Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Ноябр, 2025   |   30 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:55
Қуёш
07:18
Пешин
12:14
Аср
15:18
Шом
17:03
Хуфтон
18:20
Bismillah
21 Ноябр, 2025, 30 Жумадул аввал, 1447

2. БАҚАРА СУРАСИ, 196 ОЯТ

13.11.2020   7282   3 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 196 ОЯТ

وَأَتِمُّواْ ٱلۡحَجَّ وَٱلۡعُمۡرَةَ لِلَّهِۚ فَإِنۡ أُحۡصِرۡتُمۡ فَمَا ٱسۡتَيۡسَرَ مِنَ ٱلۡهَدۡيِۖ وَلَا تَحۡلِقُواْ رُءُوسَكُمۡ حَتَّىٰ يَبۡلُغَ ٱلۡهَدۡيُ مَحِلَّهُۥۚ فَمَن كَانَ مِنكُم مَّرِيضًا أَوۡ بِهِۦٓ أَذٗى مِّن رَّأۡسِهِۦ فَفِدۡيَةٞ مِّن صِيَامٍ أَوۡ صَدَقَةٍ أَوۡ نُسُكٖۚ فَإِذَآ أَمِنتُمۡ فَمَن تَمَتَّعَ بِٱلۡعُمۡرَةِ إِلَى ٱلۡحَجِّ فَمَا ٱسۡتَيۡسَرَ مِنَ ٱلۡهَدۡيِۚ فَمَن لَّمۡ يَجِدۡ فَصِيَامُ ثَلَٰثَةِ أَيَّامٖ فِي ٱلۡحَجِّ وَسَبۡعَةٍ إِذَا رَجَعۡتُمۡۗ تِلۡكَ عَشَرَةٞ كَامِلَةٞۗ ذَٰلِكَ لِمَن لَّمۡ يَكُنۡ أَهۡلُهُۥ حَاضِرِي ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡحَرَامِۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ شَدِيدُ ٱلۡعِقَابِ١٩٦

196. Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тўкис қилинглар. Агар тўсилсангиз, қодир бўлганингизча қурбонлик қилинглар. Жонлиқ жойига етиб бормагунича бошларингизни қирманглар. Агар сизлардан кимдир касал ёки бошида бирон азият бўлса, у ҳолда ё рўза тутиш ё садақа бериш ёки қурбонлик қилиш билан фидя берсин. Хотиржамлик бўлганида ким умра билан ҳажни бирга адо этолса, муяссар бўлганича ҳадясини берсин. Ким топа олмаса, ҳажда уч кун, қайтганидан кейин етти кун, тугал ўн кун рўза тутсин. Бу аҳли-оиласи Масжидул-Ҳаромда турмаганлар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.

Ҳаж ва умра ибодати халқ кўриши ёки ҳожи номини олиш учун эмас, Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилинади. Агар бир киши ҳаж ё умра учун эҳромга кирганидан сўнг бирор душман сабабидан ё хасталаниб қолиб Маккага етолмай қолиб кетса, у ўзи қодир бўлган бир жонлиқни Масжидул-Ҳаромга бирор киши орқали юбориб, унга бу жонлиқни фалон куни Макка Ҳаромида сўйишни тайинлайди. Жониворнинг Маккага элтиб сўйилгани аниқ маълум бўлса, шундан кейин сочини олдириб, эҳромдан чиқади. Бундан олдин ҳаргиз сочини олдирмайди, бу сўйиш эҳсон сўйиши бўлади. Масалан, эҳром ҳолатида бир киши хаста бўлса, бошида оғриқ ёки яра бўлса, у зарурат юзасидан сочини олдираверади, лекин фидя (тўлов) беради. Демак, бу оятда Аллоҳ таоло касал, бошида бит, қўтир ёки қичима бўлган кишига зарарли моддалардан фориғ бўлиш учун эҳромдалигидаёқ сочини олдиришни мубоҳ қилди. У сочини олдирганида соч тагидаги зарарли нарсалардан қутулади. Бу нарса табобатда "истифроғ", яъни фориғ бўлиш, дейилади. Абдуллоҳ ибн Маъқил розияллоҳу анҳу бундай дейди: "Мен Куфа масжидида Каъб ибн Ужра ҳузурида ўтириб, қурбонлик фидяси ҳақида сўрадим. Каъб бундай деди: "Мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир юмуш билан боргандим. Шунда бошимдаги битлар юзимга тўкилиб тушди. Буни кўрган ҳазрати Расулуллоҳ: "Битлар сенга бунчалик азоб бераётганини билмаган эканман, бир қўй топа оласанми?" дедилар. Мен: "Йўқ", дедим. "Ундай бўлса, сочингни олдир-да, кейин уч кун рўза тут ёки олти мискинни тўйдир, ҳар бир мискинга ярим соъдан таом бер", дедилар. Юқоридаги оят мен ҳақимда нозил бўлган эса-да, барчангизга тааллуқлидир" (Бухорий ривояти).

