сарф қилиш, яъни уларни қувончли қилиш, ризқда кенглик қилишнинг тавсия этилган амаллардан эканини таъкидлайдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланади:
“Кимки Ашуро кунида ўз аҳлига (оила аъзоларига) кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга бутун йили кенглик беради”.
Хулоса ўрнида шуни эслаш жоизки, Ашуро куни бу бир кунлик рўза орқали бутун бир йиллик гуноҳлардан покланиш умиди берилган, Аллоҳнинг махсус марҳамати тўкилган муқаддас кундир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бири бўлган ушбу рўзани тутмоқ, уни 9-куни ёки 11-кун билан бирга адо этмоқ мусулмон киши учун катта ажру савоб манбаидир.
Шунингдек, бу кунда аҳли оилага шодлик улашиш, ризқда кенглик қилиш ҳам суннатга уйғун амаллардан ҳисобланади. Демак, Ашуро куни ибодат, муҳаббат ва маънавий янгиланиш кунидир. Ундан оқилона фойдаланган киши на дунёда, на охиратда зиён кўрмайди.
Дилшод Алиев,
"Болои Ҳовуз" масжиди имоми.