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар

Хузайма ибн Собит – икки гувоҳлик соҳиби

19.11.2025   1972   4 min.
Хузайма ибн Собит – икки гувоҳлик соҳиби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Саҳобалар ҳаёти

Хузайма ибн Собит Ямон Содиқ ибн Зайд ибн Ҳорун ибн Амр ибн Каъб. Авс қабиласига мансуб. Унинг отаси Собит ибн Зайд бўлиб, у ҳам Исломни қабул қилган ва саҳобалардан бири сифатида эътироф этилган. Ҳузайма Маккада туғилган ва Исломнинг илк даври мусулмон бўлган.

Хузайма розияллоҳу анҳу Бадр, Уҳуд, Хандақ жанглари ва Макка фатҳида иштирок этган.

Икки ишончли тўпламда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хузайма розияллоҳу анҳуга мадиналик мунофиқлар ҳақида маълумот берганлар. Бу унинг Пайғамбар алайҳиссаломга яқинлиги ва ишончлилигини кўрсатади. Хузайма розияллоҳу анҳунинг мунофиқларни номма-ном билиши ҳақида ривоятлар бор.

Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида (634-644) Хузайма ибн Собит Форс ва Шомга қилинган юришларда иштирок этган. Ироқнинг Мадоин шаҳрига волий (ҳоким) этиб тайинланган ва адолатли ва садоқатли раҳбар сифатида танилган. Ибн Саъднинг “Табақот ал-кубро” асарида у зотни бошқаруви ва одамлар билан муомаласидаги адолати ҳақида маълумотлар келтирилган.

Унинг фазилатларидан яна бири Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида Мусҳафи шарифни жамлаш жараёнида намоён бўлди: Хузайма ибн Собитнинг лақаби “Зушшаҳодатайн” (икки гувоҳлик соҳиби) бўлган. Унга бу лақабни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берганлар. Бунинг сабаби ва мусулмонлар учун улкан ҳикмати мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бозорга чиқиб, бир аъробийдан от сотиб олдилар. Савдо чоғида келишилган маблағ ёнларида йўқлиги учун у билан келишиб, отни бир жойга боғлаб, маблағни олиб келиш учун уйларига кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кетаётганларида эдилар, аъробийнинг олдига бир одам келиб, отни сотасанми, деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўпроқ (ақча – маблағ) беришини айтди. Аъробий эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Отни сотиб оласанми, ё бошқасига сотаверайми?”, деб айтди. Ваҳоланки, савдо пишиб бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларига қайтдилар ва: “Ахир отни сендан сотиб олмаганмидим?!” дедилар.                

Аъробий эса: “Аллоҳга қасамки, отни сенга сотмаганман”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Йўқ, мен отингни сотиб олганман”, дедилар. Аъробий энди ғирромликка ўтди. “Гувоҳинг борми?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам савдо қилганларида биронта гувоҳ йўқ эди. Шу жойда Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳу аъробийнинг гапини эшитиб қолди.  “Мен сенинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан келишиб, савдо қилганингга шоҳидман”, деди . Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, “Нима учун гувоҳлик беряпсан?”, дедилар. У киши эса: “Ё Расулуллоҳ! Сиз келтирган шунча нарсани тасдиқламану, шу арзимаган нарсага сизни инкор қилайми”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хузайма розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодидан шодландилар. Жуда ҳам хурсанд бўлдилар ва: “Кимга Хузайма гувоҳлик берса, унинг гувоҳлиги етарли бўлади”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги сўзлари билан Хузайманинг бир ўзининг гувоҳлиги икки киши учун кифоя қиладиган бўлди. Ўша вақтдан бошлаб, бу кишининг кунялари “Зушшаҳодатайн” бўлди.    

Хузайма ибн Собит 657 йили Наҳравон жангида шаҳид бўлган. Бу жанг халифа Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ва хаворижлар ўртасида бўлиб ўтган. Ибн Асирнинг “Ал-Комил фи-т-тарих” (3/256) ва Табарийнинг “Тарих ат-Табарий” (5/123) асарида Хузайма розияллоҳу анҳунинг бу жангда Али ибн Толиб розияллоҳу анҳу томонида туриб жанг қилгани айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салавоту саломларимиз бўлсин! Аллоҳ таоло барчаларимизга саҳобаларнинг иймон, ихлос, эътиқод ва тақволаридан ўрнак олишимизни насиб этсин!

Манбалар асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ
 тайёрлади.